Logo

Click насия маҳсулотларини ишга туширмоқчи

Бугун 15:552 дақиқа

Компания ўзининг BNPL маҳсулотларини ишлаб чиқмоқда, бироқ унинг шартлари ва қачон ишга тушиши ҳозирча очиқланмаган. Бу режа насия бозори учун қоидалар ўзгараётган пайтда амалга оширилмоқда.

Click насия маҳсулотларини ишга туширмоқчи © Sun'iy intelekt

Ўзбекистоннинг йирик тўлов ташкилотларидан бири Click ўзининг муддатли тўлов маҳсулотларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда компания маҳсулот менежери Шохрух Халтаев Trend’га маълум қилди.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда кредит ва муддатли тўлов хизматларидан фойдаланаётган аҳоли улуши ошиб бормоқда. Бу эса BNPL (Buy now pay later) — харидни ҳозир амалга ошириб, пулини кейинроқ бўлиб тўлаш хизматларига талабни кучайтиради.

Click бунгача Yandex билан Yandex Split номли ҳамкорлик лойиҳасини йўлга қўйганди. Хизмат орқали мижоз харид учун етишмаётган маблағни Yandex’дан олиб, қарзни қисмларга бўлиб қайтариши мумкин бўлган.

Халтаевнинг сўзларига кўра, лойиҳа ҳозир вақтинча тўхтатилган. Click бу йўналишдаги ишларни давом эттириб, ўз маҳсулотларини «бироз бошқача» моделда ишга туширмоқчи.

Бироқ янги маҳсулот Yandex Split’дан айнан нимаси билан фарқ қилиши очиқланмаган. Компания уни қачон ишга тушириши, маблағни Click’нинг ўзи ёки ҳамкор молия ташкилоти ажратиши, устама ва тўлов муддати қандай бўлиши ҳақида ҳам маълумот бермаган.

Click янги даромад йўналишини ривожлантираётган пайтда компаниянинг молиявий натижаларида харажатлар босими кучаймоқда.

Компания 2025-йилда 702,6 млрд сўм даромад ва 375,8 млрд сўм соф фойда олган. Даромад бир йилда 36 фоизга, соф фойда эса 27 фоизга ошган.

Бироқ 2026-йилнинг биринчи ярмида вазият ўзгарди. Click’нинг тушуми 23,8 фоизга кўпайиб, 437,6 млрд сўмга етган бўлса-да, харажатлари ундан тезроқ — 40,9 фоизга ошган. Натижада компаниянинг соф фойдаси 3 фоизга камайиб, 150 млрд сўмни ташкил қилган.

Соф фойда маржаси ҳам бир йил ичида 43,8 фоиздан 34,3 фоизгача тушган. Бунга бошқа операцион харажатларнинг 3,5 баравар ошиши ва тўлов ташкилотларининг стандарт солиқ режимига ўтказилиши таъсир қилган.

Шу билан бирга, Click фойдасининг катта қисмини мунтазам равишда акциядорларга тақсимлаб келмоқда. Vaqt.uz ҳисоб-китобига кўра, 2025-йил сентябрдан 2026-йил майгача қабул қилинган бешта қарор бўйича акциядорларга жами 196,6 млрд сўм дивиденд йўналтирилган.

Компания 2025-йил сентябр ва ноябрда, шунингдек, 2026-йил январ ва мартда 36 млрд сўмдан дивиденд ажратган. Май ойидаги навбатдаги қарорда эса дивиденд миқдори 52,58 млрд сўмгача оширилган.

Click’нинг янги маҳсулоти насия бозори учун қоидалар ўзгараётган бир пайтда ишлаб чиқилмоқда. 2027-йилдан муддатли тўлов компаниялари Марказий банк реестрига кириши, мижозларнинг қарз юкини текшириши ва шартномалар ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига юбориши керак бўлади.

Теглар

Мавзуга оид