add

Ўзбекистонда ОАВ ва ноширлик соҳаси устидан назорат бошқа ташкилотга топширилди

Кеча 07:5810292 дақиқа

Ўзбекистонда ОАВ, ноширлик ва рақамли ахборот соҳасида мониторинг ва назорат ваколатлари РТВ ҳузуридаги инспекцияга берилди. Президент қарори билан тизим янгиланди.

Ўзбекистонда ОАВ ва ноширлик соҳаси устидан назорат бошқа ташкилотга топширилди

«Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 11 декабр кунга ПҚ–371-сонли Президент қарори имзоланди.

Қарорнинг асосий мақсади — ахборотлаштириш, телекоммуникациялар ва ахборот соҳаларида қонунчилик хужжатларига риоя этилишини мониторинг қилишда давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар, айниқса, ёшларни нохолис, ишончсиз ва тақиқланган ахборотлардан ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш белгиланган.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига бир қатор ваколатлар берилмоқда.

Жумладан:

  • Ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси, рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини амалга ошириш, жумладан, сунъий интеллект соҳаларида, ахборот тизими ва ресурслари, маълумотлар базалари, рақамли хизматлар, дастурий таъминот фаолиятини назорат қилиш;

  • Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ва улар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини назорат ва мониторинг қилиш;

  • Ноширлик ва матбаа фаолияти субъектлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник стандартлар талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш, шунингдек, уларнинг фаолиятни бошлаганлик (тугатганлик) тўғрисида хабардор қилиш тартиб-тамойилларини амалга ошириш;

  • Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, тақиқланган ахборот, жумладан, онлайн платформада тарқатилишини чеклаш.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг асосий вазифалари белгилаб берилган.

Инспекцияга фаолияти тугатилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг ахборот соҳасида назорат ва мониторинг бўйича вазифа ва функциялари ўтказилиши муносабати билан қўшимча 54 та штат бирлиги ажратилсин хамда Инспекция бошкарув ходимларининг умумий чекланган сони 172 та этиб белгиланмоқда.

Инспекцияга 2027 йил 1 январга қадар «Рақамли назорат» платформасини ҳам ишга тушириш вазифа қилиб топширилди. Шу муддат ичида аҳоли истиқомат қилаётган, жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳаларида кўрсатилаётган хизматлар ва алоқаси сифати кўрсаткичлари ҳам мониторинг қилиб борилади.

Яна бир янгилик: мазкур қарор билан «Хабар» газетаси таҳририяти» МЧЖ устав капиталидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли давлат улушларини бошқариш функцияси ишончнома асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказига берилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид