
Ҳавони ифлослантиргани учун «Технопарк» МЧЖ раҳбарига чора кўрилди
Яшнободдаги «Технопарк» чўян қўйиш цехи меъёрдан ортиқ чиқиндили газ тарқатгани аниқланиб, корхона раҳбарига чора кўрилди ва қўшимча тўловлар белгиланди.
Тошкент шаҳрида атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи I ва II тоифали объектларда экологик назорат тадбирлари изчил давом этмоқда. Махсус комиссия мониторингни кучайтириш орқали атмосфера ҳавосини ифлослантириш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва бартараф этишни мақсад қилган.
Шу жараёнда Яшнобод туманида жойлашган «Технопарк» МЧЖга тегишли чўян қуйиш цехи ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилди. Текширув чоғида корхонада мавжуд бўлган чанг-газ тозалаш ускунаси белгиланган экологик меъёрларга тўлиқ амал қилмаётгани маълум бўлди. Ускуна орқали ҳавога меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқарилаётгани аниқланди.
Муҳим жиҳати шундаки, корхона мазкур фаолият учун зарур бўлган экологик экспертиза хулосасини олмагани ҳам маълум бўлди. Бу ҳолат амалдаги экологик қоидалар ва хавфсизлик талабларининг бузилиши сифатида баҳоланди.
Аниқланган қонунбузарликлар асосида «Технопарк» раҳбарига белгиланган тартибда чора кўрилди. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши учун қўшимча тўловлар ҳисобланиб, корхонага жавобгарлик юклатилди.
Шу билан бирга, корхонага ҳавога чиқиндилар тарқатишни камайтириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Жумладан, автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш, тозалаш ускуналарининг самарадорлигини ошириш ва экологик экспертиза хулосасини олиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди. Мутасаддилар бундай тадбирлар атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш ва саноат корхоналарининг экологик масъулиятини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.





