add

Бебаҳо «Chevrolet Cobalt»: «халқона автомобил»нинг нарх эврилиши

Бугун 12:2510446 дақиқа

«Cobalt» охирги йилларда Ўзбекистонда энг кўп ишлаб чиқарилаётган «халқона машина» мақомида: оилавий авто, такси, автокредит — барчасида у етакчи модел. Унинг нархи сўнгги 6 йилда қандай ўзгарган ва бу ўзгаришларга нималар таъсир қилган?

Бебаҳо «Chevrolet Cobalt»: «халқона автомобил»нинг нарх эврилиши

Ўзбекистонда 2012 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган «Chevrolet Cobalt» автомобили орадан 13 йил ўтса-да, ўзининг харидоргирлигини йўқотмасдан келмоқда.

Халқ меҳрини қозонишига сабаб — унинг ишончлилиги, хавфсизлиги, камхаржлиги, чидамлилиги ва энг асосийси нисбатан арзонлигидир.

2024 йил якунларига кўра Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сони қарийб 400 мингтани ташкил этган бўлса, уларнинг 165 мингтаси ёки 41 фоизи «Cobalt» автомобили бўлган.

Гарчи «Cobalt» Ўзбекистонда энг кўп ишлаб чиқарилаётган енгил автомобил ҳисобланса-да, унга доим харидорлар навбатда туришган. «Cobalt» сотуви доимо шов-шувлар билан юз беради, коррупцион ҳолатлар ва чайқовчиликлар ортидан турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган.

Сўнгги онлайн савдоларда сотувга чиқарилган 100 мингта «Cobalt»дан қарийб 80 фоизига пул тўланмагани ҳам фикримизни исботлайди. Одамлар шу автомобилни сотиб олишни истайди, лекин уларда пул йўқ. Ёки, пули бўлмаса ҳам шартномаларини банд қилиб, уни кимгадир пуллаш орқасидан даромад қилишни истайди.

Айни пайтда «Cobalt»ни UzAuto Motorsʼнинг мобил иловаси орқали сотиб олиш имконсиз. Уни фақат дилерлик марказларидан тўғридан тўғри шартнома орқали харид қилиш мумкин.

Келинг, «Cobalt» нархи сўнгги 6 йил ичида қандай ўзгарганини ўрганиб чиқамиз.

 

2019–2020: «Арзон Cobalt» даврининг тугаши

2019 йилга келиб «Cobalt» ҳали ҳам нисбатан арзон сегментдаги седан ҳисобланарди. «Cobalt» LT ва LTZ’нинг эски нархлари қуйидагича кўрсатилган:

  • Cobalt LT — 87 060 777 сўм;

  • Cobalt LTZ A/T — 100 777 630 сўм;

«Cobalt» LT (механик узатмалар қутисига эга) нархи 10 фоизга, LTZ A/T (автомат узатмалар қутили) эса 14 фоизга оширилган. Демак, 2020 йил бошиданоқ LT — тахминан 95,8 млн сўм, LTZ — тахминан 114,9 млн сўм даражасига чиққан.

Бу шуни англатадики: «80–90 миллионлик Cobalt» даври тугаб, 100 миллион+ босқич бошланган.

Бунга асосий сабаблар:

  • сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши;

  • импорт бутловчи қисмларининг қимматлаши;

  • UzAuto Motors’нинг янги нарх сиёсати бўлган.

 

2022: Optima пайдо бўлиши ва 120+ млн сўмлик босқич

Пандемиядан кейинги тикланиш даврида, 2022 йил «Cobalt»нинг янги позициялари қуйидагича эълон қилинган:

  • GX/14ATB — 124 295 000 сўм;

  • GX-OPTIMA AT — 127 145 000 сўм.

Бу вақтга келиб автомат узатмалар қутисига қутиларига эга «Cobalt»лар 125–127 млн сўм оралиғида шаклланган.

Кузатилган тенденцияларга кўра, автомашина нархлари босқичма-босқич ва барқарор ўса бошлади. Optima каби комплектациялар пайдо бўлиши модел энди фақат «арзон седан» эмаслигини кўрсатди.

