Click ҳар икки ойда акциядорларига миллиардлаб дивиденд тўламоқда

Бугун 17:552 дақиқа

Май ойидаги компания йиғилишида акциядорларга 1 дона акция учун 263 фоиз кўринишида дивиденд тўлаш бўйича қарор қабул қилинди. Компания акциядорлари ва унинг молиявий кўрсаткичлари ҳақида батафсил Vaqt.uz'да танишинг:

Click ҳар икки ойда акциядорларига миллиардлаб дивиденд тўламоқда © click

2026-йил 18-май куни бўлиб ўтган Click АЖ акциядорлари йиғилишида компаниянинг 78,6 млрд сўмлик сақланиб қолган фойдасини тақсимлаш масаласи кўриб чиқилди. Қарорга кўра, фойданинг 52,58 млрд сўми дивиденд тўловларига йўналтирилади.

Бу ҳар бир муомаладаги акция учун 2 629,06 сўмдан дивиденд тўланишини англатади. Фоиз ҳисобида 1 дона акция учун +262,9 фоиз дивиденд тўланмоқда. 

Дивидендлар 18-майдан бошлаб 16-июльгача бўлган муддатда Марказий қимматли қоғозлар депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали нақд пул шаклида тўлаб берилади.

Қолган 26,04 млрд сўм эса ҳозирча тақсимланмаган фойда сифатида қолдирилади. Эътиборлиси, Click бу йил деярли ҳар икки ойда акциядорларига дивиденд тўлаб келмоқда.

Жумладан, 2026-йил 18-мартдаги йиғилишда компания 114,6 млрд сўмлик сақланиб қолган фойдасидан 36 млрд сўмни дивидендлар учун ажратган эди. Ўшанда ҳар бир акция учун 1 800 сўмдан дивиденд белгиланган.

Бунгача эса 2026-йил 15-январ, шунингдек 2025-йил сентябрь ва ноябрь ойларида ҳам акциядорларга ҳар сафар 36 млрд сўмдан дивиденд тўлаш бўйича қарорлар қабул қилинган.


Click акциядорлари кимлар? 

iHamkor.uz маълумотларида кўрсатилишича, Click компаниясига етти нафар жисмоний шахс эгалик қилади. 

Акцияларнинг 35 фоизи Илёс Азимовга, 25 фоизи Азизулло Ғуломқодировга ва 20 фоизи Илҳом Азимовга тегишли. 

Улуғбек Рустамов, Рустам Файзиев, Жаҳонгир Усмонов ва Баҳодир Абдуқодиров 5 фоиздан улушга эга. Улуғбек Рустамов Click тўлов ташкилоти раҳбари ҳисобланади.

Март ойида Click ва Halyk Bank ўртасида 237 млн долларлик келишув амалга ошмагани маълум бўлганди. 

2025 йилдан эълон қилган келишувга кўра, Қозоғистон банки Click'нинг 49 фоиз улушини 176,4 млн доллар эвазига сотиб олиши, Click акциядорлари эса банкнинг Ўзбекистондаги шўъба банки — Тенге Банк акцияларининг 49 фоизини 60,8 млн долларга харид қилиши керак эди. 

Бундан аввалроқ, 2023 йилда Click компанияси Uzum билан бирлашиши ҳақида эълон қилинди. Бироқ, кейинчалик бунга Рақобат қўмитаси розилик бермаганди. 


Click қандай фойда оляпти? 

2026 йилнинг I чорагида тўлов ташкилоти 78,6 млрд сўм соф фойда олди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга кўпроқ. Click даромади бунда 209,4 млрд сўмни ташкил қилди. 

Бу даврда тўлов ташкилотининг асосий рақобатчиси Payme 104 млрд сўм фойда олишга эришди. Пул ўтказмаларининг катта қисми шу иккала тўлов ташкилоти орқали амалга оширилади

Click 2025 йилнинг III чорагида 287 млрд (+53 фоиз) сўм соф фойда олганди. Бунда даромад 30 фоизга ўсиб, 549 млрд сўмга етган.

Теглар

Мавзуга оид