Logo

«Бунёдкор»ни қачонгача қутқариш керак?

Бугун 14:299 дақиқа

«Бунёдкор» стадионининг электрдан қарзи қарийб 2 млрд сўмга етгани маълум бўлди. Клубни қўллаб-қувватлаш учун аввал чипта сотиб олишга чақиришди, кейин давлат маблағи ажратилди, энди стадионга электрни қайтариш учун хайрия бошланди. Клубларга бюджетдан бериладиган пулни камайтириш режалаштирилаётган бир пайтда бу ёрдамлар қачонгача давом этиши керак.

«Бунёдкор»ни қачонгача қутқариш керак?

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 9 сентябрь куни DOMO иловаси орқали «Бунёдкор» стадионига кўмак акцияси бошланганини маълум қилди. Мақсад — электр таъминотини тиклаш. Лига хабарига кўра, электр учун қарздорлик қарийб 2 млрд сўмга етган, стадион эса 4 сентябрдан бери тармоқдан узилган.

Бу ҳолатнинг зарари стадион билан чекланмаяпти. Шу ерда жойлашган ПФЛ офиси масофадан ишлашга ўтган, серверлари фаолияти тўхтаган. Лига ўйинлар трансляциясини ташқи серверлар орқали узатишга мажбур бўлаётгани ва бу сифатга таъсир қилаётганини билдирган.

ПФЛ стадионнинг бошқа қарзлари ҳам борлигини ёзмоқда: ходимлар, солиқлар, коммунал хизматлар ва майдонга чим ётқизган компания олдида мажбуриятлар тўпланиб қолган. Лига маълумотига кўра, бино ва иншоотларни ижарага беришдан даромад топишга уринаётган «Бунёдкор»ни ижарачилар ҳам тарк этиш ҳаракатига тушган.

Демак, пул етишмаслиги энди келажакдаги даромадга ҳам хавф туғдирмоқда. Электр бўлмаса, ижарачи кетади. Ижарачи кетса, қарзни ёпиш имконияти янада камаяди.

Бундай вазиятда тезкор ёрдамнинг фойдаси бор. Аммо шу ёрдам клубни мустақил ишлашга яқинлаштиряптими ёки навбатдаги тўловни бир муддатга кечиктиряптими — асосий савол шу.

2

«Бунёдкор» стадионида электр таъминоти қарздорлик сабаб 4 сентябрь куни узилган. Фото: Championat.asia

5 млрд сўм қаерга кетди?

Инқироз бир кунда юзага келмаган. «Ўзбекнефтгаз» 2026 йил бошидан «Бунёдкор»ни молиялаштиришни тўхтатди. Апрелдаёқ стадион ва академияда коммунал хизматлар узилгани, ходимларнинг маоши кечикаётгани ҳақида хабарлар чиққан эди.

30 июль куни эса клуб ПФЛга Навоийга, «Қизилқум»га қарши сафар учрашувига бора олмаслигини билдирди. Бунга сабаб қилиб йўл, меҳмонхона ва овқатланиш харажатларини қоплашга пул йўқ экани кўрсатилди.

Лига техник мағлубият ёзилишини, ҳолат такрорланса клубни Суперлигадан четлаштириш масаласи кўрилишини маълум қилди.

Эртаси куни ПФЛ «Бунёдкор» — ОКМК учрашуви учун чипталарни электрон сотиш ташаббусини эълон қилди. iTicket шу ўйинда хизмат комиссиясидан воз кечишга рози бўлди, мажбурий солиқлар эса сақлаб қолинди.

Ижтимоий тармоқларда шарҳловчи ва блогерлар, сўнгра ПФЛ томонидан мухлислар чипта харид қилиш орқали клубни қўллаб-қувватлашга чақирилди.

1 август куни «Бунёдкор» давлат томонидан 5 млрд сўм ажратилганини билдирди. Клуб бу маблағ мартдаги спортни молиялаштириш ҳақидаги президент қарори асосида берилганини қайд этган.

Ажратилган пулнинг қандай сарфланганига доир изоҳни ўша пайтдаги бош мураббий Илёс Зейтуллаев берди.

3

«Бунёдкор»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Илёс Зейтуллаев ОКМК билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида. Фото:Championat.asia

Championat.asia 9 августда эълон қилган матбуот анжумани матнига кўра, мураббий 5 млрд сўмнинг 2,5 млрди солиққа ушлаб қолинганини, қолган қисми эса жамоада қолган айрим футболчиларнинг тахминан бир–бир ярим ойлик маошига етганини айтган. Клубдан кетган футболчилар эса ўша вақтда ҳали пул олмаган.

Бу тушунтиришга кўра, ёрдам аввалдан йиғилиб қолган мажбуриятларнинг бир қисмини қоплаган. У клубнинг кейинги ойлардаги барқарор фаолиятини таъминлайдиган ечим бўлмаган.

