“Беш йилдан бери уйимиздан дарак йўқ” — яшнободликлар қурилиш тўхтаб қолганидан нороз

09.03.2026 | 18:414 дақиқа

Тошкентда тўхтаб қолган қурилиш. Аҳоли унинг давом этишини сўрамоқда. Янги хонадон учун тўлов қилган яшнободликлар Олмос маҳалласидаги уйлари битмаётганидан норози. Vaqt.uz мухбири ҳолатни бориб ўрганди.


Маълум бўлишича, пойтахтнинг Яшнобод тумани Олмос маҳалласида жойлашган “Сокин Ҳоусе” номли турар жой мажмуасида “Halal Golden Meat” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилган.

Бироқ қурилиш ташкилоти томонидан лойиҳадан четга чиққан ҳолда, бош режага зид равишда, қурилиш меъёр ва қоидаларини бузиб қўшимча қават қўшилганлиги сабабли қурилиш инспекцияси томонидан қурилиш ишлари тўхтатиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

2021-йил ёзда объектнинг 5-қаватидан 2 хонали хонадон сотиб олган фуқаронинг айтишича, сотув офисига келиб, хонадон учун 100 фоиз тўлов қилган.

“205 миллион 600 минг сўм 100% олдиндан тўлов қилганмиз. Шартнома шартини бажарганимиздан кейин озгина вақт ўтди, қурилиш бошланганди, “котлован”, ер қазиш ишлари бўлганди ўша пайтда. Кейин қурилиш тўхтади. Орада биз қурилиш компаниясига мурожаат қилдик. Қурилиш компаниясининг эгаси Ҳайрулла Хатамов билан боғланганмиз. У билан жуда кўп марта биз боғланганимиздан кейин қурилиш озгина бўлди. Икки ой давом этади, яна тўхтайди. Икки ой давом этади, яна тўхтайди. Лекин қурилишдан кўра кўпроқ вақт тўхташга кетди.

Ўзи проект бўйича иккитаблок беш қаватдан, ўртадаги проект етти қават эди. Кейин проектга ўзгартириш киритиб, олти ва саккиз қаватли қилишибди”, дейди Саидаҳрорхўжа Саидакбархўжаев.

Аниқланишича, фуқаролар томонидан тўловлар икки шаклда амалга оширилган: одамлар сотув офисида ҳисобчига тўлов қилган ёки банк орқали қурувчи фирма ҳисоб рақамига ўтказилиб берилган.

Объектдан 2021-йил июль ойида 2 хонали хонадон харид қилган Нигора Ибодовага кўра, 223 млн сўмни нақд кўринишида тўлов қилган.

“Сотув офисига келганмиз. У ерда битта ўғил бола, битта қиз бола ишлайдиганлар билан гаплашдик. Лекин банк орқали тўлов қилганмиз, 100%. Беш йилдан бери уй битмаган. Унда хўжайиним тирик эдилар, ўтиб қолдилар. Ундан кейин ўзимнинг квартирамда юрибман. 400 доллар ойма-ой икки хона квартира тўлайман. Энди жуда ҳам қийин-да”, дейди Нигора Ибодова.

Фуқаро Миролим Нурматовга кўра, қурувчи кейинги харидорларга тураржой 5-6 ойда фойдаланишга топширилиши, шу сабабли бўлиб тўлаш усули йўқлиги, хонадон учун тўлиқ тўлов қилиниши кераклигини айтган. Шунга ишониб, у 2023-йилда майдони 54 метр квадрат бўлган 2 хонали хонадонга 100 фоиз тўлов қилган.

“Бу қурилиш 2021-йилда бошланган. Сотув офисида ўзларига тўлаганмиз. Шартнома бўйича 2023-йил йилнинг охиригача битказиб бериши керак эди. 2023-йил бизларга мана уйни сотди. Қаранг, бир нарсага ҳайронман. 2023-йил буни устида ўзи жиноий иш очилиб, ўзи тергов бўлиб, ўша август ойлари бўлганми паллада ҳам ўзи ўша давом этяпти. Ўша пайтда бизларга яна сотяпти бу уйни”, дейди Миролим Нурматов.

