Logo

Барча мактаб дарсликлари 2031-йилгача янги алифбога ўтказилади — вазир ўринбосари

Бугун 12:512 дақиқа

Вазирлик мулозими Азизбек Турдиев ҳар янги ўқув йили бошланишидан олдин мактаб ва боғчаларда ўқув семинарлари ўтказилиши, ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам бу янгиликдан хабардор бўлиши, унга мослашишини айтди. Унинг урғулашича, қонун кучга киргандан сўнг имтиҳонлар қонун билан белгиланган алифбода ўтказилади. Бу борада ҳеч қандай савол бўлмайди, вазирлик бунга тайёр. Вазир ўринбосари бу жараён учун қўшимча маблағ талаб этилмаслигини таъкидлади.

Барча мактаб дарсликлари 2031-йилгача янги алифбога ўтказилади — вазир ўринбосари

Ўзбекистонда мактаб дарсликларини 2027−2031-йилларда янгиланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев Сенатнинг 19-сентябрдаги мажлисида айтди.

Сенатор Дилбар Сувонова алифбо ўзгариши муносабати билан дарсликлар, ўқув қўлланмалари, дастурлар ва адабиётларни қайта ишлаш муддатлари белгиланганми-йўқми ҳамда бунга қўшимча маблағлар назарда тутилганми, деб қизиқди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши кўзда тутиляпти. Ижро ҳокимияти органлари ва Фанлар академияси ўз таклифларини, жумладан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — дарсликларни янгилаш ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларни тайёрлаш бўйича таклифларини берган.

Мулозим дарсликлар ҳозир ҳам белгиланган даврийлик билан янгиланиб борилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, 1-синфлар учун дарсликлар— ҳар йили, 2−4-синфлар учун — уч йилда бир марта, 5−11-синфлар учун — беш йилда бир марта янгиланади.

«2027-йилдан бошлаб, қонун кучга киргандан кейин, биз биринчи синф дарсликларини янги алифбода чоп этамиз ва 2031-йилга қадар барча дарсликларимиз тўлиқ янгиланади», — деди у.

Вазирлик, шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчиларни мослаштириш бўйича чора-тадбирларни тайёрламоқда. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, янги ўқув йили бошланишидан олдин, 24−28-август кунлари мактабгача ва мактаб таълими тизимида ўқув семинарларини ўтказиш режалаштирилган. Турдиевнинг урғулашича, ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам бу янгиликдан хабардор бўлади, унга мослашади.

Мажлисда ислоҳотдан сўнг имтиҳонлар қайси алифбода ўтказилиши масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

«Қонун кучга киргандан сўнг имтиҳонлар қонун билан белгиланган алифбода ўтказилади. Бу борада ҳеч қандай савол бўлмайди. Биз бунга тайёрмиз», — деди вазир ўринбосари.

У бошланғич мактабда янгиланган алифбо бўйича таълим янги дарсликлардан бошланишини, юқори синфлар учун қўлланмаларни эса босқичма-босқич ўзгартириш назарда тутилаётганини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид