Долларга нисбатан кучайган валюталар: қайси давлатлар етакчи?
Сўнгги бир йилда бир қатор глобал валюталар АҚШ долларига нисбатан сезиларли даражада мустаҳкамланди. Исроил шекели 20,2 фоиз ўсиш билан етакчилик қилса, Қозоғистон тенгеси юқори даражали ўсиш қайд этди.
© СРСўнгги бир йил давомида бир қатор глобал валюталар АҚШ долларига нисбатан икки рақамли ўсишни қайд этди. Капитал оқимларининг ўзгариши, пул-кредит сиёсати бўйича кутилмаларнинг ўзгариши ва ички иқтисодий фундаментал омилларнинг яхшиланиши бунда муҳим рол ўйнади.
Қуйидаги инфографика долларга нисбатан энг катта ўсиш кўрсатган валюталарни намоён этади.

Энг катта ўсишни қайд этган валюталар
Йиллик ЯИМи 250 млрд доллар ва ундан юқори бўлган мамлакатлар таҳлил қилиниб, уларнинг валюталари долларга нисбатан сўнгги бир йилдаги кўрсаткичлар бўйича сараланди.
Етакчи ўринда Исроилнинг янги шекели турибди, у долларга нисбатан йил давомида 20,2 фоизга қимматлашган. Исроил банки раҳбари бу ўсишни можаро шароитида Исроил иқтисодиётининг барқарорлиги ва экспорт кўрсаткичларининг кучлилиги билан изоҳлайди. Шунингдек, мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқими ҳам юқори бўлиб, бу шекелга бўлган талабни оширмоқда.

Колумбия песоси ва Жанубий Африка ранди ҳам сўнгги бир йилда кучли ўсиш қайд этди – мос равишда 19,7 фоиз ва 16,4 фоизга АҚШ долларига нисбатан қимматлашди. Мексика песоси эса 16,4 фоиз ўсиш билан уларга яқин келди. Бу ўсиш юқори фоиз ставкалари (АҚШга нисбатан), рекорд даражадаги тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳамда жадал ривожланаётган туризм соҳаси билан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон миллий валютаси ҳам долларга нисбатан 6,8 фоизга мустаҳкамланди. Долларнинг расмий курси 2025-йилда 879,58 сўмга – 12 904,91 сўмдан 12 025,33 сўмгача қадрсизланган. Таққослаш учун, ўтган йилларда девалвация кузатилган: 2024-йилда – 4,71 фоизга, 2023-йилда – 9,92 фоизга, 2022-йилда – 3,58 фоизга.
Долларнинг глобал валюталарга нисбатан заифлашиши
Албатта, дунё бўйлаб валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан қимматлашишининг асосий сабабларидан бири АҚШ долларининг ўзи заифлашаётганидир.
Таҳлилчилар фикрича, бу пасайиш қисман АҚШ маъмурияти сиёсатининг олдиндан башорат қилиб бўлмайдиганлиги ҳақидаги бозор хавотирлари билан боғлиқ. Шунингдек, 2025-йил бошида Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкаларининг яна туширилиши кутилгани инвесторларни юқорироқ даромад излаб бошқа бозорларга йўналтирган ва бу долларга босимни оширган.
Глобал бозорлар учун бу нимани англатади?
АҚШ доллари заифлашганда, бу бутун дунёда пул оқимлари ва савдо жараёнларига таъсир қилади.
Масалан, АҚШ маҳсулотлари бошқа мамлакатлар учун арзонроқ бўлиб қолади, бу эса америкалик экспортёрларга фойда келтириши мумкин. Шу билан бирга, кучли валютага эга бошқа давлатлар компаниялари АҚШ товарлари билан рақобатлашишда қийинчиликка дуч келиши мумкин.
Инвесторлар учун эса заиф доллар бошқа мамлакатлардаги инвестициялар қийматини ошириши мумкин. Ҳатто инвестиция ўзи унча ўсмаса ҳам, валюта курси яхшилангани сабабли, улар АҚШ долларига қайта конвертация қилинганда қимматроқ бўлиши мумкин.





