Logo

Ҳақли чемпион. Ҳужумда ҳимояланадиган Испания Аргентинага имкон қолдирмади

Кеча 15:1612 дақиқа

2026 йилги Жаҳон чемпионати якунига етди. Финалда Испания катта устунликка эришиб, қўшимча бўлимлардаги гол эвазига ғалабага эришди. 2022 йилги чемпион Аргентина эса кутилган ўйинни кўрсата олмади, асосий вақтда бирорта зарба бера олмаган ҳолда антирекорд ўрнатди. Хўш, Европа жамоаси ниманинг эвазига ғолиб бўлди ва қай тариқа Мессини зарарсизлантира олди? Қуйида шунга жавоб излаймиз.

Ҳақли чемпион. Ҳужумда ҳимояланадиган Испания Аргентинага имкон қолдирмади © Ijtimoiy tarmoqlar

Тўпга 65% эгалик қилиш – Испаниянинг Жаҳон чемпионатидаги классик услуби

Аниқроқ айтганда, 65,1%. Бу — жуда катта ютуқ, айниқса, рақиб ҳам тўпга эгалик қилиш бўйича энг яхши беш жамоа қаторига кирганини ҳисобга олсак. Испания энг қийин ўйинда ҳам ўз услубидан воз кечмади.

Энг муҳими, Аргентина футболчисининг майдондан четлатилиши деярли ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Энцо Фернандес қизил карточка олгунига қадар ҳам испанлар тўпга вақтнинг 65,9 фоизида эгалик қилиб турганди.

Шунингдек, Лионел Скалонининг тактик ўзгаришлари ҳам сезиларли натижа бермади. Аргентина таркибидаги энг катта кутилмаган қарор – ҳар 90 дақиқага ҳисобланган узатмалар сони бўйича Жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлган Леандро Паредеснинг асосий таркибда йўқлиги эди (бу кўрсаткичда у ҳатто Родридан ҳам юқори эди). Унинг ўрнига Нико Гонсалес туширилди, таянч яримҳимояда эса Энцо Фернандес ва Алексис Мак Аллистер жуфтлик ҳосил қилди.

Бу қарор Скалони ташаббусни қўлга олишга ҳатто уринмаганини кўрсатди. Фернандес ва Мак Аллистер таянч яримҳимоячи вазифасини бажара олади, аммо клубларида бу вазифани одатда шериклари билан бўлишади. Улар маълум ҳажмдаги ишни бажара олади, аммо ўйин назоратини тўлиқ қўлга олишга ихтисослашмаган. Тезкор Нико Гонсалеснинг майдонга туширилиши ҳам шу режага мос эди. Эҳтимол, унинг тезлиги орқали Испаниянинг юқори жойлашган ҳимоя чизиғини очиш мақсад қилинган.

Биринчи бўлимда Скалонининг режаси амалга ошмади. Улар Гонсалесни ҳимоя ортига узатмалар билан чиқаришга ҳаракат қилди. Биринчи сув ичиш вақтигача бўлган ҳужумлар харитасида ҳам узатмаларнинг аксарияти Нико томон йўналтирилганини кўриш мумкин.

Танаффусда Скалони жамоани одатий ўйинига қайтаришга ҳаракат қилди: Гонсалес майдонни тарк этди, Паредес таянч яримҳимояга қайтди. Энди эътибор тўпга эгалик қилиш ва турнир давомидаги анъанавий услубга қаратилди. Аргентина тўпни кўпроқ назорат қила бошлади, аммо бу фақат иккинчи бўлим бошидагина давом этди. Кейин эса Испания тўпга эгалик қилиш даражасини ҳатто 69,8 фоизгача оширишга муваффақ бўлди.

Испания асосий вақтда рақибига бирорта ҳам зарба беришга йўл қўймади. Аргентинанинг биринчи зарбаси 117-дақиқада амалга ошди.

1

Аргентина Жаҳон чемпионати финаллари тарихида асосий 90 дақиқа давомида бирорта ҳам зарба йўлламаган илк жамоага айланди.

Албатта, ҳеч бўлмаганда расмият учун 30 метрлардан трибунага қарата бўлса ҳам эртароқ зарба беришлари мумкин эди. Аммо муаммо шундаки, Аргентина ҳатто дарвозага яқин масофага ҳам жуда кам етиб борди. Тўпга кам эгалик қилган пайтда эса шунчаки зарба бериш учун уни йўқотишни ҳеч ким истамайди.

Бу узоқ давом этган ўйинда Аргентина атиги 0,17 xG тўплади. Ҳужумда жуда заиф ўйин.

Бироқ бу фақат Аргентинага тегишли эмас. Турнир давомида Испанияга қарши ўйнаган барча жамоалар ҳужумда қийналди. Испания бунинг учун барча шароитни яратди.

Испания бутун Жаҳон чемпионати давомида атиги битта тўп ўтказиб юборди — чоракфиналда Белгиядан. Ҳар бир ўйинда рақибларга ўртача 0,29 xG қайд этишди.

Бу — ҳатто саккизта ўйинлик масофада ҳам ҳайратланарли натижа. Иккинчи ўриндаги Колумбияда бу кўрсаткич 0,62 xG бўлиб, Испанияникидан икки баравардан ҳам кўп. Қолаверса, Колумбия ҳал қилувчи босқичларга ҳам етиб бормаганди. Испания Португалияга қарши 0,63 xG, Белгияга қарши 0,35, Францияга қарши 0,31, Аргентинага қарши эса 0,17 xG берди (фақат асосий 90 дақиқани ҳисобласак, бу кўрсаткич ҳатто 0,00).

Қизиғи шундаки, Испания анъанавий маънода — ўз ярим майдонида тўпсиз ҳимояланиш услубида камдан кам ўйнади. Дарвозабон Унаи Симонда ушбу Жаҳон чемпионатида ҳимоячиларни суғурталаш учун жарима майдонидан ташқарига чиққан ҳолатлар сони сэйвларидан ҳам кўпроқ бўлди.

Испания тўпга эгалик қилган ҳолда нафақат ҳужум қилди, балки ҳимояланди ҳам. Тўп йўқотилганда турнирдаги энг кучли қарши прессинг ишга тушарди. Босим ўтказиш бўйича ҳеч бир жамоа Испания каби тартибли, шиддатли ва энг муҳими, самарали ҳаракат қилмади.

Агар рақиб узун узатма билан прессингни енгиб ўтишга уринса, Пау Кубарси ва Эмерик Лапорт бу ҳаракатларнинг барчасини бартараф этарди.

Бу — замонавий клуб футболидаги асосий тенденциялардан бири: кучли жамоалар кўпроқ рақиб ярим майдонида ҳимояланади, ўз ярим майдонида эмас.

Родри яхши ўйнаса, демак, Испания ҳам яхши ўйнайди

Родри нафақат Жаҳон чемпиони бўлди, балки турнирнинг энг яхши футболчиси совринини ҳам қўлга киритди. Бу бироз кутилмаган натижа бўлди, чунки одатда кўп гол урган ҳужумчилар кўпроқ эътибор қозонади.

У миллий жамоанинг таянч футболчиси, тўп назоратининг кафолати, деярли ҳар бир изчил ҳужумнинг ташкилотчиси, рақиб ҳужумларини барбод қилувчи ўйинчи ҳисобланади. Бу вазифани у нафақат таянч яримҳимоя зонасида, балки майдоннинг юқорироқ қисмида ҳам бажаради. Ҳатто иккинчи ҳолатни биринчи ҳолатдан ҳам кўпроқ кўрамиз. Тактик саводхонлик ва жисмоний устунликнинг намунавий уйғунлиги.

Родрининг ўйинни ўқиш, шериклари билан мулоқотни тўғри йўлга қўйиш қобилияти ҳеч қаерга йўқолмайди. Аммо тизза боғламлари узилганидан кейин унинг жисмоний ҳолатида муаммолар бор эди. Ушбу Жаҳон чемпионатида Родри Кабо-Вердега қарши баҳсда бир нечта хатога йўл қўйди, аммо қолган барча баҳсларни бирга ҳисоблаганда ҳам биринчи турдагидан камроқ хато қилди.

Аргентинага қарши финалда у яна ўзининг юқори савиясини намоён этди: узатмаларнинг 95 фоизи аниқ чиқди (106 та уринишдан 101 таси), ҳужумда энг кўп узатма берди (16 та), тўпни олиб қўйиш бўйича ҳам етакчи бўлди (4 марта), тўп учун курашларда 10 та вазиятдан 8 тасида ғолиб чиқди ва рақибларни уч марта қоидабузарлик ишлатишга (испанлар орасида энг кўп) мажбур қилди.

