«Чекувчиларни уйига хат келгани йўқ-ку?!» — Тошкентда пешлавҳалар огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани изоҳланди

Пойтахт ҳокимлигида пешлавҳалари олиб ташланишидан жабр кўрган тадбиркорлар компенсация учун ҳокимликларга мурожаат қилиши мумкин.

«Чекувчиларни уйига хат келгани йўқ-ку?!» — Тошкентда пешлавҳалар огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани изоҳланди

Бир неча ойдан бери Тошкент шаҳридаги  дўконлар, супермаркетлар, дорихоналар, ишхона ва кафелар тепасига илинган пешлавҳалар оммавий тарзда олиб ташланмоқда. Тадбиркор орасида бундан норози бўлаётганлар анчагина. 

Хусусан, VAQT.UZ билан гаплашган магазин эгаси my.gov.uz портали орқали рухсат олганига қарамасдан, пешлавҳасини бузиб кетишганини айтди. 

Бугун, 3-апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтнинг ягона дизайн-кодини жорий этиш тақдимоти бўйича ўтказилган матбуот анжуманида VAQT.UZ мухбири Нозима Қаршибоева мутасаддилардан юқоридаги каби ҳолатларда тадбиркорлар кўрган зарарни ким қоплашини сўради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова тадбиркорлар компенсация учун туман ҳокимликларига мурожаат қилиши мумкинлигини айтди.

«Яъни биз хатоликларни инкор қилмаймиз. Агар шу жараёнда жабр кўрган тадбиркорлар бўлса, туман ҳокимлигига компенсация учун мурожаат қилишлари мумкин», – деди у.

Стратегик ривожланиш бўйича бошқарув раиси ўринбосари Рустам Қодиров тадбиркорларга расмий хат юборилиб, олдиндан огоҳлантирилмаганини 1-апрелдан тамаки маҳсулотларни нақд пул эвазига сотиб олиш мумкин эмаслиги тартиби жорий этилгани ва бу ҳар бир чекувчининг уйига зат жўнатилиб, огоҳлантирилмагани билан изоҳлади. 

«Мана, ҳозир мисол, мана, 1-апрелдан қонунчиликка жуда кўп ўзгаришлар киритилди-да. Масалан, жумладан, ўша тамаки маҳсулотларини нақд пулга олиб бўлмайди. Лекин ҳаммамизнинг уйимизга, ҳеч бўлмаганда сигарет чекадиганларнинг уйига хат келган йўқ-ку. Айтмоқчи бўлганим, 110 мингта, 110 мингта тадбиркор бор-да. Ўзи, мен тўғри тушунсам, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиндими, у тадбиркор озгина бўлса ҳам қизиқиши керак-ку. Мана, эълон қилди-ку, «дизайн-код киритиляпти, оғайнилар», деб. Қонунни билмаслиги масъулиятдан озод қилмайди дейишадику», - деди Стратегик ривожланиш бўйича бошқарув раиси ўринбосари Рустам Қодиров.

Теглар

Алибек Бейжанов

Алибек БейжановМақолалар сони: 413

Барчаси

Мавзуга оид