
Гулистондаги фожеали ёнғин, рейдга чиққан Мирзиёева, тандирларга «уруш» очган ҳоким — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.
Гулистонда ошхонада газ портлади: одамлар қурбон бўлди. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш нечоғлик муҳим эканига яна бир бор амин бўлдик.
Жабрланувчилардан уч нафари вафот этган, бир киши ўта оғир аҳволда, яна беш киши жонлантириш бўлимида қолаётгани хабар қилинди.
29 киши жароҳатланган бўлса, улардан 26 нафари шифохонага ётқизилган. Гулистонга ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев жароҳатланганлар ҳолидан хабар олди, яқинларига тасалли берди. Вафот этганларнинг оилаларига давлат ҳисобидан 100 млн сўмдан пул бериш ҳақида топшириқ берди.
Шу ва ҳафтанинг бошқа энг муҳим воқеалари — бугун ҳафталик дайджестимизда.
Шаҳрихонда тандирларга қарши уруш очган ҳоким
Ҳавони ифлослантираётган иссиқхоналарни ўз кўзи билан кўрган Саида Мирзиёева
Афғонистонга ўтиш учун очилган кўприк
Ўзбек футболчиларининг Жаҳон чемпионатидаги рақиблари
Гулистонда 3 киши газ портлаши қурбони бўлди
2 декабр куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳридаги умумий овқатланиш корхоналаридан бирининг ошхонасида газ баллони портлади.
Дастлаб вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳалок бўлганлар йўқлигини билдирди. Бироқ 3 декабр куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч нафар бемор вафот этганини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, портлаш ошхонадаги ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган пропан балонидан сизиб чиққан ва хона ичида тўпланган газнинг чақнаши оқибатида юзага келган.
ИИВга кўра, портлашга алоқадор мансабдор шахсларнинг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган ҳамда ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
4 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташрифи доирасида шифохонага келиб, улардан хабар олди, яқинлари билан суҳбатлашди.
Шунингдек, Президент топшириғи билан Гулистoндаги портлаш қурбонларининг оиласига 100 млн сўмдан бериладиган бўлди.
Ҳоким тадирларга «уруш» очди ва енгилди
«Салла» дейилса, «калласи»ни олиб келадиган ҳокиму амалдорларга кўникиб қолдик. Ҳар қандай эзгу ташаббусни обрўсизлантирадиган ҳокимлардан бу галгиси Андижон вилоятида «лаббай» деб ўртага чиқди. Андижон вилоятида гўёки «экологик вазиятни яхшилаш» важи билан сомсахона тандирларини буздирган Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулла Дадахоновга интизомий жазо сифатида ҳайфсан берилди.
Шаҳрихон тумани ҳокими экологик рейд чоғида айрим сомсахоналар тандирларини бузишга буйруқ бергани ва ходимларни сафарбар қилгани маълум бўлди.
Ёппасига буздирилаётган тандирлар ҳақидаги ваҳимали тасвирлар дастлаб Telegram’да хабар берилган, бироқ пост кейинроқ ўчирилган.
Хабарда ҳаво ифлосланишини камайтириш учун туну-кун рейдлар ўтказилаётгани ва талабларга жавоб бермаган овқатланиш ҳамда маиший хизмат объектлари вақтинча ёпилаётгани айтилганди.
Андижон вилоят ҳокимлиги туман ҳокимига тандирларни буздиргани учун «ҳайфсан» берилганини, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича тушунтириш ишлари ўтказилганини билдирди.
Бу орада, Бизнес-омбудсман экологик рейдлар вақтида тадбиркорлар мулкига зарар етказилаётгани ҳақида шикоятлар борлигини айтиб, давлат органларини хусусий мулк ҳуқуқларини бузмасликка ва қонунига қатъий риоя қилишга чақирди
Саида Мирзиёева ҳам экорейдга чиқди
Тошкент ҳавосининг ифлосланиши нафақат фуқаролар, балки давлат амадорларининг ҳам назаридан четда қолгани йўқ.
2 декабр куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раислигида Тошкент шаҳридаги ҳаво ҳолати бўйича махсус комиссия йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишдан сўнг Саида Мирзиёева масъуллар билан бирга ҳавони зарарлаётган иссиқхоналар бўйича рейдга чиқди. Шундай иссиқхоналардан бирининг раҳбарига қилаётган иши нотўғри эканини тушунтириб, буни тўхтатишни буюрди.
Администрация раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан мунтазам равишда ҳисобот бериб туришни талаб қилди.
Экологик вазиятни яхшилаш бўйича чоралар бир марталик қилинадиган ишлар эмаслиги, ҳаво яхшилангандан сўнг ҳам бу ишлар тўхтамаслиги, балки изчил ва тизимли давом этиши зарурлиги раҳбарларга қатъий эслатиб ўтилди.
Ўзбекистон яна қарз олмоқда
Ўзбекистоннинг давлат қарзи бир йилда деярли 1,1 баробарга ортиб, 44 млрд долларга яқинлашди.
Шунга қарамасдан, Ўзбекистон яна қарз олмоқда. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва Ўзбекистон ҳукумати «Яшил ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш дастури»ни молиялаштириш учун 500 миллион доллар ажратиш бўйича келишув имзолади.
Дастур экологик барқарор ва бозорга йўналтирилган ривожланиш моделига ўтишни тезлаштиришга қаратилган. У паст углеродли ўсишни қўллаб-қувватлаш, давлат сектори самарадорлигини ошириш ва иқлим барқарорлигини кучайтиришни мақсад қилади.