2

Ўзи ҳам икки марта қоида бузди, аммо айнан ўз услубида: тактик фоллар, рақибнинг истиқболли ҳужумларини илк босқичидаёқ тўхтатиш. Дунёда рақиб ҳужумларини Родридек сезилмайдиган тарзда йўқ қиладиган футболчи деярли топилмайди.

Ажойиб яримҳимоячидан ажойиб турнир.

Голли ҳужумда муҳим рол ўйнайдиган қанот ҳимоячиси — Испаниянинг Жаҳон чемпионатидаги ўзига хос жиҳати

Ферран Торрес чемпионлик голини урган ҳужумда ассистни Педро Порро амалга оширди.

Бу тўғридан тўғри голли ҳаракат эмас, аммо жуда муҳим эпизод. Замонавий футболда бундай ҳаракатлар ниҳоят муносиб баҳолана бошлади. Ҳатто бу амалда ҳам кўринади: масалан, «ПСЖ» футболчиларининг шартномасида ассистлан аввалги узатмалар учун ҳам алоҳида бонуслар белгиланган.

Испаниянинг қанот ҳимоячилари ҳам ушбу Жаҳон чемпионатида бевосита самарали ҳаракатлари билан ажралиб турди. Педро Порро, Марк Кукуреля ва Маркос Лоренте — учаласи биргаликда бешта голли ҳаракат қайд этди. Бу рақам ҳатто олтита бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Саудия Арабистонига қарши баҳсдаги голлардан бири автогол сифатида расмийлаштирилди (дастлабки зарбани Кукуреля берганди). Шундай бўлса ҳам, бу бешта самарали ҳаракат ғалабали Европа чемпионатидагидан учтага кўп.

Бу, албатта, тасодиф эмас. Айнан қанот ҳимоячилари Испаниянинг асосий қуролига айланди. Европа чемпионатида улар асосан ёрдамчи вазифани бажариб, Ламин Ямал ва Нико Уилямснинг имкониятларини очишга хизмат қилганди. Жаҳон чемпионати олдидан эса ҳар икки вингер жароҳатлар сабаб муаммоларга дуч келди ва Кукуреля ҳамда Порро уларнинг ўрнини муваффақиятли тўлдирди.

Жаҳон чемпионатидаги энг машҳур алмаштириш яна Испанияга фойда келтирди

62-дақиқада Луис де ла Фуэнте Фабиан Руис ўрнига Педрини майдонга туширди. Бу оддий алмаштириш эмас, балки турнирда энг кўп такрорланган ўзгариш бўлди. Жаҳон чемпионатида бу икки футболчининг бир-бирини алмаштириши еттинчи марта содир бўлди.

Фақат Кабо-Вердега қарши дастлабки ўйиндагина улар биргаликда асосий таркибда майдонга тушишган. Кейин эса ўзаро рақобатчиларга айланишди. Аввалига Педри асосий таркиб учун курашда устун келаётганди, аммо плей-офф босқичида бу ўринни Фабиан Руис эгаллаб олди.

Бу сафар Педрининг майдонга туширилиши Де ла Фуэнтенинг Леандро Паредес ўйинга қўшилганига жавоби бўлди. Аргентина ташаббусни тўлиқ қўлга олмаган бўлса-да, ниҳоят тўпга узоқроқ эгалик қила бошлади. Педри майдонга тушгунига қадар аргентиналикларнинг тўп назорати 45,5 фоизни ташкил этди. Финал шароитида бу улар учун жуда юқори кўрсаткич эди.

Педри Испанияга назоратни қайтариб берди. У майдонга тушганидан кейин асосий вақт тугагунга қадар Испания тўпга 77 фоиз эгалик қилди.

3

Педри ўз вақти давомида узатмалар сифати бўйича энг яхши футболчи бўлди. Демак, у нафақат прессинг ва ҳаракатлари орқали билвосита, балки узатмалари билан ҳам бевосита таъсир кўрсатди. Бу билан чекланиб қолмади: ўйиннинг биринчи соатини ўтказиб юборганига қарамай, энг кўп голли вазият яратган футболчи бўлди — тўртта имконият ташкил қилди. У Испанияга нафақат назорат, балки етишмаётган кескинликни ҳам олиб кирди. Бу ҳам Испания учун одатий ҳолат: ўйин охирига яқинлашган сари улар кўпроқ хавфли вазиятлар яратади.