2 сентябрда Зейтуллаев ва унинг ёрдамчилари «Бунёдкор»дан кетди. Клуб буни уларнинг ўз хоҳиши ва томонларнинг келишуви билан изоҳлади. 4 сентябрда Иван Бошкович янги бош мураббий сифатида ПФЛ рўйхатидан ўтказилди, 8 сентябрда эса Зейтуллаев «Каттақўрғон» бош мураббийи бўлгани эълон қилинди.

Муаммо ҳомий кетишидан олдин ҳам бор эди

Vaqt.uz клубнинг молиявий ҳисоботига асосланиб аввал ёзганидек, «Бунёдкор» 2025 йилни 53,8 млрд сўм зарар билан якунлаган. Даромад 14,7 фоизга ошиб, 10,8 млрд сўмга етган бўлса-да, зарар ҳам 8 фоизга кўпайган.

4


«Бунёдкор»нинг танланган йиллардаги молиявий зарари, млрд сўм. Манба: клубнинг молиявий ҳисоботлари,
Vaqt.uz ҳисоб-китоби

Яъни зарар эълон қилинган даромаддан қарийб беш баравар катта бўлган. Бу натижа асосий ҳомий молиялаштиришни тўхтатишидан олдинги йилга тегишли. Шунинг учун ҳозирги вазият фақат «Ўзбекнефтгаз»нинг кетиши билан боғлиқ эмас.

Клубни соғломлаштириш қанчага тушишини билиш учун харажатлар таркиби, қарзлар муддати, активлар қиймати ва пул оқими керак. Масалан, 2025 йилги зарарнинг қанча қисми жорий футбол фаолиятидан, қанча қисми аввалги мажбуриятлар ёки бошқа харажатлардан келган? Стадион ва академиянинг тушумлари ҳисоботда қандай акс этган?

Бу саволларга жавобсиз клубга давлат бюджетидан яна пул ажратиш ва клубни тугатиш орасида қайси бири арзонроқ тушади деган саволга ҳам жавоб топиш қийин бўлади.

Ривалдонинг қарзи қолган, янги қарзлар ҳам пайдо бўлмоқда

Ривалдо «Бунёдкор»да 2008–2010 йилларда ўйнаган. Клубнинг расмий баёнотига кўра, унинг олдидаги қарздорлик юзасидан Лозаннадаги Спорт арбитраж суди 2023 йил 6 ноябрда қарор чиқарган. 2024 йил 30 мартда эса қарзни камайтириш ва бўлиб тўлаш бўйича келишувга эришилган.

5


Ривалдо «Бунёдкор» сафида. Клуб унинг олдидаги 2026 йил учун белгиланган 1,5 млн евролик тўловни ўз вақтида амалга оширмаган. Фото:
Stadion.uz

Тарқалган маълумотларга кўра, келишув доирасидаги сумма 7,5 млн еврога туширилган. 2024 ва 2025 йиллардаги тўловлар бажарилган, аммо 2026 йил учун белгиланган 1,5 млн евро вақтида тўланмаган. Клубнинг ўзи тўлов муддати 15 апрель бўлганини тасдиқлаган.

Кечикиш келишилган чегирмаларнинг бекор бўлиши ва қўшимча мажбуриятлар юзага келиши хавфини туғдирган. Июнь ойида ФИФА клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқини қўллади.

Бундан ҳам муҳим жиҳат — муаммо фақат ўн йилдан ошган қарз билан чекланмаяпти.

Kun.uz ўрганган ҳужжатларга кўра, ФИФА 2026 йил 13 августда собиқ ҳимоячи Ицуки Урата бўйича ҳам қарор чиқарган. Клуб унга 45 минг доллар тўланмаган маош ва шартнома бузилгани учун 283 426 доллар компенсация тўлаши белгиланган. Фоизларсиз жами мажбурият 328 426 долларни ташкил этади.

Бу иш маошни вақтида тўламаслик кейинчалик анча катта мажбурият билан якунланиши мумкинлигини кўрсатади. Агар кундалик фаолият янги қарзлар туғдиришда давом этса, эски қарзларни бир марта ёпишнинг ўзи клубни барқарор молиявий ҳолатга қайтармайди.

35 млрд сўм — ёрдамнинг якуний чегарасими?

2026 йил 24 мартдаги ПҚ-107-сон қарорда Суперлига клубларига бериладиган маблағ қуйидагича белгиланган:

Йил

Ҳар бир клуб учун

2026

35 млрд сўм

2027

30 млрд сўм

2028

25 млрд сўм

Икки йилда маблағлар 10 млрд сўмга ёки 28,6 фоизга қисқаради. Қарор клубларда корпоратив бошқарувни жорий этиш ва фаолиятни тижоратлаштиришни ҳам кўзда тутади.

