
БМТ Фаластин бўйича тарихий қарор қабул қилди
БМТ Бош Ассамблеясида Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус, шунингдек Жўлан тепаликларидан Исроил қўшинларини олиб чиқиш бўйича резолюцияларга овоз берилди. Ўзбекистон ҳар икки резолюцияни қўллаб-қувватлаган.

БМТ Бош Ассамблеяси Исроилнинг 1967 йилдан кейинги босиб олишини тугатиш ва икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлашни талаб этувчи муҳим резолюцияни қабул қилди. Жибути, Иордания, Мавритания, Қатар, Сенегал ва Фаластин томонидан тайёрланган ҳужжат БМда овозга қўйилди.
Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус бўйича резолюцияни 151 давлат қўллаб қувватлади, 11 давлат қарши чиқди ва яна 11 давлат овоз беришда иккиланди.
Сурияга тегишли Жўлан тепаликларини Исроил қўшинларидан бўшатиш тўғрисидаги резолюцияни 123 давлат қўллаб қувватлади, 7 давлат қарши чиқди ва 41 давлат бетараф қолди.
Ўзбекистон ҳар икки резолюцияни қўллаб-қувватлаган бўлса, АҚШ ва Исроил ҳар иккисига қарши чиқди.
БМТ Ассамблеяси Исроилдан Шарқий Қуддусни ҳам ўз ичига олган ҳолда 1967 йилдан бери босиб олган барча ҳудудлардан чиқишни, фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақил давлат тузиш ҳуқуқини таъминлашни талаб қилади. Қарорларни ижро этиш мажбурий эмас, тавсиявий тусга эга. Аммо жаҳон ҳамжамияти фикрининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.