Испаниянинг ҳар қандай ўйинчи алмаштириши хавфли қуролга айланди

Португалияга қарши 1/8 финалда Микел Мерино 85-дақиқада майдонга тушиб, 90+1-дақиқада учрашувдаги ягона голни урди.

Белгияга қарши чоракфиналда эса у 86-дақиқада захирадан туширилди ва икки дақиқадан кейин, 88-дақиқада ғалаба тўпини киритди.

Аргентинага қарши баҳсда Мерино 75-дақиқада майдонга тушди. Бу сафар у гол ураолмади, гарчи аниқ имкониятга эга бўлган бўлса ҳам.

Шунга қарамай, Испания барибир захирадан тушган футболчилар туфайли ғалаба қозонди. Голни ҳам, голли узатмани ҳам захирадан тушган ўйинчилар амалга оширди. Нико Уилямс тўпни Ферран Торресга ошириб берди ва айнан шу ҳужум чемпионлик голига айланди.

Нико Уилямснинг Ферран Торресга узатмаси унинг захирадан майдонга тушган олтинчи ўйинидаги илк самарали ҳаракат бўлди. Энг яхши ўйини ҳам айнан финалда кечди.

Уилямс майдонга тушгач, Испаниянинг қанотдан ҳужумлари анча хилма-хил тус олди. Жамоа энди фақат Ламин Ямалга таяниб қолмади. Қолаверса, тўп Ямалнинг қанотида бўлган пайтларда ҳам Нико жарима майдонидаги қўшимча нишонга айланади — ё дарвоза қарши қисмида, ёки узоқ устун ёнида. Биринчи қўшимча вақтда ўзи гол уриши мумкин эди, иккинчисида эса тўпни Ферран Торресга ошириб берди.

4

Испания учта ғалабани ўйиннинг сўнгги дақиқаларида қўлга киритди. Бу ғалабаларнинг барчаси плей-офф босқичида қайд этилди ва ҳар сафар ҳал қилувчи ҳиссани захирадан тушган футболчилар қўшди.

Умуман олганда, бу ҳақиқатан ҳам Испанияга хос ғалаба бўлди. Бу билан уларнинг ютуғини кичраймайди. Аксинча, Жаҳон чемпионати финалида ўзининг одатий услубида ғалаба қозонишнинг ўзиёқ фавқулодда ютуқдир. Аргентина узоқ вақт қаршилик кўрсатди, аммо охир-оқибат Испаниянинг навбатдаги қурбонига айланди.

Тўпсиз Месси

Аргентинанинг ҳужум чизиғи Испанияга қарши финалнинг 117 дақиқасида деярли йўқдек кўринди. Асосий етакчи Лионел Месси ўртача ўйин ўтказди, майдонда деярли кўринмади. Бунга хулосалар қуйидагича:

🔘 Аргентина тўпга атиги 34 фоиз эгалик қилган шароитда (қизил карточкагача бўлган кўрсаткич) Месси одатдагидек ўйинга таъсир кўрсата олмайди.

🔘 Бундай ўйинда унинг ҳимоядаги камчиликлари ҳужумдаги устунликларидан оғирроқ тош босади.

🔘 Испания ҳозирги кунда дунёда Мессини айнан шундай даражада чеклаб қўя оладиган ягона миллий жамоадир.

Умуман олганда, ҳаммасини шу учта фикр билан тушунтириш мумкин. Энди эса батафсил изоҳларга ўтамиз.

5

Нега Месси ҳужумда бунчалик заиф ўйнади?

Испания финалга Мессининг «сеҳри»га қарши энг яхши назарий чорага эга жамоа сифатида етиб келди. Месси ўйинни ажойиб ўқиган, рақибнинг оғриқли нуқтасини топган ва беллашув тақдирини ўзгартирган ҳар бир баҳсда Аргентина маълум вақт давомида тўп назоратида катта устунликка эга бўлган. Бу ерда аниқ кетма-кетлик мавжуд: аввал жамоа ўйин назоратини қўлга олади (ёки рақиб ҳисоб туфайли ташаббусни ўзи беради), шундан кейин Лео рақибнинг заиф нуқтасини топиб, ҳал қилувчи зарбани беради. Ҳозиргача ҳеч ким Мессини у рақибни қандай ўқиса, ундан яхшироқ ўқий олмади. Шу сабабли ҳеч ким уни бундай йўл билан тўхтата олмаган.