 

2023: GS/GX тизими ва 120–140 млн сўмлик Cobalt

2023 йилда GM Uzbekistan комплектацияларни GS ва GX каби янги номларда тақдим қила бошлади.

  • GS-Style MT — 119 542 000 сўм;

  • GX-Style AT Plus — 141 181 000 сўм

«Cobalt» бу даврга келиб «100 млнлик авто»дан «140 млн сўмлик авто»га айланган.

Айнан 2023 йилда «Chevrolet Cobalt» янгиланган дизайнда ишлаб чиқарилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳаттоки янги «Cobalt»нинг Бразилияда ишлаб чиқарилган намуналари Тошкент кўчаларида ҳайдаб кўрсатилди. Бироқ, шу билан бу масала унутилди. Кобаль ҳамон 13 йил аввалги. ташқи кўринишга эга бўлиб турибди.

cobalt new1

cobalt new2

2024: икки марта нарх ўзгариши ва 150 млн+ босқич

2024 йил «Cobalt» нархи учун бурилиш нуқтаси бўлди.

Март – кескин қимматлашув:

  • GS-Style Plus MT — 124 264 000 → 133 598 000 сўм;

  • GX-Style Plus AT — 146 757 000 → 156 589 000 сўм

Июн–июл ойларида савдо тикланиши:

  • GX-Optima AT Plus — 146,5 млн сўм;

  • GX-Style AT Plus — 147,9 млн сўм

Август – бозордаги реал диапазон:

  • GS MT — 125,2 млн сўм;

  • GX Optima AT Plus — 146,5 млн сўм

  • GX-Style AT Plus — 147,9 млн сўм

2024 йил охирига келиб:

  • Механик узатмалар қутилиги — 125–135 млн,

  • автомат узатмалар қутилиги — 147–157 млн сўмни ташкил эта бошлади.

Бу 2019 йил билан солиштирганда 50–70 фоиз ўсишни англатади.

 

2025: Style MCM ва Midnight — имиж ва янги босқич

2025 йилда UzAuto Motors «Cobalt»ни модернизация қилган ҳолда қуйидаги моделларни қуйидаги нархларда сотувга чиқарган:

  • Cobalt Style AT Plus — 147 916 000 сўм;

  • Cobalt Midnight AT — 155 231 000 сўм;

  • Cobalt Style MCM — 156 100 000 сўм;

  • Cobalt Midnight MCM — 165 200 000 сўм

Автомобил блогерлари ва таҳлилчиларга кўра,  версиялар ташқи кўриниш ва салон материаллари бўйича сезиларли ўзгаришга эга.

Шу билан «Cobalt» 2025 йилга келиб, 147–165 млн сўмлик сегментга кўтарилган, «бюджет авто»дан бир қадар имижли моделга айланган.

cobalt midnight

Cobalt Midnight AT

Янги функциялар ва янгиланишлар

2025 йилги «Chevrolet Cobalt»нинг янгиланган модели интерйерда ҳам, техник қисмда ҳам жузъий янгиланиш ва яхшиланишларга эга бўлди. 

Мултимедиа тизими: Янги 7 дюймли MyLink сенсор тизими ўрнатилди. У Apple CarPlay ва Android Auto тизимларини қўллай олади.

Комфорт: Олд ўриндиқлар иситилиши ва круиз-назорат қўшилди.

Интерйер: «Tracker 1» стилидаги прибор панели (аналог датчиклар ва оқ-қора LED дисплей) ҳамда бошқарув тугмаларига эга кўпфункциялари рул чамбараги билан жиҳозланди.

Двигател: Модернизация қилинган 1,5-литрли B15D2 двигатели иккита фаза айлантирувчига эга бўлди (BMWʼдаги VANOS nизими каби), бу эса кичик айланмаларда айлантирувчи мооментни кучайтиради, тезлашув динамикасини яхшилайди ва ёнилғи сарфини камайтиради. Двигател ҳамон газ-баллон ускуналари ўрнатишга мослаштирилган.

