add

«Golden House» қурилиш компанияси огоҳлантирилди

Компания шартномаларида харидор ўз ташаббуси билан келишувни бекор қилган ёки қурилиш фаолиятидан норози бўлиб ОАВ, тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат қилган тақдирда шартнома қийматининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланиши белгилангани аниқланган.

«Golden House» қурилиш компанияси огоҳлантирилди

Рақобат қўмитаси «Golden House Property Group» масъулияти чекланган жамияти фаолиятини ўрганиш натижасида истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ҳолатлар мавжудлигини аниқлади. Бу ҳақда қўмита расмий баёнот берди.

Маълумотларга кўра, Рақобат қўмитасининг ижтимоий тармоқларида «Танқид учун жарима ундирилиши қонунийми?» мазмунида қолдирилган мурожаат фуқаролар муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Мурожаатда «Агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мижозлар бу қурувчи корхона устидан ҳатто мурожаат қилинган тақдирда унинг ишчанлиги ва обрўсига путур етказилган дея яна унга жарима қўлланиши» ҳам билдирилган.

Қўмита олиб борган ўрганишларда маълум бўлишича, компания мижозлар билан тузилган шартномаларда, агар харидор келишувни ўз ташаббуси билан бекор қилса ёки қурилиш фаолиятидан норози бўлиб оммавий ахборот воситалари ёки давлат идораларига мурожаат қилса, шартнома қийматининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланилиши белгилангани аниқланган.

Қўмита бу ҳолатни «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 6, 21 ва 23-моддалари талабларига зид деб топди. Унга кўра, бундай шартлар истеъмолчининг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва норозилик билдириш имкониятини ноқонуний чеклайди.

Шу муносабат билан «Golden House Property Group» компаниясига қонун бузилиш ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган.

Golden House Property Group Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш қўмитаси баёноти ҳамда унга оид ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар юзасидан расмий изоҳ берди.

Баёнотда таъкидланишича, оммавий муҳокамаларда турлича ҳуқуқий табиатга эга бўлган икки банд аралаштириб юборилган.

Биринчи банд — улушдор ташаббуси билан шартномани бекор қилиш ҳолатида девелопернинг зарарларини қоплаш масаласини тартибга солади. Иккинчиси эса компаниянинг ишбилармонлик нуфузига ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали зарар етказиш ҳолатларига тааллуқли.

Компания изоҳига кўра, Қўмита баёнотида тилга олинган шартнома банди фақат тижорат сирини ва компаниянинг ишбилармонлик обрўсини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, мижозларнинг қонуний шикоят ёки асосли танқид билдириш ҳуқуқини чекламайди.

Golden House шуни ҳам таъкидлайдики, улушчиларнинг барча қонуний ҳаракатлари мазкур банди доирасига кирмайди ва уларга нисбатан ҳеч қандай жарима чоралари қўлланилмайди.

Компания Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этади ва мижозлар ҳамда ҳамкорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни устувор вазифа деб билади.

Шунингдек, Golden House Property Group регулятор ва бошқа давлат органлари билан фаол мулоқот олиб бориб, шартномавий бандларнинг мақсад ва мазмуни тўғри англаниши учун ҳамкорлик қилмоқда.

Компания оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотга тайёр эканини, мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса доимий устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

Рақобат қўмитаси тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги Қонунга таяниб, барча бизнес субъектлари рақобат ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қоидаларига қатъий амал қилиши лозимлигини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси кредит ва микроқарз рекламаcида аҳолини эҳтимолий молиявий хатарлар ҳақида огоҳлантиришни мажбурий этишни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид