add

Ҳукумат ХДФУ грифли ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини янгилади

Кеча 12:387003 дақиқа

Вазирлар Маҳкамаси «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифли ҳужжатлар билан ишлаш тартибини янгилаб, электрон айланиш, сақлаш ва йўқ қилиш қоидаларини белгилади.

Ҳукумат ХДФУ грифли ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини янгилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Хизмат дорасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2025 йил 4 декабрдаги 766-сонли қарори қабул қилинган. Ҳужжат матни lex.uz да келтирилган.

Қарор муқаддимасида «Хизмат дорасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифли ҳужжатлар билан ишлаш тартибини белгилаш, мазкур турдаги ҳужжатлар билан электрон иш юритиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилингани айтилган.

Қарор билан «Хизмат дорасида фойдаланиш учун» грифли ҳужжатлар билан ишлаш қоидалари тасдиқланган. Шунингдек, хизмат доирасида фойдаланиш чекланган маълумотларнинг намунавий рўйхати келтирилган.

Биринчи иловада ХДФУ грифли ҳужжатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиш тизимларига қўйилган талаблар, анъанавий шаклда ишлашда қўйиладиган талаблар келтирилган. Жумладан, йўқ қилиш учун танлаб олинган, ХДФУ грифи булган ҳужжатлар, йиғмажилдлар макулатура сифатида қайта ишлашга топширилишидан олдин матнни ўқиш ва ахборотни қайта тиклаш имкониятини истисно этадиган даражада мажбурий тартибда майдаланиши кераклиги белгиланган.

ХДФУ грифли ҳужжатлардан фойдаланиш, ХДФУ грифини бекор килиш, давлат архивига топшириш тартибига кўра, бундай ҳужжатлардан давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг рухсати билан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.

ХДФУ грифли хужжатлардан олинган маълумотлардан очиқ чиқишларда фойдаланиш ёки матбуотда очиқ эълон қилиш, радио ва телевидение орқали узатиш, очиқ кўргазмаларда, стендларда, витриналарда ёки бошқа ҳаммага кўринадиган жойларда намойиш этиш учун фойдаланиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

ХДФУ грифини бекор қилиш масаласи давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган комиссия томонидан кўриб чиқилади ва натижаси далолатнома билан расмийлаштирилиши белгиланган.

Шунингдек, ҳукумат қарорининг иккинчи иловасида Хизмат доирасида фойдаланиш чекланган маълумотларнинг қуйидаги намунавий рўйхати келтирилган:

1. Жисмоний шахснинг шахсга доир маълумотлари.

2. Жисмоний шахснинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ахборотлар, шунингдек, унинг шахсий хаёти сирини очувчи ахборотлар, (қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

3. Ахборот манбаи ёки тахаллус билан имзо чеккан муаллиф тўғрисидаги ахборотлар (қонунчилик хужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

4. Ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот олиш чекланган телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган почта, телеграф хабарлари ва бошка ахборотлар.

5. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот олиш чекланган тергов ва суд юритуви сири ҳисобланган маълумотлар.

6. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот эгаси ахборот олишни чеклаган хизматга доир малумотлар.

7. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот олиш чекланган тижорат сири ҳисобланган маълумотлар.

8. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот олиш чекланган банк сири, шахсни суғурталаш сири.

9. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот олиш чекланган (шифокор, нотариал ҳаракатлар, адвокатлик, солиқ сири ва бошқалар) касб фаолияти билан боғлиқ маълумотлар.

10. Ихтиро, фойдали модел ёки саноат намунасининг моҳияти тўғрисидаги маълумотлар, улар ҳақидаги маълумотлар расмий тарзда эълон қилингунга кадар.

Қайд этиб ўтиш керак, ХДФУ грифи остидаги, шунингдек, шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилиши қонунга кўра жавобгарлик келтириб чиқаради.

Аввалроқ «Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори имзолангани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ҳукумат ХДФУ грифли ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини янгилади | Vaqt.uz