Logo

«Бизнес ва истеъмолчиларга триллионлаб сўм зарар келтирадиган ёпиқ қарор» — шакар импортига қўйилган квота ўзини қанчалик оқлайди?

2027-йилдан Ўзбекистонда оқ шакар импортига йилига 300 минг тонналик квота жорий этилиши режалаштирилмоқда. Ҳукумат бу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламоқчи. Бироқ ичимлик ишлаб чиқарувчилар маҳаллий заводлар бозорни етарли ҳажмда таъминлашга тайёр эмаслиги, чеклов эса шакар тақчиллиги ва нархлар ошишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Хўш, маҳаллий заводлар ички талабни қоплашга қанчалик тайёр ва импорт чеклови бозордаги нархларга қандай таъсир қилиши мумкин? Vaqt.uz ушбу мақолада шу ҳақда сўз юритади.

«Бизнес ва истеъмолчиларга триллионлаб сўм зарар келтирадиган ёпиқ қарор» — шакар импортига қўйилган квота ўзини қанчалик оқлайди?

Вазирлар Маҳкамаси 2026-йил 30-июлда маҳаллий шакар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ички бозорни барқарорлаштириш бўйича 417-сон қарорни қабул қилди.

Қарор ХДФУ, яъни «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи билан белгиланган. Бу белги давлат сирига кирмайдиган, бироқ фойдаланилиши чекланган хизмат ҳужжатлари ва маълумотларига қўйилади. Шу сабабли шакар импортига қўйилган квотага тегишли қарор кенг жамоатчилик учун очиқ эмас.

Қарорга кўра, 2027-йил 1-январдан оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна квота жорий этилади. Унинг 100 минг тоннаси ичимлик ишлаб чиқарувчиларга, 100 минг тоннаси қандолат корхоналарига ва қолган 100 минг тоннаси бошқа озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларга ажратилади.

Квоталар электрон аукцион орқали тақсимланади. Платформа 2026-йил 1-декабргача ишга туширилиши ва божхонанинг «Ягона дарча» тизимига уланиши керак. Квота ҳажми ҳар олти ойда ички талаб, маҳаллий ишлаб чиқариш, импорт ва нархларга қараб қайта кўриб чиқилиши мумкин. Кейинги йил учун квотани Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили ноябрь ойида тасдиқлайди.

Бироқ қарорда 300 минг тоннадан ортиқ шакар импорти қандай тартибда амалга оширилиши аниқ кўрсатилмаган. Импортга чеклов қўйилиши маҳаллий заводлардан кўпроқ шакар ишлаб чиқаришни талаб қилади. Аммо заводлар бунга қанчалик тайёр ва квота бозор нархларига қандай таъсир қилади? Vaqt.uz жамоатчилик фаолларининг фикрини ўрганди.

«Импорт ўрнини босиш сиёсати ўзини шунчалик обрўсизлантирдики, уни яширишга тўғри келмоқда» — Юлий Юсупов

Иқтисодчи Юлий Юсупов шакар импортига квота жорий этилиши ва маҳаллий заводларни қўллаб-қувватлаш чораларини 1996-йилдан бери давом этаётган импорт ўрнини босиш сиёсатининг навбатдаги кўриниши деб баҳолади. Унинг фикрича, бу сиёсат ўзини оқламаган бўлса-да, ҳукумат ундан воз кечиш ўрнига айрим ишлаб чиқарувчиларни яна ҳимоя қилиш йўлини танлади. Юсупов қарорнинг ХДФУ грифи остида қабул қилинганини ҳам танқид қилди.

«Нега ҳужжат ХДФУ грифи остида? Кўринишидан, муаллифлар “ўзлари ҳам мақтанишга арзимайдиган иш қилаётганини” тушунишади ва жамоатчилик бундан хабардор бўлишини исташмайди. Импорт ўрнини босиш сиёсати уни шунчалик обрўсизлантирдики, уни яширишга тўғри келмоқда», — дея фикр билдирган Юлий Юсупов.