Аммо Испанияда бундан ҳам соддароқ, бироқ жуда кучли қурол бор — улар Аргентинага тўп назоратида ўша ҳал қилувчи устунликни ҳеч қачон беришмади. Айнан шу ҳолат ўз тасдиғини топди ва Лео ҳеч қандай кутилмаган ечим таклиф қила олмади.

Бутун ўйин давомида Испаниянинг тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 62 фоиздан пастга тушмади. Демак, Аргентина ҳатто 10–15 дақиқалик қисқа вақт ичида ҳам ташаббусни ўз қўлига ололмади.

Амалда бу икки муҳим оқибатга олиб келди. Биринчидан, Лео тўп билан ўз маҳоратини намоён қилиш учун жуда кам имконият олди. Иккинчидан, у бу имкониятларни қаерда қабул қилишини ўзи танлай олмади. Айнан мана шу жиҳат жуда муҳим. Мессининг ўйинга таъсир ўтказиш механизми айнан шу омилга таянади.

Аргентина тўлиқ назоратни қўлга олганида ва рақибни босим остида ушлаб турганида, Месси ўзининг машҳур усулидан фойдаланади: рақиб тизимидаги бўшлиқларни ўрганади, энг муаммоли ҳудудларга кўчиб ўтади ва айнан ўша ерда энг катта хавф туғдиради.

Бу фақат Аргентина узоқ давом этадиган ҳужумлар қурганидагина амалга ошади. Чунки айнан шундай вазиятда у тўпни қаерда қабул қилишини ўзи бошқаради.

Тўп тезкор тўп тортиб олинганидан кейин дарҳол Мессига етказилса, у бу ҳудудни танламайди. Худди шунингдек, аргентиналик ҳимоячи босим остида тўпни олдинга узоқ тепиб юборганда ҳам Месси ёки Альварес уни қабул қилишига умид қилинади, аммо Лео қаерда тўп олишини назорат қилмайди.

Аслида, тартибсиз ва беқарор эпизодларда ҳам Мессининг техникаси ва қарорлари яхши даражада эди. Аммо бундай вазиятлар сони жуда кам бўлди. Леонинг ноёб футбол ақлини тўлиқ намоён қилиши учун қисқа чақнашлар эмас, балки узоқ давом этадиган позицион ҳужумлар керак. Бу финалда эса айнан шундай ҳужумлар умуман бўлмади.

Нега Лео бундай ўйинларда муаммога айланади?

Месси тўпсиз ўйин жараёнида деярли иштирок этмайди. Шундай бўлса-да, Аргентина бу шароитда ҳам Испаниянинг кучли жиҳатларини яхши чеклай олди ва узоқ вақт давомида уларга хавфли вазиятлар яратиш имконини бермади.

Бироқ рақиб тўпга шунчалик кўп эгалик қилган бир пайтда Мессининг ҳимоя ишларидан деярли бутунлай озод қилиниши Аргентина учун муаммолар келтириб чиқарди.

Шундай ҳолатлардан бири. Дастлаб Аргентина 5-3-1-0 схемасида ҳаракат қилди. Родриго Де Паул беш кишилик ҳимоя чизиғига тушиб, Марк Кукуреляни назорат қилди. Қолган уч нафар яримҳимоячи ҳамда Хулиан Алварес марказни ёпиб, тўп қаерда бўлса ўша томон силжиб ҳаракат қилди. Лео эса амалда бу тизимдан ташқарида эди. Бу тузилишнинг табиий оқибати шундаки, Испания ҳар доим бир нафар бўш яримҳимоячига эга бўлар ва ҳужум йўналишини бемалол ўзгартира оларди.

Кейинги оқибат эса янада муҳимроқ эди: аргентиналиклар тўпсиз ҳолатда кўпроқ югуришга мажбур бўлишди. Испания юқори суръатда аниқ узатмалар қилганида, улар улгура олмасди ва кўпроқ қоидабузарлик қилишга мажбур бўларди. Биринчи бўлимда Энцо Фернандес, Алексис Мак Аллистер ва қисман Нико Гонсалес жуда катта ҳудудни ёпишлари ҳамда жуда кўп рақибга қарши ҳаракат қилишлари керак эди.

