Logo

Энди газ ва электр энергияси компенсациясини ягона портал орқали расмийлаштириш мумкин

Бугун 18:262 дақиқа

Аризалар ҳар ойнинг 16-санасига қадар қабул қилинади. Компенсация тасдиқлангач, маблағ кейинги ойнинг 27-санасига қадар фуқаронинг ижтимоий ёки банк картасига ўтказиб берилади.

Энди газ ва электр энергияси компенсациясини ягона портал орқали расмийлаштириш мумкин

Газ ва электр энергияси учун давлат компенсациясини энди Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн расмийлаштириши мумкин. Бу ҳақда порталнинг расмий Telegram каналида маълум қилинди.

Компенсациядан Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар, шунингдек, реестрга киритилмаган, аммо «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидаги мезонларга мос фуқаролар фойдаланиши мумкин. Бунда оила аъзоларига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан, яъни 1 млн 72,5 минг сўмдан ошмаслиги талаб этилади.

Компенсация базавий меъёрдан ортиқ сарфланган электр энергияси ва табиий газ учун ажратилади. Электр энергияси бўйича ойига 150 кVт·соатгача, табиий газ бўйича эса иситиш мавсумида 250 куб метргача, бошқа ойларда 150 куб метргача бўлган ҳажм қамраб олинади.

Ариза бериш тартиби

Аризаларни my.gov.uz портали орқали онлайн юбориш, шунингдек Давлат хизматлари марказлари, «Инсон» марказлари ёки маҳалладаги ижтимоий ходимлар орқали ҳам топшириш мумкин.

Мурожаатлар ҳар ойнинг 16-санасигача қабул қилинади. Агар ариза ушбу санадан кейин юборилса, у кейинги ой учун кўриб чиқилади.

Ариза ижобий кўриб чиқилган тақдирда, компенсация маблағи кейинги ойнинг 27-санасигача фуқаронинг ижтимоий ёки банк картасига ўтказилади. Натижа ҳақида SMS хабар ҳамда шахсий кабинет орқали маълумот юборилади. Хизмат учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-июнидан эҳтиёжманд оилаларга тўланадиган энергия компенсациялари миқдори оширилган эди.

Янги тартибга кўра, электр энергияси учун компенсация 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга етказилди. Табиий газ бўйича эса иситиш мавсумидаги тўлов 200 минг сўмдан 225 минг сўмга, бошқа мавсумларда эса 120 минг сўмдан 135 минг сўмга оширилди.

Теглар

Мавзуга оид