
Инфляция тушди, аммо энергия ва дори нархи ошган
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайиб, сўм мустаҳкамланмоқда. Шунга қарамай, коммунал ҳамда энергия хизматлари қимматлашуви бўйича хавотирлар сақланиб қолмоқда. Айниқса дори-дармонлар нархи сезиларли ўсди.

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг ноябр ойида келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари 0,2 фоиз бандга пасайиб, 11,5 фоизни ташкил этди. Бу 2018 йилдан бери қайд этилган навбатдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Манба: Марказий банк
Навбатдаги инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари, анъанага кўра, аҳоли томонидан коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ушбу омиллар йил бошидан буён етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда, яъни январ ойидан бери кутилмалар юқори даражада сақланиб қолган.

Манба: Марказий банк
Аҳолининг иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши, шунингдек, монополиялар ҳамда нархларнинг сунъий оширилиши билан боғлиқ хавотирлари сезиларли даражада камайган.
Бундан ташқари, сўнгги тўрт ой давомида валюта курси ўзгаришига оид кутилмалар ижобий динамикани намоён этмоқда, яъни аҳолининг валюта курсининг ўзгаришига нисбатан хавотирлари ойма-ой камайиб бормоқда.
Жумладан, доллар курсига нисбатан сўмнинг қадри 7,5 фоизга ошган. Ички валюта бозори шарҳига кўра, аҳоли орасида ҳам, юридик шахслар орасида ҳам валютага таклиф талабдан юқори бўлиб қолмоқда.
Тадбиркорларнинг кутилмалари
Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,6 фоизга пасайиб, 10,5 фоизни ташкил этди. Октябр ойида бу кўрсаткич 11,1 фоиз бўлган эди. Ушбу ҳолат ҳам тарихий минимум сифатида қайд этилмоқда.

Манба: Марказий банк
Тадбиркорлар орасида ҳам коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия ресурслари нархларининг ошишига оид хавотирлар юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Соҳалар кесимидаги кўрсаткичлар
Аҳоли орасида энг юқори инфляцион кутилмалар маиший хизматлар соҳасида фаолият юритувчи ходимлар томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар умумий овқатланиш соҳаси вакиллари томонидан қайд этилди.

Манба: Марказий банк
Октябр ойида ҳам энг паст кўрсаткич умумий овқатланиш (кафе ва ресторанлар) соҳасида кузатилган эди.
Тадбиркорлар ўртасида эса энг юқори инфляцион кутилмалар таълим соҳасида фаолият олиб бораётган бизнес субъектлари томонидан билдирилган. Энг паст кўрсаткичлар ҳунармандчилик соҳасида қайд этилган. Ўтган ойда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўрсаткичлар нисбатан пастроқ бўлган эди.
Ҳудудлар кесимидаги ҳолат
Аҳоли назарида энг юқори инфляцион кутилмалар Тошкент вилоятида (12,8 фоиз), тадбиркорлар назарида эса Самарқанд вилоятида (12,6 фоиз) шаклланган.

Манба: Марказий банк
Энг салбий кутилмалар қайд этилган пойтахт аҳолиси кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайган. Хусусан, ноябр ойида ушбу кўрсаткич 10,4 фоизни ташкил этган бўлса, октябр ойида у 14,5 фоиз даражасида бўлган (4,1 фоизга юқори).
Водий ҳудудларида, хусусан, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги кўрсаткичлар октябрь ойига нисбатан сезиларли даражада яхшиланган. Улар мос равишда 1,1 фоиз ва 1,4 фоизга пасайган.
Сўнгги икки ойда ҳудудлар кесимида аҳолининг инфляцион кутилмаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам аввалги ойда бўлганидек, кескин тебранишлар давом этаётгани ва бу ҳолатга регулятор томонидан изоҳ берилиши лозимлигини таъкидлаган эди.
Бундан ташқари, ойига 30 млн сўмдан ортиқ даромад олувчи қатламнинг инфляцион кутилмалари кескин ёмонлашган. Шунингдек, ушбу қатлам вакиллари 21,4 фоизлик инфляцияни ҳис қилганини билдирган (+3,4 фоиз).
Қайси товарлар нархи энг кўп ошди?
Нархларнинг энг катта ўсиши электр энергияси ва табиий газ соҳасида кузатилган. Аввалроқ иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам ноябрь ойидаги нарх-навонинг ўзгаришини экологик муаммоларни келтириб чиқарган «энергокризис» фонидаги мавсумий қимматчилик, қаҳратон қиш яқинлашуви ва тарифларнинг ошиши билан изоҳлаган эди.

Манба: Марказий банк
Шунингдек, сўнгги кунларда жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлаётган дори воситаларининг ҳам сезиларли даражада қимматлашгани қайд этилган. Маълумот учун, 2026 йил 1 январдан бошлаб 2,6 минг турдаги рецептли дори воситаларининг нархи ўртача 40–50 фоизга пасайиши кутилмоқда.
Жумладан, 2025 йил 1 апрелдан рецепт билан бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана савдода сотиш жараёнида, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган (базавий) қийматдан 15 фоиздан, чакана савдо учун эса 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда устама қўллаш белгиланган.
Сўм курси кескин мустаҳкамланаётганига қарамай, дори-дармонлар йиллик ҳисобда 5,3–7,7 фоизгача қимматлашган.
Бундан ташқари, кийим-кечак ва пойабзал нархлари ҳам ошган. Аввалроқ Статистика қўмитаси ноябр ойида қишки кийимлар, хусусан, курткалар ва пальтолар, шунингдек, этиклар нархи сезиларли даражада ошганини маълум қилган эди. Маълумотларга кўра, ой давомида қишки кийимлар 2,4 фоизгача, қишки пойабзаллар эса 1,1 фоизгача қимматлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz ноябр ойи ҳамда йил давомида қимматлашган товарлар ва хизматлар бўйича таҳлил эълон қилган эди.
Теглар






