
G7 мамлакатлари Украина энергия тизимини тиклашда ёрдам беради
Россиянинг сўнгги ракета ҳужумларидан кейин G7 мамлакатлари Украина энергия тизимини тиклаш учун молиявий ва техник ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

«Катта еттилик» — G7 мамлакатлари Россиянинг Украина энергетикасига қарши қилган ҳужумларидан кейин Киевнинг энергия таъминотини тиклаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришини маълум қилди. Бу ҳақда гуруҳга аъзо давлатлар энергетика вазирларининг қўшма баёнотида айтилган.
Баёнотда таъкидланишича, G7 Украина энергетика соҳасини тиклашни қўллаб-қувватлаш учун тўғридан-тўғри молиявий ёрдам, кредит линиялари, суғурта механизмлари ва сиёсий мувофиқлашув чораларини амалга оширади. Шунингдек, хусусий сектор сармоялари учун қулай муҳит яратилиши, бу эса энергия инфратузилмасини қайта тиклаш ва барқарорлаштириш жараёнини тезлаштириши таъкидланган.
«Бу чоралар фақат қисқа муддатли тикланишга эмас, балки Украина энергетика сектори ва бошқа соҳаларда инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади баёнотда.
G7 мамлакатлари Россияга нисбатан жорий этилган энергия соҳасига оид санкцияларни сақлаб қолишини ва Москванинг эски нефт танкерларидан иборат «хуфиёна флоти» орқали нефт сотиб, урушни молиялаштириш имкониятларини чеклаш бўйича қўшимча чоралар кўришини ҳам билдирган.
Шу билан бирга, вазирлар Россия томонидан Украина энергия инфратузилмасига йўналтирилган янги ҳужумларни кескин қоралади. Улар газ инфратузилмасига берилган зарбалар аҳолининг ҳаёти ва хавфсизлиги учун жиддий таҳдид эканини таъкидлади.
Баёнотда Украина энергетикларининг жасорати ва матонати алоҳида қайд этилган. «Ҳужумлар ва хавфларга қарамасдан, улар аҳолига электр ва иссиқлик етказиб бермоқда», — дейилади ҳужжатда. Шунингдек, Россия зарбалари натижасида ҳалок бўлган украин энергетиклари хотираси ёдга олинган.





