
Эрон қурол экспортида криптовалютага ўтишни таклиф қилди
Теҳрон Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш мақсадида ракета ва дронлар учун криптовалюта орқали тўлов қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Эрон Мудофаа вазирлигининг экспорт маркази — Миндех хорижий давлатлар ҳукуматларига илғор қурол-яроқ тизимларини етказиб бериш бўйича шартномалар таклиф қилмоқда. Тўлов воситаси сифатида криптовалюта ва Эрон риёллари қабул қилиниши, шунингдек бартер асосида келишувлар тузилиши мумкин. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бу давлат даражасида стратегик ҳарбий техникани экспорт қилишда криптовалютани расман тўлов воситаси сифатида қабул қилишга тайёр эканини очиқ билдирган илк ҳолат ҳисобланади. Бу орқали Эрон ҳокимияти АҚШ ва Европа томонидан жорий этилган молиявий чекловларни четлаб ўтишга уринаётгани таъкидланмоқда.
Миндех маълум қилишича, марказ ҳозирда 30–35 та давлат билан ҳамкорлик қилади. Қурол-яроқлар каталогига Эмад туридаги баллистик ракеталар, Шаҳед дронлари, Шаҳид Солеимани синфидаги ҳарбий кемалар ҳамда қисқа масофали ҳаво мудофааси тизимлари киритилган. Шунингдек, сайтда ўқотар қуроллар ва кемаларга қарши қанотли ракеталар ҳам таклиф этилмоқда.
Ғарб давлатлари ва БМТ маълумотларига кўра, мазкур қуролларнинг айрим турлари Яқин Шарқда Эрон қўллаб-қувватлайдиган гуруҳлар томонидан қўлланиб келинмоқда. Миндех эса харидорлар қуроллардан “бошқа давлат билан уруш давомида” фойдаланиш бўйича белгиланган шартларга рози бўлиши лозимлигини билдирган. Бироқ ушбу шартлар музокара жараёнида ўзгариши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
Анъанавий молиявий тизимлар орқали Эронга тўлов амалга оширган томонлар АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг иккиламчи санкцияларига дуч келиши мумкин. АҚШ ҳукумати расмийлари аввал ҳам Эронни нефть савдоси ва “соядаги банклар” орқали рақамли активлардан фойдаланганликда айблаган.
Стокгольм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш институти маълумотларига кўра, 2024 йилда Эрон қурол-яроқ экспорти ҳажми бўйича дунёда 18-ўринни эгаллаган бўлиб, Норвегия ва Австралиядан ортда қолган.





