Долларнинг қайтиши: Россия ва АҚШ иқтисодий алоқаларни тикламоқчи

Кремл Оқ уйга иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Хусусан, Россия АҚШ билан ҳисоб-китобларда долларга қайтишга тайёр. Ушбу қадам дунё молия тизимига қандай таъсир кўрсатади?

Долларнинг қайтиши: Россия ва АҚШ иқтисодий алоқаларни тикламоқчи

Ҳамкорликдан умидворлик

«Bloomberg» агентлигининг маълум қилишича, Кремл Доналд Трамп маъмурияти билан иқтисодий шерикликни кенгайтириш бўйича меморандум тайёрлаган. Агентлик Россиянинг юқори лавозимли мулозимлари орасида тарқатилган ҳужжатга таянган ҳолда бу хабарни бермоқда.

Унда Москва ва Вашингтоннинг иқтисодий манфаатлари мос келувчи еттита йўналиш баён этилган. Улардан бири — узоқ муддатли авиация шартномаларидир. Ушбу келишувлар доирасида Россия авиапаркини модернизация қилиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Қўшма Штатларнинг самолётсозлик соҳасидаги эҳтимолий иштироки ҳам кўриб чиқиляпти.

Меморандумнинг иккинчи банди нефт ва суюлтирилган табиий газ қазиб олиш бўйича қўшма корхоналар тузишга оид. Шу билан бирга, АҚШнинг аввалги инвестициялари ва уларнинг ўтмишдаги зарарларини қоплаш имконияти ҳам инобатга олинади.

Учинчи банд — Россия бозорига қайтишни истаган Америка компаниялари учун имтиёзли шартлар яратиб бериш. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши ядро энергетикасидир. Хусусан, сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳалар ҳам шулар жумласидан. Бундан ташқари, ҳужжатда хомашё, жумладан, литий, мис, никел ва платина каби нодир металлар бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф этилган.

1

Меморандумда алоҳида банд сифатида қазиб олинадиган ёқилғини «иқлим идеологияси»га муқобил сифатида биргаликда илгари суриш масаласи қайд этилган.

Ҳужжатнинг молиявий жиҳати — АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳисоб-китобларда, жумладан, энергия ресурслари савдосида доллар тизимига қайтишдир.

«Bloomberg»га кўра, бундай қадам аввалги сиёсий йўналишнинг кескин ўзгаришига олиб келади. Агентликнинг таъкидлашича, бу жаҳон молия тизимига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу сир эмас

Россия АҚШга иқтисодий ҳамкорликни таклиф қилмоқда ва бу ҳеч қандай сир эмас, деб баёнот берди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

«Bloomberg хабарида баён этилган ушбу маълумотлар анча аниқ ва тушунарли ҳолатдир. Албатта, биз ҳамкорлик таклиф қиляпмиз. Табиийки, икки мамлакат компаниялари бундан манфаатдор бўлиши мумкин — мана сизга қўшма корхоналар учун асос», — дея қайд этди Кремл вакили.

Песков, шунингдек, Россия ва АҚШ ўртасидаги ҳисоб-китобларда «яшил валюта»га қайтиш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.

«Агар доллар жозибадор бўлса, албатта, ҳамма ундан фойдаланишга қайтади», — деди Владимир Путиннинг матбуот котиби.

Шу билан бирга, у Москва Америка валютасидан ўз ихтиёри билан воз кечмаганини алоҳида таъкидлади. Чекловлар ташаббускори Вашингтон бўлган ва бундай шароитда муқобил тўлов шаклларига ўтишга мажбур бўлинган.

Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, доллардаги транзакцияларни тиклаш техник жиҳатдан мумкин. Бироқ Америка валютаси энди янги бозор шароитларига дуч келади.

Доллар дунёда тобора кенг қўлланилаётган муқобил пул бирликлари ва миллий валюталар билан рақобатлашишига тўғри келади, деди Песков.

Айни пайтда Россия Банки экспорт ҳисоб-китобларида долларга қайтиш бўйича музокараларда иштирок этмаётганини маълум қилди.

