Инфляция пасаймоқда, ўсиш сақланмоқда: ОТБ Ўзбекистон иқтисодиёти қайси томонга кетаётганини прогноз қилди

Бугун 19:262 дақиқа

Осиё тараққиёт банки прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти яқин икки йилда барқарор ўсишни сақлаб қолади. 2026-йилда ўсиш 6,7 фоиз, 2027-йилда эса 6,8 фоизга етиши кутилмоқда.

Инфляция пасаймоқда, ўсиш сақланмоқда: ОТБ Ўзбекистон иқтисодиёти қайси томонга кетаётганини прогноз қилди © МДҲ интернет-портали

Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши юқори даражада сақланиб қолиши ва 2026-йилда 6,7 фоиз, 2027-йилда эса 6,8 фоизгача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Осий тараққиёт банкининг (ОТБ) 2026-йил апрел ойидаги «Осиё ривожланиш истиқболлари» (ADO) ҳисоботида сўз боради.

Аниқлик киритилишича, ушбу прогнозлар 10-март ҳолатига кўра шакллантирилган бўлиб, улар Яқин Шарқдаги низонинг тез орада барқарорлашиши сценарийси ва юқори даражадаги ноаниқликларни инобатга олган тахминларга асосланган.

Қайд этилишича, 2025-йилда иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларидаги кучли кўрсаткичлар туфайли ўсиш суръатлари тезлашиб (7,7 фоиз даражасида), кутилганидан юқори бўлган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси ўсишнинг асосий драйвери бўлиб қолган ва 14,7 фоизга ўсган. Бунга савдо, логистика, рақамли хизматлар ва туризм ривожи хизмат қилган. Саноат (қурилишдан ташқари) 6,8 фоизга ошган. Қурилиш соҳаси уй-жой ва инфратузилмага киритилган фаол инвестициялар ҳисобига 14,2 фоизлик жадал ўсишни кўрсатган. Қишлоқ хўжалиги ўсимликшунослик ва чорвачиликнинг барқарор ўсиши фонида 4,4 фоизга кўпайиб, иқтисодиётга ўз ҳиссасини қўшган.

«Ўзбекистон кейинги икки йилга кучли иқтисодий позиция билан, барқарор ички талаб, юқори даражадаги инвестициялар ва давом этаётган таркибий ислоҳотларга таянган ҳолда қадам қўймоқда. Изчил ислоҳотлар ва фискал интизом ташқи ноаниқликлар шароитида иқтисодиётнинг чидамлилигини оширди. Келажакдаги вазифа эса хусусий секторга асосланган янада самарали ўсишга ўтишдан иборат», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая.

Ҳисоботга кўра, 2025-йилда ички талаб иқтисодий ўсишнинг асосий таянчи бўлиб қолган. Бунга аҳоли даромадларининг ортиши, фаол тадбиркорлик ва юқори инвестициялар сабаб бўлган. Уй хўжаликларининг реал даромадлари 9,2 фоизга, жами инвестициялар ҳажми эса 10,5 фоизга ўсган.

Инфляция

Инфляция кутилганидан тезроқ пасайган: 2024-йилдаги 9,8 фоиздан 2025-йилда 7,3 фоизгача тушган. Бу қатъий пул-кредит сиёсати, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва харажатларнинг камайишини акс эттиради.

Инфляция секинлашишда давом этиши кутилмоқда:

2026-йилда — 6,5 фоиз;

2027-йилга бориб эса Марказий банкнинг 5,0 фоизлик ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичига яқинлашиши прогноз қилинмоқда. Энергия ресурслари тарифларининг қайта кўриб чиқилиши ва озиқ-овқат таъминотидаги хавфлар бу жараённи вақтинча секинлаштириши мумкин.

Бюджет тақчиллиги

Бюджет тақчиллиги муҳим ижтимоий харажатлар сақлаб қолинган ҳолда ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача қисқарган. Экспорт, туризм тушумлари ва пул ўтказмаларининг ўсиши ҳисобига ташқи позициялар мустаҳкамланган, халқаро захиралар эса етарли даражада сақланиб қолган.

ЖСТга аъзо бўлиш

Ўзбекистон иқтисодий сиёсати учун асосий чақириқ бўлиб давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш орқали иқтисодиётнинг таркибий трансформациясини тезлаштириш қолмоқда. ЖСТга аъзолик ислоҳотларни мустаҳкамлаш, рақобатбардошликни ошириш ва юқори сифатли инвестицияларни жалб қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид