
Болгария еврога ўтмоқда: лев бор-йўғи бир ой параллел муомалада бўлади
2026 йил 1 январдан Болгария еврога ўтади, январ ойида лев ва евро бирга муомалада бўлади, нақд ва нақдсиз тўловлар учун алоҳида қоидалар жорий этилади.

2026 йил 1 январдан Болгария расман еврозонага қўшилади ва мамлакатда евро асосий валютага айланади. Янги тизимга ўтиш жараёнида январь ойи давомида икки валютали муомала амали қилади: булғор леви ва евро бир вақтнинг ўзида қонуний тўлов воситаси ҳисобланади. Бу давр фуқаролар ва бизнес учун мослашув босқичи сифатида белгиланган, деб ёзмоқда Forbes Болгария.
Нақдсиз ҳисоб-китобларда эса ўтиш кескинроқ бўлади. 1 январдан бошлаб барча банк карталари, банк ўтказмалари ва POS-терминаллар орқали амалга ошириладиган тўловлар фақат еврода ҳисобланади. Вендинг автоматлари ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тизимлари ҳам шу кундан бошлаб левани қабул қилмайди.
Қайд қилиш керакки, айни пайтда 1 булғор левининг қиймати 0,51 евроцентга тенг.
Нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишда муайян чекловлар жорий этилади. Савдогарлар бир операция доирасида икки валютани қабул қилиш ёки қилмаслик масаласини мустақил ҳал қилади, бироқ қайтим асосан еврода берилиши шарт. Агар кассада евро бўлмаса, қайтим левларда қайтарилишига рухсат этилади. Шу билан бирга, бир операцияда 50 донадан ортиқ лев тангасини қабул қилмаслик ҳуқуқи ҳам сақланиб қолади.
Товар қайтариш ёки рекламация ҳолатида маблағ тўлиқ еврода қайтарилади. Фақат евро мавжуд бўлмаган ҳолларда леваларда қайтариш мумкин. 2026 йил 1 февралдан эса евро мамлакатда ягона расмий валютага айланади ва булғор леви тўлов воситаси мақомини йўқотади.
Эски пулларни алмаштириш масаласи ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Болгария Халқ банки левни еврога муддатсиз алмаштириб беради. Тижорат банклари ва «Болгар почтаси» бўлимларида эса бундай алмаштириш амалиётлари 2026 йил охиригача амал қилади.
Эслатиб ўтиш жоизки, Болгария Европа Иттифоқига 2007 йилда қўшилган бўлса-да, еврони жорий этишга фақат 2025 йил июнида, Европа Марказий банки ва Еврокомиссия мамлакат иқтисодий мезонларга жавоб беришини тасдиқлагандан сўнг рухсат берилди.
Евро айни пайтда евроҳудуднинг 20 та давлати (Австрия, Белгия, Эстония, Финландия, Франция, Германия, Греция, Ирландия, Испания, Италия, Кипр, Латвия, Литва, Люксембург, Малта, Нидерландия, Португалия, Словакия, Словения, Хорватия)да, шунингдек, Андорра, Ватикан, Монако, Сан Марино каби митти давлатлар, Евроиттифоқ аъзоси бўлмаган Қоратоғ (Черногория) ва Косовода ягона валюта ҳисобланади. Энди улар сафига Болгария ҳам қўшилмоқда.
Европа Иттифоқи аъзоларидан Швеция, Дания, Полша, Чехия, Руминия ва Венгрия ҳозирча ўз миллий валюталаридан фойдаланиб туришибди.