Аммо ҳужжатнинг яна бир жиҳати бор. Унинг 10-бандида ҳокимликларга профессионал футбол клубларини молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларидан маблағ ажратишга рухсат берилган.

Демак, юқоридаги жадвал давлатдан келадиган барча ёрдамнинг қатъий чегараси эмас. Унда 2029 йилдан ёрдам автоматик равишда нолга тушиши ҳам белгиланмаган.

Марказий маблағлар камайиб, унинг ўрнини маҳаллий бюджет тўлдирса, клубнинг давлатга қарамлиги сақланиб қолиши мумкин. Ҳисоботда пулнинг манбаси ўзгаради, лекин уни топиш масъулияти клубга тўлиқ ўтмайди.

Шу ерда бошқа клублар учун ҳам рағбат масаласи пайдо бўлади. Даромадига мос харажат қилган клуб таркибни кучайтиришдан воз кечиши мумкин. Қарзни кўпайтирган клуб эса кейин алоҳида ёрдам олса, молиявий интизомга риоя қилган жамоа ютқазади.

Чипталар ва хайрия нимани ҳал қилади?

Бир томондан, мухлисларни чипта сотиб олишга чақиришнинг ўзи нотўғри эмас. Аксинча, чипта, абонемент, клуб маҳсулотлари ва тижорий ҳомийлик мустақил даромаднинг бир қисми бўлиши керак.

6


DOMO иловаси орқали «Бунёдкор» стадионининг электр таъминотини тиклаш учун хайрия акцияси бошланди. Манба: ЎзПФЛ

Хайрия ҳам ихтиёрий ёрдам. Стадион электрини тиклаш орқали мавжуд инфратузилманинг янада ёмонлашишига йўл қўймаслик мумкин. Бу бюджет ҳисобидан клуб зарарини мунтазам қоплашдан кўра анча яхшироқ.

Лекин фавқулодда акция доимий молиялаштириш режаси ўрнини боса олмайди. Бир учрашувдаги қўллаб-қувватлашдан кейин клубда навбатдаги ой маошини тўлаш манбаси пайдо бўладими? Стадионнинг ижара даромади уни сақлаш харажатини қоплайдими? Ҳомий клубга реклама ва аудитория учун пул берадими ёки фақат навбатдаги қарзни ёпадими?

Мустақиллик айнан шу саволларнинг жавобида кўринади. Ҳар сафар янги қутқарув акцияси ташкил этилиши эса муаммонинг чуқур илдизларига ечим бермайди.

Хорижда номдор клублар ҳам кафолатланган ҳимояга эга эмас

Молиявий инқироз дунё футболида учраб туради. Бу ҳолатда айрим клублар профессионал мусобақалардан чиқиб кетган, айримлари янги тузилма билан қуйи лигадан қайтган.

Италиянинг «Парма» клуби 2015 йил мартида банкрот деб топилганди. Клубнинг расмий тарихига кўра, ўша йил июлда етти маҳаллий ҳамкор уни қайта ташкил этди ва жамоа тўртинчи поғона — D сериясидан бошлади. Кетма-кет уч марта юқори лигага чиқиб, 2018 йилда А сериясига қайтди.

Шотландиянинг «Рейнжерс» жамоаси 2012 йилги инқироздан кейин янги компания бошқарувида тўртинчи поғонадан йўл бошлади. Клубнинг тарихи ва узоқ йиллик мухлислари борлиги унинг юқори лигадаги ўрнини автоматик сақлаб қолмади.

Хитойнинг саккиз карра чемпиони «Гуанчжоу» эса молиявий муаммолари сабаб 2025 йилги профессионал мусобақаларга қўйилмади. Клуб узоқ йиллик қарзларни қоплаш учун йиғилган маблағ етмаганини билдирди. Асосий молиялаштирувчи Evergrande’нинг муаммолари клубга ҳам таъсир қилган эди.

Бу тажрибалар «Бунёдкор»ни ҳам албатта ёпиш кераклигини англатмайди. Улар бошқа нарсани кўрсатади: клубнинг аввалги совринлари ёки машҳурлиги унинг амалдаги харажатларини чексиз молиялаштириш мажбуриятини яратмайди.

«Бунёдкор»дан анча машҳурроқ, анча совриндорроқ клублар ҳам молиявий муаммолар юзага келганда, банкротликни танлашга мажбур бўлган.

Клубни ёпиб, янгисини очиш қарзни йўқотмайди

«Бунёдкор»ни тугатиб, шу номдаги янги клуб ташкил қилиш осон ечимдек кўриниши мумкин. Бироқ футболнинг ўз қоидалари бор.