Маълум қилинишича, сотув офиси 2023-йил охирида ёпилган. Лойиҳа бўйича тураржой мажмуаси 62 та хонадондан иборат бўлиб, хонадонларнинг барчаси сотилган.

“Бизга реклама қилган. Уйимизга қайта-қайта телефон қилган. Шу баҳона шу уйни олиб қолганмиз. Ҳар йили бир этаждан қуради. 62 та хонадон. Бориб банкка100%  тўлаганман, Капиталбанкка бориб тўлаб қўйганман. Уйда, ўша ерда. 495 миллион сўм тўлаганман уч хонали уйга. Олганим 2021-йил бўлса, ҳозир беш йилўтаётган бўлса, беш йилда мана беш этаж қурган. Ҳали ҳам чала, битмаган”, дейди Дилшод Шерматов.

Аниқланишича, “Halal Golden Meat” МЧЖ директори Хайрулла Хатамов билан боғлиқ уй можароси битта шу эмас. Жумладан, 2023-йил август ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов “Азия Инвест Фаворит” МЧЖга пул тўлаб, уйларини ололмаётган 2 минг нафардан ортиқ фуқаролар билан учрашганди. Унда 14 марта судланган компания раҳбари Хайрулла Хатамов ва унинг оила аъзоларига тегишли 200 млрд сўмлик мулк хатланганди. Ўшанда ҳукумат муаммони ҳал қилиш юзасидан ўз таклифини билдирганди.

Қурилиш вазирлиги қурувчи ва фуқаролар ўртасида шартнома шартларини бажариш масаласи суд тартибида ҳал бўлишини маълум қилган.

“Ҳозир суд қарори бор. Суд қарорига асосан 2026-йил 28-майга қадар объект топширилиши керак. Агар объект топширилмайдиган бўлса, хонадон пулларимиз қайтариб берилар экан, қурувчи компания томонидан. Ҳозир бу ерда қурувчи, агар бизга пулимизни қайтариб берадиган бўлса, ҳозирги нархда сотса, қурувчи анча фойда билан чиқади. Бизнинг пулларга қурилган объектни қимматга бошқа одамга сотиш. Агар ҳозир биз пулларимизни қайтариб олсак, 28-майга қадар қурилмайди, бу қуриладиган аҳволда эмас 28-майгача. Пулимизни қайтариб беришар экан. Бу, тўғриси, адолатсизлик”, дейди Саидаҳрорхўжа Саидакбархўжаев.

Фуқароларга кўра, жорий йилда Яшнобод туман ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов билан ҳам учрашув бўлиб, ҳоким томонидан ечим кўрсатилган.

“Бир-икки ҳафта олдин туман ҳокими чақириб, мана тўламаганлар тўланглар қолган пулини, мен ёрдам бераман қурилишга, деб айтдилар. Ҳали тўламаган одамларда ишонч йўқ бўлгани учун пул тўламаяпти одамлар. Одамларда ишонч қолмаган. Ўшанинг учун тўлов қилмаймиз, олдин бошласин, дейишяпти”, дейди Феруза Нурмуҳаммедова.

Кўп қаватли уй можароси қандай ҳал бўлади? Яшнобод туман ҳокими ваъда қилгандай қурилиш ишлари давом этиб, одамлар ўз хонадонига кўчиб ўтадими? Ёки суд тартибида пуллар ундирилиб фуқароларга қайтариб бериладими? Буни вақт кўрсатади.

 

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор ва монтажчи: Мирвоҳид Мирраҳимов

Теглар

Бахтиёр Тўхтаев

Бахтиёр ТўхтаевМақолалар сони: 11

Барчаси

Мавзуга оид