add

Бўлажак турмуш ўртоғининг уйини сотиб юборган куёв 9 йилга қамалди

Кеча 20:357662 Дақиқа

У фақат никоҳ баҳонасида қизнинг оила-аъзоларини эмас, бошқаларни ҳам алдаган.

Бўлажак турмуш ўртоғининг уйини сотиб юборган куёв 9 йилга қамалди

Бугун, 21 ноябр куни Мирзо Улуғбек туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Тошкент шаҳрида алдов йўли билан қизнинг ҳовлисини сотиб юборган бўлажак куёв 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Қайд этилишича, суд Ш.Р. ни (1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган фирибгарлик жиноятида айбдор деб топган.

Ш.Р. 2025 йил 14 майдан қамоқда сақланиб келган ва айблов хулосаси нусхаси унга 2025 йил 16 сентябрда топширилган. Суд ҳукмига кўра, жазо умумий тартибли колонияларда ўталади ва муддат айбланувчи ушланган санадан ҳисобланади.

Шу билан бирга, судланувчи Ш.Р.дан жабрланувчилар Ж.Ю. фойдасига 3 448 701 208 сўм, С.С. фойдасига 925 769 852 сўм ва Ж.А. фойдасига 464.672.126 сўм миқдорида зарар ундирилиши белгиланган. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Катта Оқтепа” МФЙ, Оқтепа кўчаси, 5А/3,4-уй юзасидан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлидир.

Маълумот учун, 2023–2024 йилларда Ш.Р.га нисбатан бир нечта фуқароларни йирик миқдорда алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш айби қўйилган: у Ж.Ю.дан авто бизнес баҳонасида 179,3 минг доллар, С.С.дан Mercedes-Benz сотишни ваъда қилиб 77,7 минг доллар, З.Н. ва бошқалардан бир нечта автоуловларни сотиш баҳонасида 110,1 минг доллар олган ва пулларни олганидан сўнг автомобилларни топширмаган.

Шунингдек, А.А.дан 30 дона iPhone 15 Pro Max учун 39 минг доллар олган.

Бундан ташқари, 2024 йил август ойида Ш.Р. никоҳ ва тўй баҳонасида 1999 йилда туғилган Ш.А.нинг ишончига кириб, муаммолари борлигини айтиб уйни вақтинча гаровга қўйишни таклиф қилган, кейин эса ушбу уйни блогер ва тадбиркор С.К.га 240 минг долларга сотган. Ҳодиса муҳокамага айланганидан кейин С.К. уйни болалар уйига эҳсон қилишини билдирган, аммо Ижтимоий ҳимоя агентлиги уйни топширишга оид нотариал ҳужжатлар тақдим этилмаганини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид

Бўлажак турмуш ўртоғининг уйини сотиб юборган куёв 9 йилга қамалди | Vaqt.uz