«АҚШ билан муносабатларнинг эҳтимолий ривожига келсак, биз Марказий банк сифатида, ҳар ҳолда ҳозирча, бу жараёнда қатнашмаяпмиз», — деди Россия регулятори раиси Элвира Набиуллина Марказий банк директорлар кенгаши йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжуманида.

2

Долларсиз имкон йўқ

Владимир Путиннинг таъкидлашича, Россия «де-долларизация сиёсати»ни юритаётгани йўқ.

«Биз доллардаги ҳисоб-китоблардан воз кечганимиз йўқ, бизга ҳисоб-китоб қилишни тақиқлаб қўйишди ва биз шунчаки бошқа имкониятларни қидиришга мажбур бўлдик», — деди Россия президенти 2024 йилги Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида.

Шу тариқа, 2023 йилда Путин ҳукуматга «дўст» мамлакатлар билан миллий валюталарда савдо қилиш ҳажмини оширишни топширган эди. Масалан, сўнгги уч йил ичида Хитой билан савдо алоқаларида миллий валюталарнинг улуши 99,1 фоизга етди. Россия экспортида юан 34,5 фоизни эгаллаган бўлса, рубл улуши 40 фоиздан ошди.

«Бу рақамлар — мажбурий мослашиш натижасидир, бироқ улар айни пайтда реал имкониятларни ҳам кўрсатиб турибди. Ҳозирда доллар тизимига қайтиш учун имконият туғилмоқда. Глобал молиявий архитектурадан узилиб қолиш узоқ муддатли истиқболда манфаатли эмас», — деди «Goldman Agency» алоқа агентлиги ҳамкори Аҳмед Юсупов TRT нашрига берган интервюсида.

Гап шундаки, доллар ҳали-ҳамон глобал молия тизимида ҳал қилувчи ролни сақлаб қолмоқда. Унинг жаҳон захираларидаги улуши 57,4 фоизни ташкил этади. Юан эса бор-йўғи 2 фоизлик улушга эга.

«Америка валютаси халқаро ҳисоб-китобларнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда. Муқобил валюталарга ўтиш санкциялар шароитида омон қолиш масаласини ҳал қилди, бироқ курсларнинг беқарорлигидан тортиб, логистика харажатларигача бўлган янги қийинчиликларни келтириб чиқарди. Агар бир вақтнинг ўзида доллар, юан ва рублда ишлаш имконияти пайдо бўлса, бу бизнес учун ҳаракат эркинлигини кенгайтиради ва транзакция харажатларини камайтиради», — дея қўшимча қилди Аҳмед Юсупов.

3

Асосий масала — шартларда

АҚШ билан савдо-сотиқда доллардан фойдаланиш миллий валюталарга ўтиш тамойилига зид келмайди, деб баёнот берди Дмитрий Песков.

«Бундай қадам, аксинча, Россия тенг ҳуқуқлилик шарти асосида барча билан ишлашга тайёр эканини кўрсатади. БРИКС ўз тўлов тизимларини ривожлантиришда давом этади, бироқ блокнинг ягона валютаси — узоқ келажак масаласи. Аниқ вазифалардан келиб чиқиб, турли валюталарда ҳисоб-китоб қилиш эса — бугунги кун воқелигидир», — дейди Аҳмед Юсупов.

Экспертнинг таъкидлашича, Хитой билан муносабатларни сақлаб қолган ҳолда доллар бозорларига чиқиш хавфларни тўғри диверсификация қилиш имконини беради.

Бироқ асосий масала — қайси шартлар асосида? Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таъкидлашича, АҚШ долларни «номақбул» томонларга қарши қуролга айлантириб олган.

Шу сабабли, Америка валютасига қайтиш фақат ҳисоб рақамларни блоклаш хавфи бартараф этилганда ва халқаро ҳисоб-китоб тизимларига кириш имконияти таъминлангандагина мумкин бўлади.

 

Теглар

Мавзуга оид