add

Дунёда қайси давлатлар энг йирик олтин захирасига эга?

26.11.2025 | 15:4518602 дақиқа

Олтин ҳали ҳам дунёда энг ишончли активлардан бири бўлиб қолаётган даврда марказий банклар унинг захираларини кўпайтиришда давом этмоқда. Бу юқори талаб 2025 йилда олтин нархини рекорд даражага ошиб кетишига сабаб бўлди.

Дунёда қайси давлатлар энг йирик олтин захирасига эга?

Олтин ҳануз дунё молия тизимида энг ишончли ва барқарор активлардан бири сифатида ўз мавқеини сақлаб келмоқда. Марказий банклар геосиёсий беқарорлик, инфляция хавфи ва валюталар барқарорлигига оид ташвишлар фонида олтин захираларини кенгайтиришда давом этмоқда. 2025 йилда ушбу талаб кучайиши натижасида олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи тарихий чўққига кўтарилди.

BullionVault платформаси тақдим этган 2024 йилги маълумотларга кўра, дунёда энг йирик расмий олтин захирасига АҚШ эгалик қилади. Мамлакат 8 133,5 тонна олтинга эга бўлиб, унинг асосий қисми Форт-Ноксда ва Ню Йоркдаги Федерал захира банки омборларида сақланади. Бу ҳажм ўнлаб йиллардан бери деярли ўзгаргани йўқ.

Кейинги ўринларда Германия (3 352 тонна), Италия (2 452 тонна) ва Франция (2 437 тонна) — жами 8 200 тонна олтинга эга.

Сўнгги йилларда Хитой ҳам олтин захираларини кескин оширмоқда. 2019 йилда 1 948 тоннани ташкил этган захира 2024 йилга келиб 2 280 тоннага етди. Бу жараён Пекиннинг АҚШ қимматли қоғозларига боғлиқликни камайтириш, давлат активларини диверсификация қилиш ва юаннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Россия 2 333 тонна олтин билан бешинчи ўринда. Мамлакат 2014 йилдан сўнг санкциялар кучайган муддатда олтин захираларини жадал равишда тўплаган.

Туркия (595 тонна) ва Полша (448 тонна) каби ривожланаётган иқтисодиётлар ҳам олтинга йўналтирилган инвестицияларини оширмоқда. Бу мамлакатлар олтинни инфляцияга қарши ҳимоя, валюталардаги ўзгарувчанлик ва геосиёсий хавфлардан сақловчи муҳим актив сифатида кўрмоқда.

Глобал беқарорлик шароитида олтин давлатлар учун стратегик захира сифатида янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Марказий банклар олтин сотиб олишни давом этар экан, бозорда бу истеъмол узоқ муддатли тенденцияга айланиши мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банкидаги олтин захиралари 2025 йил октабр ҳолатига кўра, 366 тоннани ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил октабр ойида қарийб 60 миллиард долларга етиб, тарихий рекорд ўрнатгани, бир ой ичида бу захиралар 4,34 млрд долларга кўпайгани ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид