Logo

Ҳар йили 50 та йирик корхона акселератсия дастури орқали IPO'га тайёрланади

Бугун 14:382 дақиқа

Даромади 1 триллион сўмдан ошадиган 50 та корхона ҳар йили IPO'га тайёрланади. Давлат уларни IPO'га тайёрлаш, ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш харажатининг ярмини қоплайди.

Ҳар йили 50 та йирик корхона акселератсия дастури орқали IPO'га тайёрланади © stock

Энди маҳаллий корхоналарни капитал бозорига тайёрлаш учун нуфузли инвестиция банклари иштирокида махсус акселерация дастури йўлга қўйилади. Унинг доирасида ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхона танлаб олинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бошчилигида Хоразмда ўтказилаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Танлаб олинган корхоналар IPO'га чиқишга тайёрланади, уларнинг молиявий ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш ва бошқа зарур жараёнлар бўйича харажатларининг ярми қоплаб берилади.

Мақсад хусусий секторнинг ташқи капитал бозорларига чиқишини тезлаштириш ва маҳаллий бизнес учун янги молиялаштириш манбаларини очишдан иборат.

Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, ушбу механизм орқали хусусий корхоналар четдан йилига камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиши мумкин.

Шу билан бирга, юқори технологик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Президент ҳар йили мамлакатда 50 миллиард долларлик шундай лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.

Шунингдек, йиғилишда 2026-йил Ўзбекистон капитал бозори учун муҳим воқеа билан бошлангани алоҳида таъкидланди. Жорий йилда илк бор 13 та стратегик компания активларини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз улуши Тошкент ва Лондон фонд биржаларига жойлаштирилди.

Қайд этилишича, мазкур тажриба давлат активларини халқаро капитал бозорига олиб чиқиш билан чекланмайди. У хусусий сектор корхоналарининг ҳам ташқи молиялаштириш манбаларига чиқиши учун янги механизмларни шакллантиришга туртки бўлди.

Кадрлар учун янги тизим

Давлат раҳбари ҳар бир инвестиция лойиҳасининг самараси фақат технологияга эмас, балки уни бошқара ва ишлата оладиган малакали кадрларга ҳам боғлиқлигини таъкидлади.

Шу мақсадда Урганч шаҳрида Германия ва Хитой тажрибаси асосида ўқувчиларни «яшил» энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик ва электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилди.

Ушбу тажриба эндиликда мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этилади. Техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини бошқарувга олиб, халқаро стандартлар асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиқдан чегириб берилади.

Шу тизим орқали 1 миллион нафар ёшни замонавий касбларга ўргатиш ва уларни юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш мақсад қилинган.

Теглар

Мавзуга оид