У бундай сиёсат қандай ишлашини ҳам тушунтирди. Унинг ёзишича, давлат айрим корхоналарга солиқ, божхона ва кредит имтиёзлари беради, субсидиялар ажратади, импорт маҳсулотларига эса турли чекловлар қўяди. Бу ҳимоя остида ишлаб чиқарувчилар бир муддат фаолият юритади.

«Имтиёзли конвертация курси валютани конвертация қилишнинг ўзидаёқ шундай “даромад” олиш имконини берганки, эркин бозорда ҳалол ва муваффақиятли ишлаётган тадбиркор бу пулни 10, ҳатто 100 йилда ҳам топиши мумкин эди», — деб ёзди иқтисодчи.

Аммо имтиёзлар тугагач, уларнинг эркин бозорда рақобатлаша олмаслиги аён бўлади. Шундан кейин давлат аввалги имтиёзларни узайтиради ёки янгиларини жорий этади. Иқтисодчи шакар саноатидаги бу вазиятни бюрократик жараённинг бир қисми деб баҳолади.

Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув рақобатни чеклайди, монополиялар ва коррупцияга йўл очади. Бунинг харажатлари эса охир-оқибат истеъмолчилар ва солиқ тўловчилар зиммасига тушади. Юсупов ҳукумат айрим корхоналарни импортдан ҳимоя қилиш ўрнига, барча тадбиркорлар учун тенг рақобат шароитини яратиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳукуматимиз 1996-йилда бошланган импорт ўрнини босиш сиёсатидан воз кечмагунча, монополия ва коррупция ботқоғидан чиқиш имконияти йўқ. Амалдорлар буни яхши тушунишади. Аммо мамлакатга зарар етказаётган бу амалиётдан воз кеча олишмаяпти. Қизиғи, нега?», — дея хулоса қилди иқтисодчи.

«Ўзбекистонликларни камбағаллаштириши мумкин бўлган ёпиқ қарор» — Муҳрим Аъзамхўжаев

Шунингдек, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз Telegram каналида шакар импортига чеклов жорий этиш ҳақидаги қарорнинг жамоатчиликдан яширилганига эътироз билдирди.

«Тавба, ҳукуматимиз қарорнинг ўзини кўрсатмай, чеклов ҳақида қарор чиқаряптими? Ўзбекистонликларни камбағаллаштириши мумкин бўлган ёпиқ қарорлар қабул қилиш амалиёти тўхтаса яхши бўларди», — деб ёзди у.

«Шакар қимматласа, унинг ортидан бошқа маҳсулотлар ҳам қимматлайди» — Бектош Хотамов

Жамоатчилик фаоли Бектош Хотамов ҳам квота жорий этилиши бозорда шакар таклифини камайтириб, унинг нархини ошириши мумкинлигини айтди. Унинг ёзишича, 2026-йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистон 505 минг тонна шакар импорт қилган. Йил якунида бу кўрсаткич 800 минг тоннадан ошиши мумкин. Натижада 2027-йилдан импортни 300 минг тонна билан чеклаш эса таклифни кескин камайтиради.

Хотамовнинг фикрича, бозорда шакар камайиши унинг нархини оширади. Бу эса нон, ширинлик, ичимлик ва консерва каби маҳсулотлар таннархига ҳам таъсир қилади. Айниқса, даромадининг катта қисмини озиқ-овқатга сарфлайдиган оилалар бундан кўпроқ зарар кўради. Шакарни асосий хомашё сифатида ишлатадиган ичимлик ва қандолат ишлаб чиқарувчилари эса қиммат маҳсулот билан экспорт бозорларида рақобатлаша олмай қолиши мумкин.

