add

Citi: Сунъий интеллект фонд бозорининг асосий драйвери бўлиб қолади

16.12.2025 | 18:382352 дақиқа

Citigroup 2026 йил охирига келиб S&P 500 индекси 7700 пунктга етишини кутмоқда ва ўсишнинг асосий омили сифатида сунъий интеллектни кўрмоқда.

Citi: Сунъий интеллект фонд бозорининг асосий драйвери бўлиб қолади

Дунёдаги энг йирик инвестиция банкларидан бири — Citigroup (Citi) 2026 йил охирига келиб АҚШнинг асосий фонд индекси S&P 500 7700 пунктга етишини прогноз қилди. Reuters’нинг 15 декабр куни хабар беришича, банк таҳлилчилари АҚШ бозори ўсиши кучли корпоратив даромадлар ва сунъий интеллектга йирик инвестициялар ҳисобига давом этишига ишонмоқда.

Citi таҳлилий ҳисоботида таъкидланишича, 2026 йилда ҳам сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш фонд бозорининг марказий мавзуси бўлиб қолади. Бироқ инвесторлар стратегияси ўзгармоқда. Агар аввал СИ технологияларини ишлаб чиқарувчи компаниялар асосий эътибор марказида бўлган бўлса, эндиликда ушбу технологияларни бизнес жараёнларига фаол жорий этаётган компаниялар устувор аҳамият касб этади.

7700 пунктлик прогноз S&P 500 индекси учун жорий савдо ёпилиш даражаси — 6 827,41 пунктга нисбатан 12,7 фоизлик ўсишни англатади. Citi, шунингдек, индекс таркибига кирувчи компанияларнинг акцияга тўғри келадиган умумий фойдаси (EPS) 2026 йил якунида 320 долларга етишини кутмоқда. Бу бозордаги ўртача консенсус прогноз —310 доллардан юқори.

Банк таҳлилчилари базавий сценарийдан ташқари яна икки вариантни ҳам кўриб чиққан. Оптимистик сценарийда S&P 500 индекси 8300 пунктгача кўтарилиши мумкин. Пессимистик ҳолатда эса индекс 5700 пунктгача пасайиши эҳтимоли мавжуд.

Жорий йилда S&P 500 аллақачон 16 фоизга ўсди. Бу ўсиш сунъий интеллект атрофидаги эйфория ва фоиз ставкаларининг пасайишига оид кутилмалар билан боғлиқ. Айрим экспертлар бозор «қизиб кетгани» ва СИ активлари ортиқча баҳолангани ҳақида огоҳлантираётганига қарамай, Citi вазиятга нисбатан эҳтиёткор оптимизмни сақлаб қолмоқда.

Шу билан бирга, таҳлилчилар ҳозирги «буқа бозори» тўртинчи йилга кириб бораётганини эслатиб, 2026 йил давомида волатиллик кескин ошиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.

Теглар

Мавзуга оид