Аргентина камдан кам ҳолларда юқори прессингга чиққан пайтларда эса Энцо бир вақтнинг ўзида учта йўналишни назорат қилишга мажбур бўлди: таянч яримҳимоячи, дарвозабон ва ортга тушган яримҳимоячини. Месси эса ҳатто марказий ҳимоячига қарши ҳам қаттиқ босим ўтказмас, тўп ҳаракатига қараб жойлашувини ҳам ўзгартирмасди.

Финалда ҳакам сариқ карточка кўрсатишга жуда эҳтиёткор ёндашди. Шу сабаб Аргентина ҳимоядаги катта камчиликни анча вақт яшира олди. Аммо қоидабузарликлар сони ҳам, уларнинг қўполлиги ҳам тобора ошиб борди.

Қизил карточкани Энцо эмас, масалан, Паредес ҳам олиши мумкин эди. Ёки Энцо бошқа эпизодда ҳам четлатилиши мумкин эди. Лекин умумий манзарадан келиб чиқилса, қизил карточка деярли муқаррар эди.

Ҳа, Месси доимо шундай ўйнайди. Аммо рақиб тўпга мутлақ устунлик билан эгалик қилаётган ўйинларда унинг бу роли ҳақиқий муаммога ва кечикиб портлайдиган «бомба»га айланади.

6

Аргентина тўпга кўпроқ эгалик қилиши мумкинмиди?

Ўйиннинг бунчалик бир томонлама кечишига учта асосий сабаб бўлди.

1. Испаниянинг табиий услуби

Испания ҳар доим тўпга эгалик қилишни яхши кўради. Бу уларнинг футбол фалсафаси ва бу жиҳатда улар дунёдаги энг кучли жамоадир.

2. Тўпни қайтариб олиш тезлигидаги фарқ

Испания прессинг ва қарши прессингни анча уюшқоқ, мунтазам ва яхлит тарзда амалга оширади.

Аргентина эса буни камроқ ва пароканда тарзда бажаради. Бунга сабаблардан бири — Мессининг ҳимоядаги иш ҳажми пастлиги. Жамоа ўз тизимини унга мослаштиради.

Таққослаш учун: Испания Жаҳон чемпионатида рақиб майдонининг сўнгги учдан бир қисмида тўпни қайтариб олиш бўйича ҳар 90 дақиқа ҳисобига кўра 1-ўринни эгаллади. Аргентина эса бу кўрсаткич бўйича фақат 20-ўринда бўлди. Улар ҳатто Кабо-Вердеден ҳам бир поғона пастда жойлашди.

3. Скалонининг таркиб бўйича қарори

Аргентина тўпни яхшироқ назорат қилиши мумкин эди. Албатта, Испаниядан устун кела олмасди, аммо ҳеч бўлмаганда назоратни анча яхшироқ сақлаб турарди.

Бунинг учун биринчи босқичдаги асосий фигуралар Леандро Паредес ва Лисандро Мартинес эди.

Паредес — ўйин суръатини бошқарадиган, аниқ узатмалари билан ажралиб турадиган таянч яримҳимоячи. Лисандро Мартинес эса жамоанинг энг яхши узатма берувчи ҳимоячиси ҳисобланади.

Аммо финалда улар бир дақиқа ҳам бирга ўйнамади. Паредес беллашувни захирадан бошлади ва фақат танаффусдан кейин майдонга тушди. Бу вақтга келиб эса Лисандро Мартинес жароҳат олиб, ўйинни тарк этганди.

Испаниядан ўйин назоратини тортиб олишнинг ўзи ниҳоятда қийин вазифа ҳисобланади. Бундай шароитда эса Аргентина бу вазифани янада мураккаблаштириб юборди.

Хуллас, 23-бор ўтказилган мундиал испан футболи ҳамон устунлигини, ҳамон трендда эканлигини кўрсатиб берди. Жамоа деярли барча ўйинларда рақибдан бир бош кучли кўринди ва якунда ҳақли чемпионликка эришди.   

Россия - Украина уруши

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026

ЖЧ-2026 ўйинларига оид барча хабарлар битта ҳаволада.

Теглар

Мавзуга оид