ФИФАнинг 2026 йилги Интизом кодекси 21-моддаси 4-бандига кўра, қарорини бажармаган клубнинг спорт вориси ҳам тегишли мажбуриятларга бўйсунади. Ворисликни баҳолашда ном, жойлашув, жамоа ранглари, футболчилар, мулкдорлар, мусобақа даражаси ва жамоатчилик уни қандай қабул қилиши каби мезонлар ҳисобга олинади.

Шунинг учун янги юридик шахс очилганининг ўзи Ривалдо ёки бошқа футболчилар олдидаги мажбуриятлардан қутулишни кафолатламайди. Қайта ташкил этиш миллий қонунчилик ва ФИФА талабларига мос бўлиши керак.

Ўзбекистоннинг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонунида ҳам молиявий соғломлаштириш ва тугатишга доир тартиблар мавжуд. Хусусан, суд санацияси режасида қарзни тўлаш жадвали ва бунинг учун маблағ олиш усуллари кўрсатилиши керак.

Демак, танлов чексиз ёрдам бериш ёки эртагаёқ барча фаолиятни тўхтатиш билангина чекланмайди. Аввал клубнинг яшаб кетиш имкониятини ҳисоблаш, кредиторлар билан келишиш ва ишлайдиган қисмларини сақлаш йўлини кўриб чиқиш керак.

«Бунёдкор» учун қандай ечим керак?

Клубни ҳозироқ тугатиш энг арзон йўл экани ҳақида хулоса қилиш учун очиқ маълумотлар етарли эмас. Аммо бир марталик ёрдамлар уни барқарор ҳолатга олиб келмайди. Шунинг учун кейинги қарор аниқ муддат ва молиявий мезонларга боғланиши керак.

Аввало клуб, стадион ва академиянинг молиявий ҳолатини алоҳида очиб берадиган мустақил текширув зарур. Қарз кимнинг балансида, кимга қанча тўланиши керак, қайси актив гаровда, қандай тушум кутилмоқда? Ўша текширув соғломлаштириш ва тугатиш харажатларини солиштиришга имкон беради.

Бу ерда стадион, академия ва профессионал жамоанинг вазифаларини ҳам ажратиш зарур. Болалар машғулотларини давом эттириш ёки стадионни сақлаш учун давлат кўмаги керак бўлса, унинг мақсади, нархи ва натижаси алоҳида кўрсатилиши мумкин. Бундай ёрдам катталар жамоасининг барча харажатларини автоматик қоплашга айланмаслиги керак.

Ижтимоий тармоқларда клубнинг молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, унинг келажаги бўйича турли хил таклифлар берилмоқда.

Журналист Жамолиддин Бобожонов «Бунёдкор»ни тугатиб, клуб базасини «Пахтакор»га ўтказиш кераклигини айтмоқда:

«Бунёдкор» клуби мухлислари кам бўлса ҳам, бор. Улардан узр сўраган ҳолда яна бир бор айтаман, шахсан ман бу клуб келажагини кўрмаяпман. Шунинг учун бу клубни тугатиш керак. Ва барча инфратузилмаси (стадион, бинолар, ер майдони, техника) билан «Пахтакор» клубига ўтказилиши зарур… Ҳозирги кунда «Бунёдкор» клубида фаолият юритаётган ходимлар иш ўрни тўлиқ сақланиб қолиш кафолатини ҳам клуб «янги хўжаини»дан олиш керак

Бироқ активларни бошқа клубга ўтказиш қарзлар ва спорт ворислиги масаласини ўз-ўзидан ҳал қилмайди. Инфратузилма «Пахтакор»га берилса ҳам, «Бунёдкор»нинг кредиторлар олдидаги мажбуриятлари алоҳида тартибда ҳал қилиниши керак. Агар клубнинг футбол фаолияти бошқа юридик шахс орқали давом эттирилса, унинг спорт вориси экани FIFA мезонлари асосида баҳоланади.

Шу сабабли бу таклифнинг иқтисодий натижаси активлар кимга ўтказилиши билан эмас, қарзларни ким ва қайси манба ҳисобидан қоплаши билан белгиланади. Акс ҳолда, клубнинг мулкдори ёки юридик номи ўзгариши мумкин, аммо мажбуриятлари сақланиб қолади.

«Бунёдкор»нинг номи, тарихи ва инфратузилмаси уни сақлаб қолиш учун муҳим далил бўлиши мумкин. Аммо давлат маблағини ажратишда ўтмишдаги совринлар эмас, келажакдаги молиявий натижа асосий мезон бўлиши керак. Навбатдаги ёрдамдан кейин клуб қайси даромад ҳисобидан яшайди? Қачон харажатларини тушумига мослаштиради? Қачон янги қарзлар тўплашни тўхтатади?

«Бунёдкор»ни қутқаришга уринишлар чексиз давом этмаслиги керак. 

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 297

Барчаси

Мавзуга оид