
Ҳар йили октябрда cиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги ўтказилади
Вазирлар Маҳкамаси қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этишни янада жадаллаштириш бўйича қарор қабул қилди.

«2025-2026 йилларда мамлакатимизда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 691-сонли Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.
Қарор билан «2025-2026 йилларда мамлакатимизда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди.
Унга кўра, ҳар йили октябрнинг 1-ҳафтасида Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталигини ўтказиб борилади. Шу жумладан, ҳар йили октябр ойида қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган республика даражасида илмий-амалий конференциялар ташкил этилади. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фаолиятини янада такомиллаштирилади.
Ушбу қарорга мувофиқ, ўқувчи ёшлар ва талабалар иштирокида қатағон қурбонлари таваллуд топган масканларда «Юрт ва миллат фидоийлари ёддан чиқмаслар» мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилади.





