Давлат рўйхатидан ўтмаган сув фонди ерларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилинади
2026 йил якунига қадар сув фонди ерлари хатловдан ўтказилади. Давлат рўйхатидан ўтмаган мулк ва ижара ҳуқуқлари бекор қилиниб, ерлар сув хўжалиги ташкилотларига доимий фойдаланиш учун ажратилади.
© Foto: wikimediaПрезидентнинг «Сув хўжалиги соҳасида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан сув фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни бошқариш тизимида бир қатор янги тартиблар белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 августга қадар сув фонди ерларини ижарага бериш, мониторинг қилиш, шартномаларни расмийлаштириш ва ҳисоботларни юритиш имконини берувчи «Suv-yer-ijara» ахборот тизими ишга туширилади. Мазкур платформа Сув хўжалиги вазирлигининг «Рақамли сув хўжалиги» ягона ахборот тизимига интеграция қилинади.
Шунингдек, сув омборлари атрофида ижарага берилган сув фонди ерларида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда халқаро сертификат талабларига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатилади.
Фармон билан Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига сув фонди ерларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш ҳамда уларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олиш бўйича давлат назорати ваколатлари берилди.
Энг муҳим ўзгаришлардан бирига кўра, 2026 йил охирига қадар сув фонди ерлари тўлиқ хатловдан ўтказилади. Бегоналаштирилган ҳамда жисмоний ва юридик шахслар номига мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади.
Мазкур ерлар сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Фармонга мувофиқ, ушбу ер участкалари бўйича тадбиркорлик субъектлари билан тузилган амалдаги ижара шартномалари қайта рўйхатдан ўтказилади.
Шунингдек, дарё ўзанлари ва сув хўжалиги объектларидан қазиб олинадиган қум-шағал материаллари ҳажмини ҳисоблаш ишлари Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасасининг асосий вазифалари ҳам тасдиқланди. Сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари Кадастр агентлиги тизими билан ҳамкорликда амалга оширилади.