Хавфсизлик: ABS тизими, хавфсизлик ёстиқчалари ва қўриқлаш функцияларини бошқариш блоки янгиланган.

Нархлар таҳлили: 6 йилда қандай ўзгарди?

Йил

Механика

Автомат

2019

~87 млн

~100,7 млн

2020

~95–96 млн

~115 млн

2022

124–127 млн

2023

119 млн

134–141 млн

2024

125–135 млн

147–157 млн

2025

156–165 млн

2019–2025 йилларда «Chevrolet Cobalt» нархи 87 млн сўмдан 165 млн сўмгача кўтарилган. Бу 80 фоиздан ортиқ реал ўсиш демакдир.

 

Нарх ўсишига таъсир этган асосий омиллар

1. Инфляция ва сўм курси. Ушбу йилларда инфляция 10 фоиз атрофида бўлди, доллар эса қимматлашиб борди. Бутловчи қисмларнинг катта қисми импорт бўлгани учун нархлар мос равишда ошиб борди.

2. Жаҳон бозоридаги хомашё нархлари. Металл, логистика ва электрон таркибий қисмлар нархи пандемиядан кейин кескин кўтарилди. Вазият шу даражага етдики, бир муддат «Cobalt»лар автомагнитоласиз ҳам ишлаб чиқарила бошлади.

3. Бозор талаби. «Cobalt»га талаб ҳар доим юқори бўлган. Бунга сабаб — таксопаркларнинг асосий машина эканлиги, жуда кўпр оилалар харид қилаётган, кредит орқали сотиб олиш сегментида ҳам авто етакчи ролларда эканлиги. Бинобарин, юқори талаб нархни пастга туширмайди, аксинча, кўтаришига хизмат қилади.

4. Янги комплектациялар ва позициялаш

GS, GX, Optima, Style, MCM — булар функционал имкониятлар ва нарх сиёсатини босқичма-босқич юқорилашини таъминлади. «Chevrolet Cobalt» 6 йил ичида конструкцияси, комплектацияси, бозордаги ўрни ва энг муҳими нархи жиддий ўзгаришлардан ўтди.

 

«Chevrolet Cobalt» тарихи

«Chevrolet Cobalt»нинг тарихи 2000-йилларнинг ўртасида АҚШда бошланган. Модел илк бор 2004 йилда намойиш этилган ва 2005 йилдан бошлаб GM’нинг Delta платформасида ишлаб чиқарилган. У ўша вақтда «Chevrolet Cavalier» ўрнини эгаллаб, иқтисодий, ишончли ва қулай седан сифатида танилган. Америка бозори учун купе ва седан турларида тақдим этилган биринчи авлод Cobalt тез орада ёшлар ва оилавий сегмент орасида оммалашди.

2010 йилда АҚШда «Cobalt» ишлаб чиқарилиши тугатилиб, уни Cruze алмаштирди. Бироқ моделнинг ҳаёти бошқа бозорларда давом этди: 2011 йилда янги, халқаро версия ишлаб чиқилиб, Бразилия ва МДҲ мамлакатларида сотила бошланди. Бу иккинчи авлод кенг салон, тежамкор двигател ва арзон хизмат кўрсатилиши билан қадр топди.

Ўзбекистонда «Cobalt» тарихи 2016 йилдан бошланади — у Россияга «Ravon» R4 номи билан ҳам экспорт қилина бошлади. Тез орада у бюджет сегментидаги мамлакатдаги энг оммавий  ва талабгир автомобиллардан бирига айланди: такси учун қулай, хизмат харажатлари паст, салони кенг. 2019 йилда «Ravon» бренди тугатилди.

Бугун «Cobalt» — ўзини йиллар давомида исботлаган, сарф-харажат жиҳатдан тежамкор ва Ўзбекистон шароитига мос автомобил сифатида узоқ тарихга асосланган моделдир.

 

Теглар

Аҳмад Муҳаммадов

Аҳмад МуҳаммадовМақолалар сони: 6

Барчаси

Мавзуга оид