Logo

Боғча, контракт ва озиқ-овқат: сентябрда нарх-навода қандай ўзгариш бўлди?

Бугун 16:052 дақиқа

2026-йил сентябр ойида товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 фоизга кўтарилди. Йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этди. Ой давомида помидор, бодринг, сабзи, тухум, бензин, пропан ва айрим таълим хизматлари сезиларли қимматлади.

Боғча, контракт ва озиқ-овқат: сентябрда нарх-навода қандай ўзгариш бўлди? © sb-cyprus.com

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик инфляция 2025-йил сентябрдаги 8 фоизга нисбатан 1,6 фоиз пасайиб, 6,4 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум нархи бир ойда 5,3 фоизга ошди. Суякли мол гўшти 1,7 фоизга, қўй гўшти 1,3 фоизга, суяксиз мол гўшти 1,1 фоизга қимматлади. 

Гуруч ва гуруч оқшоғи нархи 1 фоизга, гречка 1,1 фоизга кўпайди. Хом ва қаймоғи олинмаган сут ҳамда сариёғ нархи 0,8 фоизга қимматлади. Шакар эса 0,9 фоизга арзонлади.

Мева-сабзавот нархида ўзгариш кузатилди

Помидор бир ойда 14,2 фоизга, бодринг 13,5 фоизга, сабзи 12,4 фоизга ошди. Булғор қалампири 4,9 фоиз, бақлажон 4,7 фоиз ва пиёз 2,6 фоизга қимматлади. Ситрус мевалар нархи 12 фоизга, узум 5,7 фоизга, олма 2,4 фоизга ва банан 1,7 фоизга пасайди.

Бензин ва пропан қимматлади

Бензиннинг ўртача нархи бир ойда 1,2 фоизга қимматлади. АИ-92 0,7 фоизга (бир литри 10,5–17 минг сўм), АИ-95 бензин нархи 4,2 фоизга (бир литри 13,5–21,5 минг сўм), АИ-98 ва АИ-100 0,4 фоизга ошди (бир литри 16,5–28 минг сўм). Пропан эса сентябрда 4,2 фоизга қимматлашган. Нарх чегараси эса литрига 10 минг сўмни ташкил этган.

Йўловчи ташиш хизматларида айрим йўналишларда нархлар пасайди. Узоқ масофага қатнайдиган поезд чипталари сентябрда 1,6 фоизга арзонлади. Кузатувдаги авиақатновлар бўйича ўртача нархлар 0,9 фоизга пасайган. Курерлик ва посилкаларни етказиб бериш хизматлари эса сентябрда 3 фоизга қимматлаган.

Таълим хизматларида нархлар ошди

Мактабгача таълим ташкилотлари хизмати учун тўлов миқдори ўртача 6,8 фоизга кўтарилган. Хусусий мактаблар хизматлари нархи 6 фоизга, олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш нархи 6,3 фоизга ошди.

Шунингдек, репетиторлик хизматлари 1,9 фоизга, чет тилларини ўрганиш курслари 1,8 фоизга қимматлади. Хусусий боғчалар хизматлари нархи ҳам 1,7 фоизга ортди.

Коммунал хизматлар ҳам қимматлади

Совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари 2,1 фоизга қимматлаган. Кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш тўловлари эса 0,6 фоизга ошган. Кўмир 0,3 фоизга, ўтин нархи 0,8 фоизга қимматлаган.

Ҳудудлар кесимида

2026-йил сентябр ойида ҳудудлар кесимида истеъмол нархлари индекси бўйича сезиларли фарқ кузатилмади. Август ойига нисбатан нархлар энг кўп Сурхондарёда 0,99 фоизга ва Тошкент шаҳрида 0,82 фоизга ошган. Энг паст ўсиш Хоразмда 0,64 фоиз ва Жиззахда 0,66 фоиз қайд этилган. 

Андижонда 0,74 фоизга, Бухорода, Самарқанд ва Тошкент вилоятида 0,70 фоизга ошган. Қашқадарё ҳамда Сирдарёда 0,71 фоизга, Навоийда 0,73 фоизга, Наманганда 0,72 фоизга, Қорақалпоғистонда 0,67 фоизга, Фарғонада эса 0,69 фоизга кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026-йилнинг январ–август ойларида табиий газ, нефт, газ конденсати ва кўмир қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.

Камрон Ҳасанов

Теглар

Мавзуга оид