«Шакар фақат чойда эмас, нонда, ширинликда, ичимликда, консервада, деярли ҳамма нарсада бор. У қимматлашса, ортидан бошқа маҳсулотлар ҳам қимматлайди», — деб ёзди Хотамов.

Жамоатчилик фаоли квоталарни электрон аукцион орқали тақсимлаш ҳам муаммони ҳал қилмаслигини айтди. Чунки импорт ҳуқуқини қўлга киритиш учун тўланган пул шакар нархига қўшилади. Импорт сунъий чекланган шароитда квотанинг ўзи даромад манбаига айланиши ва коррупцион хавфларни кучайтириши мумкин.

Хотамов ҳукумат маҳаллий шакар заводларини қўллаб-қувватлаш учун кредит муддатларини узайтириш, солиқ имтиёзлари бериш ва давлат харидларида уларга устуворлик яратишни режалаштирганига ҳам тўхталди. Унинг фикрича, айрим корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун бутун бозорни импортдан ҳимоя қилиш тўғри йўл эмас.

«Ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш керак, лекин бунинг пулини ҳар бир оила шакар нархи орқали тўламаслиги керак», — дея таъкидлади у.

Шунингдек, Хотамов қарорнинг жамоатчиликка эълон қилинмагани ва импортга миқдорий чекловлар қўйилиши Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига таъсир қилиши мумкинлигини айтди. Унга кўра, маҳаллий заводларни рақобатга тайёрлаш ўрнига импортни чеклаш энг қиммат йўл бўлиб, бунинг юки охир-оқибат истеъмолчиларга тушади.

«Бизнес ва истеъмолчиларга триллионлаб сўм зарар келтирадиган ёпиқ қарор» — Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакиров шакар импортига квота жорий этилиши нафақат истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчиларга, балки давлат бюджетига ҳам зарар келтиришини билдирди.

Бакировнинг ёзишича, Ўзбекистон 2026-йилда 750–800 минг тонна шакар импорт қилади. Йилига 300 минг тонналик квота жорий этилса, импорт ҳажми қарийб 2,5 баробарга қисқаради.

Унинг фикрича, бу бозорда шакар нархини оширади. Оқибатда ичимлик ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг харажатлари кўпайиб, айрим корхоналар ишлаб чиқаришни қисқартиришга ёки экспорт бозорларини бой беришга мажбур бўлиши мумкин.

«Истеъмолчилар, айниқса камбағал қатламлар учун шакар қимматлашади. Тадбиркорлар бизнеси ёпилади ёки қисқаради, эндигина кириб борилаётган экспорт бозорлари бой берилади. Тийиқсиз амалдорлар эса чўнтагини тўлдириб, шерик шакарчилар орттиради», — деб ёзди Бакиров.

Иқтисодчининг ёзишича, импорт йилига 500 минг тоннага қисқарса ва бир тонна шакар 650 доллардан ҳисобланса, давлат бюджети импорт божидан йилига 65 млн доллар ёки қарийб 770 млрд сўм тушумдан айрилади.

Шундай қилиб, квота сабаб давлат импорт божидан тушадиган даромадни йўқотиши, айни пайтда маҳаллий заводларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағ сарфлаши мумкин. Бакиров бу қарорнинг иқтисодий зарурати асослаб берилмаса, уни бекор қилиш кераклигини таъкидлади.

«Маҳаллийлаштирувчи шакарчилар тўдасининг чўнтагига пул оқимларини буриш учун давлатга, иқтисодиётга, бизнес ва истеъмолчиларга триллионлаб сўм зарар келтирадиган бу ёпиқ қарорни қабул қилиш заруратини асослаб беришмаса, қарор бекор қилиниши керак», — дея ёзди иқтисодчи.

Маҳаллий ишлаб чиқариш ички талабни тўлиқ қопламайди

UzBev’нинг «Gazeta.uz»га берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йилига 750–770 минг тонна шакар истеъмол қилинади. Сўнгги йилларда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми камайган, бозор эса импортга тобора кўпроқ таянмоқда.

