Автобусда чиптасиз ҳаракатланганларга жарима кескин оширилиши мумкин
Ҳозир амалда бўлган тартибга кўра, бундай қоидабузарлик учун жарима миқдори 41 минг 200 сўмни ташкил этади.
© vaqt.uzЎзбекистонда шаҳар ичи ва шаҳар атрофи автобуслари, шунингдек, троллейбус ва трамвайларда чиптасиз юрган йўловчилар учун жаримани ошириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жамоат транспортида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланиш учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Уларни тайёрлаш вазифаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги қарори билан тегишли идораларга юклатилган. Айни пайтда мазкур таклиф Қонунчилик палатасига киритилган.
Жарима миқдори қанча бўлади?
Янги тартибга кўра, йўл ҳақини биринчи марта тўламай юрган йўловчига базавий ҳисоблаш миқдорининг ярми миқдорида жарима солиниши мумкин.
1 сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўм этиб белгиланиши ҳисобга олинса, биринчи қоидабузарлик учун жарима 220 минг сўмни ташкил этади.
Қоидабузарлик такрорланган тақдирда эса жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача оширилиши таклиф қилинмоқда. Бу ҳолатда жарима 440 минг сўмга етиши мумкин.
Айни пайтдаги тартибга кўра, чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-бандига асосан БҲМнинг ўндан бир қисми, яъни 41 минг 200 сўм миқдорида жарима солинади.