Дастур Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ташаббус иссиқхона газлари чиқиндиларининг камайиши, ҳаво сифатининг яхшиланиши ва энергия тежамкор технологиялар орқали аҳоли, айниқса ҳимояга муҳтож гуруҳлар яшаш шароитларининг яхшиланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳайратон кўприги фуқаролар учун очилмоқда
Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи Термиз—Ҳайратон кўприги орқали фуқароларни ўтказиш пунктлари қайта иш бошлади.
«Энди йўловчилар икки давлат орасида тўғридан-тўғри ва хавфсиз тарзда ҳаракатланиши мумкин. Шу билан бирга, виза талаби ўз кучида қолади», — дейилади хабарда.
2021 йилнинг августида Толибон ҳаракати Афғонистонни эгаллагач, Ўзбекистон томони қочқинлар оқимининг олдини олиш мақсадида чегарадан фуқаролар ўтиши чекланган эди.
Кейинчалик бу чеклов ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Афғонистонга боришини қийинлаштириб келаётган эди: Ҳайратон кўпригидан 75 км масофада жойлашган Мозори Шарифга етиб олиш учун ўзбекистонликларга 1 соат вақт кифоя қилган бўлса, шу пайтгача Тожикистон ҳудудида жойлашган айланма йўлдан фойдаланишга ва Афғонистоннинг энг яқин шаҳрига бориш учун бир сутка вақтини сарфлашга мажбур бўлаётан эди. Энди бу чекловлар бекор қилинди ва йўл яна очилди.
Чегарадан ўтиш тартибининг тикланиши экспорт қилувчи корхоналар учун катта қулайлик яратади. 2026 йилда Афғонистонга экспорт ҳажмини 2,5 млрд долларга етказиш мўлжалланмоқда.
Гулшан Алимардонова жаҳон чемпиони бўлди
Бу ҳафта ўзбекистонликлар учун спорт оламида қувончли воқеалар бўлди. Ўзбекистон тарихида илк бор аёл каратечи жаҳон чемпионига айланди
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ўтаётган каратe бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчи Гулшан Алимардонова вазни 50 килограммгача бўлган каратэчилар тоифасида олтин медални қўлга киритди.
Бу ғалаба билан Гулшан Алимардонова Ўзбекистон спорт тарихига аёл каратечилар орасида биринчи жаҳон чемпиони сифатида ўз номини ёзди.
Шу пайтга қадар каратe бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар ичида фақат Достонбек Отаболаев олтин медални қўлга киритган эди.
Нодирбек Абдусатторов турнир ғолиби
4 декабр куни 50 минг фунт стерлинг мукофот жамғармага эга London Chess Classic 2025 нуфузли турнирида Нодирьек Абдусатторов бир тур аввал чемпионликни расмийлаштирди.
Абдусатторов 8-турда франциялик Алиризо Фирўзжага қарши дона сурди ва дурангга эришди. Бу натижа унга 8 имкониятдан 7 очко тўплаш имконини берди. Фирўзжа эса 5 очко билан иккинчи ўринга жойлашди. Шу тариқа, ўзбекистонлик гроссмейстер охирги тур натижасидан қатъий назар, турнир ғолиби сифатида ўз позициясини мустаҳкамлади.
London Chess Classic’dagi муваффақиятдан сўнг Нодирбек Абдусатторовнинг рейтинг кўрсаткичлари кескин яхшиланди. У онлайн-жадвалда 20 очко қўшиб, 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилди.
Бу ўзбекистонлик шахматчиларнинг кетма-кет иккинчи ғалабаси. Аввалги ҳафта 19 ёшли Жавоҳир Синдоров Ҳиндистонда FIDE жаҳон кубогини қўлга киритган эди.
Темур Кападзе — «Навбаҳор» бош мураббийи
Наманган футбол клуби 44 ёшли мутахассис Темур Кападзе билан шартнома имзолангани эълон қилди.
Кападзе раҳбарият билан учрашув чоғида жамоанинг келгуси режалари, тактик йўналиши ва ривожланиш стратегияларини батафсил муҳокама қилгани қайд этилди. Музокаралар натижасида мутахассис клуб билан расман шартнома имзолаб, жамоага раҳбарлик қилишга киришди.
Эслатиб ўтамиз, Темур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоасини Олимпиада ва Жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббий сифатида тарихга кирган.
«Яшил майдонлар»га 150 млрд сўм
2026 йилдан ҳар йили «яшил майдон»лар барпо этиш учун 150 млрд сўм ажратилади.
Президент ҳузуридаги йиғилишда ҳаво сифати, чиқиндиларни қайта ишлаш ва полигонларни экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича янги талаб ва молиявий чоралар белгиланди.
Маълумотларга кўра, охирги йилларда 47 та полигон ёпилиб, рекултивация қилинган ва 243 гектар ер табиатга қайтарилган. Бироқ ишлаб турган 132 та полигоннинг аксариятида ҳимоя деворлари, «яшил белбоғ» ва экологик хавфсизлик инфратузилмаси йўқлиги жиддий муаммо сифатида таъкидланди. 2030 йилгача маиший чиқинди полигонларини 50 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилди.
«Бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатяпти ва аҳоли эътирозларига сабаб бўляпти. Шу боис, маиший чиқинди полигонларини экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш зарур. Бу масалага фақат чиқиндисини бошқариш эмас, балки саноат, энергетика, экологик маданият билан узвий боғлиқ йўналиш сифатида ёндашиш лозим», – дейди Мирзиёев.
Теглар