3

Изоҳ: импорт кўрсаткичларига тайёр шакар билан бирга маҳаллий заводларда қайта ишланадиган хом шакар ҳам киради. 2027-йилдан жорий этиладиган 300 минг тонналик квота эса фақат тайёр оқ шакар импортига тегишли.

Масалан, 2023-йилда 599,4 минг тонна, 2024-йилда 474,4 минг тонна, 2025-йилда эса атиги 200,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган.

Шу сабабли ички бозор кўпроқ импорт ҳисобидан таъминланмоқда. 2023-йилда Ўзбекистон 912 минг тонна шакар импорт қилган. Унинг 762 минг тоннаси заводларда қайта ишланадиган хомашё, 150 минг тоннаси эса тайёр оқ шакар бўлган.

2025-йилда тайёр оқ шакар импорти анча ошган. Мамлакатга 516 минг тонна тайёр шакар олиб кирилган. Бу 2024-йилга қараганда қарийб икки баробар кўп. Хом шакар импорти эса 216,3 минг тоннагача камайган. Жами импорт ҳажми 732,3 минг тоннани ташкил этган.

Тайёр шакар импорти ошишига 2025-йил 1-октябрдан оқ шакар учун 20 фоизлик акциз солиғи бекор қилингани ҳам сабаб бўлган.

Демак, маҳаллий ишлаб чиқариш камайган, тайёр шакар импорти эса ошган. Масалан, 2025-йилда заводлар 200,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарган бўлса, четдан 516 минг тонна тайёр оқ шакар олиб келинган.

2026-йилда маҳаллий корхоналарда қанча шакар ишлаб чиқарилгани ҳақида очиқ статистика мавжуд эмас. UzBev’нинг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, корхоналарда шакар ишлаб чиқариш 2025-йилнинг октябрида тўхтаган ва 2026-йил давомида қайта тикланмаган.

Бироқ Тошкент вилояти Статистика бошқармаси 2026-йилнинг январь–март ойларида 133,9 минг тонна шакар ишлаб чиқарилганини билдирган. Шунингдек, бошқарманинг 2025-йил бўйича ҳисоботида биринчи чорак учун 251,6 минг тонна, йил якуни учун эса 113,9 минг тонна кўрсатилган.

Миллий статистика қўмитаси эса 2025-йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилганини қайд этган. Ушбу рақамлар ўртасидаги тафовут сабабли маҳаллий ишлаб чиқаришнинг аниқ ҳажмини аниқлаш анча қийин.

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқарадиган иккита йирик корхона бор. Улар «Ангрен Шакар» ва «Хоразм Шакар»дир. Уларнинг умумий лойиҳа қуввати йилига 900 минг тоннадан ортиқ. Бироқ бу заводлар шунча миқдорда шакар ишлаб чиқаради, дегани эмас. Корхоналар асосан импорт қилинадиган хом шакарни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олади.

«Uzmeb» маълумотларидан келиб чиқса, маҳаллий заводлар ички талабни тўлиқ қоплай олмаётган бир пайтда тайёр шакар импортини йилига 300 минг тонна билан чеклаш тақчиллик хавфини оширади. Агар заводлар ишлаб чиқаришни етарли даражада тикламаса, бозорда талабни қондириш учун шакар етишмаслиги, шакар хомашё сифатида ишлатиладиган маҳсулотлар нархини ошириши мумкин.

Маҳаллий ишлаб чиқариш ҳар доим ҳам арзон эмас

Ўзбекистон шакарни асосан Россия ва Бразилиядан импорт қилади. Россиядан тайёр оқ шакар ва хомашё, Бразилиядан эса асосан маҳаллий заводларда қайта ишлаш учун хом шакар келтирилади.

