add

Эрондаги норозиликлар фонида Россияга катта миқдорда олтин олиб чиқилгани айтилмоқда

07.01.2026 | 20:252 дақиқа

Британия депутати Эрондаги оммавий норозиликлар фонида ҳукумат катта миқдордаги олтинни Россияга олиб чиққан бўлиши мумкинлигини билдирди.

Эрондаги норозиликлар фонида Россияга катта миқдорда олтин олиб чиқилгани айтилмоқда

Эронда ўн кундан буён давом этаётган оммавий норозиликлар фонида мамлакат ҳукумати катта миқдордаги олтин захираларини Россияга олиб чиққан бўлиши мумкин. Бу ҳақда Британия парламенти аъзоси Том Тугендҳат баёнот берди. Унинг айтишича, сўнгги кунларда Россия юк самолётлари Теҳронга қўниб-учгани ва Эрондан катта ҳажмда олтин олиб чиқилгани ҳақида хабарлар мавжуд.

«Human Rights Activists News Agency» маълумотларига кўра, иқтисодий қийинчиликлар ортидан бошланган намойишлар натижасида ҳалок бўлганлар сони 36 нафарга етган. Ҳуқуқ ҳимоячилари қайд этишича, норозиликлар мамлакатнинг 31 вилоятидан 27 тасида кузатилган. Қурбонлар орасида 34 нафар намойишчи ва ҳуқуқ-тартибот органларига мансуб икки киши бор. Қурбон бўлган намойишчиларнинг жаноза маросими ҳам минглаб инсонлар иштирокидаги сиёсий акцияларга айланиб кетмоқда.

HRANA ҳисоботида таъкидланишича, мамлакат бўйлаб 285 нуқтада бўлиб ўтган акцияларда ўнлаб одамлар яраланган, 2 минг 76 киши эса қўлга олинган. Яраланишлар асосан резина ва сочма ўқлар оқибатида содир бўлган. Эрон расмийлари ҳозирча ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бўйича расмий маълумот бермаган.

Том Тугендҳат парламентдаги чиқишида Россия юк самолётлари эҳтимол қурол-яроғ ва ўқ-дори ташиётган бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлади. Шу билан бирга, у Эрон ҳукумати эҳтимолий ҳокимият инқирози ортиданги ҳаётга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга яқин ёки йўқлиги бўйича Британия ҳукуматидан изоҳ сўради.

Британиянинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича давлат котибининг парламентдаги ўринбосари Ҳамиш Фалконер бу маълумотлар юзасидан аниқ изоҳ бермади. У Британия Эрон фуқароларининг тинч йиғилиш ва норозилик билдириш ҳуқуқларини асосий ҳуқуқ сифатида кўришини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Эрондаги норозиликлар 2025 йил 28 декабрда миллий валютанинг кескин қадрсизланиши ортидан Теҳрондаги Буюк бозорда бошланган ва кейинчалик мамлакат бўйлаб тарқалган.

Теглар

Мавзуга оид