add

Бухородаги 2 та таълим ташкилотига электр энергияси учун 1,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз қарз ҳисобланган

Рақобат қўмитаси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга электр энергияси учун асоссиз равишда ҳисобланган қарздорлик учун қонун талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатди.

Бухородаги 2 та таълим ташкилотига электр энергияси учун 1,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз қарз ҳисобланган

Бухоро вилоятидаги икки йирик таълим муассасаси — Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг «Энергиясавдо» филиали фаолиятидан норози бўлиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган. Бу ҳақда Рақобар қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида мазкур ташкилотларга хизмат кўрсатувчи филиал томонидан оширилган тарифлар орқали 1,8 миллиард сўмдан зиёд асоссиз қўшимча тўлов ҳисоблангани аниқланган.

Шундан сўнг ҳудудий бошқарма ҳузуридаги Махсус комиссия «Энергиясавдо» филиалига нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузиш бўйича иш қўзғатди. Комиссия ишни кўриб чиққанидан кейин, қонунбузилишни бартараф этиш ҳамда ҳисобланган маблағни қайта кўриб чиқиш ҳақида мажбурий кўрсатма берди.

Натижада, Бухоро давлат университети ва тиббиёт институтига асоссиз ҳисобланган 1,8 миллиард сўм ортиқча қарз қайта ҳисобланиши белгиланди. Шу билан бирга, келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Қўмита маълумотига кўра, ушбу қарордан норози бўлган томонлар Қўмита Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» Тошкентдаги бир корхонага электр энергияси учун 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад ҳисоблагани, Рақобат қўмитаси ҲЕТга асоссиз ҳисобланган даромадни истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма бергани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Бухородаги 2 та таълим ташкилотига электр энергияси учун 1,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз қарз ҳисобланган | Vaqt.uz