UzBev ҳисоб-китобларига кўра, Бразилиядан келтирилган хомашёни қайта ишлаб, бир тонна шакар олиш 787 долларга тушади. Россия хомашёсидан ишлаб чиқариш харажати 695–752 доллар, тайёр оқ шакарни Россиядан импорт қилиш эса тахминан 620 долларни ташкил этади. Бу айрим ҳолатларда тайёр шакарни импорт қилиш маҳаллий заводларда ишлаб чиқаришдан арзонроқ эканини кўрсатади.

Бундан ташқари, заводларнинг ишлаши учун хомашё узлуксиз етказиб берилиши керак. UzBev ҳисоб-китобига кўра, 460 минг тонна шакар ишлаб чиқариш учун 470 минг тонна хомашё зарур, уни Россия ва Бразилиядан етказиш эса бир ойдан уч ойгача вақт олади.

Ассоциация хомашё захиралари ва етказиб бериш шартномалари ҳақида очиқ маълумот етарли эмаслигини билдирган. Унинг тахминча, тайёр шакар импортига чекловлар маҳаллий ишлаб чиқариш тикланишидан олдин кучга кирса, 2026-йилнинг декабридан 2027-йилнинг февралигача бозорда таъминот узилиши мумкин.

UzBev бундай вазиятда шакар нархи 15–28 фоизга, таъминот узилиши кучайса, 34–47 фоизга қимматлашиши мумкинлигини айтган. Бу рақамлар ассоциациянинг тахминий сценарийлари бўлиб, расмий прогноз эмас.

Давлат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қандай қўллаб-қувватлайди?

Ҳукумат маҳаллий шакар заводларининг молиявий аҳволини яхшилаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун уларга бир қатор имтиёзлар бермоқчи. Аввало, корхоналарнинг «O‘zsanoatqurilishbank» олдидаги кредит қарзларини қайтариш муддати беш йилгача узайтирилади. Шунингдек, тўловларни икки йилгача кечиктириш имконияти берилади.

Заводларнинг хомашё импорти учун хорижий валютада олган кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини ҳам давлат қоплайди. 2026-йил 1-августдан 2031-йил 1-августгача кредит фоизларининг 50 фоизи, бироқ 5 фоиз банддан ошмаган қисми қоплаб берилади. Бундан ташқари, соҳага 50 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

Корхоналарнинг харажатларини камайтириш учун солиқ имтиёзлари ҳам таклиф этилган. Унга кўра, шакар ишлаб чиқарувчиларни фойда солиғидан (15 фоиз) озод қилиш, мол-мулк солиғи (1,5 фоиз) ставкасини эса 2031-йил 1-январгача 50 фоиз миқдорида белгилаш кўзда тутилган. Бу имтиёзлар ҳисобидан тежалган маблағлар фақат кредит қарзларини тўлашга сарфланиши керак.

Ҳукумат маҳаллий заводлар ишлаб чиқарган шакарни сотиш учун ҳам қўшимча имконият яратмоқда. 2027-йил 1-январдан давлат ташкилотлари ва корхоналари оқ шакарга бўлган эҳтиёжини, биринчи навбатда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан қоплаши белгиланган. Заводлар ишлаб чиқарган шакарнинг барчаси товар-хомашё биржаси орқали сотилади, экспорт қилишга эса чеклов қўйилмайди.

Шу билан бирга, корхоналар зиммасига кредит қарзларини қайтариш бўйича қатъий талаблар юкланган. Заводларнинг бўш маблағлари қарзларни муддатидан олдин тўлашга йўналтирилади, кредитлар тўлиқ ёпилмагунча фойдани дивиденд сифатида тақсимлаш мумкин бўлмайди. Корхоналарга банк вакилларини молиявий директор этиб тайинлаш ҳам тавсия қилинган.

Маълумот учун, ушбу имтиёзлар ҳали кучга кирмаган. Қарорда уларни жорий этиш учун Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш лойиҳасини тайёрлаш топширилган.

Теглар

Мавзуга оид