Илон Маск «SpaceX»ни «IPO»га чиқармоқда: 80 млрд долларлик тарихий битим тайёрланмоқда

Бугун 18:323 дақиқа

«SpaceX» «IPO» орқали биржага чиқишга тайёрланмоқда. Илон Маск ноодатий стратегия қўллаб, инвесторларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Илон Маск «SpaceX»ни «IPO»га чиқармоқда: 80 млрд долларлик тарихий битим тайёрланмоқда

Илон Маск «SpaceX» компаниясини «IPO»га тайёрламоқда ва унда компания 40 млрддан 80 млрд долларгача маблағ жалб қилиши мумкин. Бу эса уни жаҳон тарихидаги энг йирик биржа дебютларидан бирига айлантириши мумкин, деб ёзади «The Wall Street Journal». Манбаларга кўра, Маск бу листингни ҳам «одатдан ташқари» тарзда ўтказмоқчи.

«IPO» нима?

«IPO» (инглизча «Initial Public Offering» сўзларининг қисқартмаси бўлиб, ўзбекчада «дастлабки оммавий акция чиқариш» дегани) бу компания ўз акцияларини биринчи марта оммага (инвесторларга) сотувга чиқарадиган жараён ҳисобланади. Компаниялар қўшимча капитал жалб қилиш, бизнесни кенгайтириш, қарзларни қисқартириш, бозорда очиқ ва шаффоф компанияга айланиш учун «IPO» қилади.

«IPO» орқали одамлар компания акцияларини биринчи марта сотиб олиш имконига эга бўлади. Масалан, агар бир компания аввал хусусий бўлган бўлса, «IPO»дан кейин у фонд биржасида савдога чиқади ва ҳар ким унинг акцияларини сотиб олиши мумкин.

«SpaceX»нинг «IPO» сценарийлари

Манбалар айтишича, Илон Маск «IPO» учун ноанъанавий стратегия ишлаб чиқмоқда, бу унинг корпоратив қоидаларни бузишга мойил услубига мос келади. Ҳозирда муҳокама қилинаётган ғоялар қуйидагилар:

— «IPO» жараёнида Маскнинг бошқа лойиҳаларига сармоя киритган инвесторларга «преференциялар» бериш. Улар қаторига «Tesla» акциядорлари ва 2022-йилда «Twitter» (ҳозирги «X»)ни сотиб олишда иштирок этган инвесторлар кириши мумкин. Қандай имтиёзлар берилиши ҳозирча аниқ эмас.

— Листинг давомида сотиладиган акцияларнинг учдан бир қисми ёки ундан ҳам кўпроғи оддий (чакана) инвесторларга ажратилиши мумкин. Оддий «IPO»ларда бундай инвесторлар одатда тахминан 10 фоиз акцияга эга бўлади. «Reuters» манбасига кўра, Маск 30 фоизгача акцияни чакана инвесторларга беришни режалаштирмоқда.

— Шунингдек, акцияларни сотишни чекловчи «lock-up» даврлари бўйича ҳам ноодатий муддатлар муҳокама қилинмоқда, аммо бу ҳақда аниқ тафсилотлар йўқ.

— Одатда «IPO» олдидан компания раҳбарлари инвесторлар олдига бориб тақдимот ўтказади. Маск эса аксинча, инвесторлар ўзлари «SpaceX» объектларига келишини хоҳламоқда. У ерда улар ишлаб чиқариш майдонларини кўришлари ва эҳтимол ракета учириш жараёнига гувоҳ бўлишлари мумкин.

Шу мақсадда компания «IPO» олдидан потенциал инвесторлар учун тадбирлар ўтказишни кўриб чиқмоқда. Улар орасида Лос-Анджелес аэропорти яқинидаги улкан комплекс ва Флоридадаги Канаверал мисида жойлашган старт майдони ҳам бор. Маск жамоаси фонд бошқарувчилари ушбу ташрифдан кейин акциялар сотиб олиш учун катта буюртмалар беришга тайёр бўлади, деб ҳисобламоқда.

«SpaceX» «IPO»си миқёси

Спутник ва ракета ишлаб чиқариш ҳамда учириш билан шуғулланувчи «SpaceX» яқин кунларда регуляторларга махфий «IPO» аризасини топшириши кутилмоқда, деб ёзади «The Wall Street Journal». Газета таъкидлашича, ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши одатда дастлабки ариза берилганидан кейин бир неча ой ўтиб, регуляторлар саволлари сонига қараб амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, «SpaceX» ҳали жалб қилинадиган маблағ ҳажми ва якуний баҳолашни муҳокама қилмоқда. Бу кўрсаткичлар инвесторлар учун ўтказиладиган роуд-шоу (тақдимот тури) бошланиши арафасида тасдиқланади. Манбаларнинг айтишича, компания «IPO» орқали 40 млрддан 80 млрд долларгача маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда.

Бундай натижа 2019-йилда «Saudi Aramco» томонидан амалга оширилган қарийб 30 млрд долларлик энг йирик «IPO» рекордини ортда қолдириши мумкин.

Шунингдек, «SpaceX» акциялар биржага жойлаштирилганидан сўнг қисқа вақт ичида «Nasdaq-100» каби йирик фонд индексларига киришни мақсад қилмоқда. Бу ноодатий қадам бўлиб, катта миқдордаги институционал инвесторларни жалб қилишга хизмат қилиши мумкин, деб қўшимча қилади «WSJ».

Теглар

Мавзуга оид