
Ҳиндистон марказий банки стейблкоинлардан воз кечишга чақирди
Ҳиндистон марказий банки стейблкоинларни глобал молиявий барқарорликка хавф деб баҳолаб, давлатларни хусусий токенлар эмас, марказий банк рақамли валюталарига устуворлик беришга чақирди.

Ҳиндистоннинг марказий банки — Ҳиндистон захира банки (RBI) стейблкоинларни юқори хавфли молиявий активлар сифатида баҳолаб, барча давлатларни уларни ривожлантиришдан воз кечишга чақирди. Регуляторга кўра, хусусий финтех компаниялари томонидан чиқарилаётган стейблкоинлар глобал молиявий барқарорлик ва пул-кредит тизими учун жиддий хатарлар туғдиради.
«RBI»нинг молиявий барқарорлик бўйича йиллик ҳисоботида қайд этилишича, фиат валюталарга боғланган токенлар пулнинг асосий хусусиятларига жавоб бермайди. Марказий банкнинг таъкидлашича, «ишончли пул» учун зарур бўлган бирхиллик, мослашувчанлик ва яхлитлик каби мезонлар стейблкоинларда таъминланмаган. Бу эса марказий банкларнинг иқтисодиётга таъсирини сусайтириши мумкин.
Регулятор стейблкоинларнинг хусусий компаниялар томонидан чиқарилиши алоҳида хавф эканини ҳам таъкидлади. Бундай токенлар базавий активга боғлиқлигини йўқотиши мумкин, бу эса инвесторлар учун катта молиявий йўқотишларга олиб келади. Айниқса, хорижий валюталарга боғланган стейблкоинларнинг кенг тарқалиши миллий валюталарни сиқиб чиқариб, пул суверенитетига путур етказиши мумкин.
Шу сабаб «RBI» давлатларни марказий банк рақамли валюталари — «CBDC»ларни ривожлантиришга эътибор қаратиришга чақирди. Ҳиндистон марказий банки фикрича, «CBDC»лар махфийликни ҳимоя қилиш, транзакция харажатларининг пастлиги ва халқаро тўловларни амалга ошириш имкониятлари орқали пул тизимида «бирхиллик»ни сақлаб қолиши мумкин.
Аввалроқ «RBI» интернетга кириш чекланган ҳудудларда рақамли рупияни синовдан ўтказишга тайёр эканини маълум қилган эди. Шунингдек, Ҳиндистон халқаро ҳисоб-китобларда рақамли рупиядан фойдаланиш бўйича алоҳида директиваларни ҳам эълон қилган.





