
Иш берувчилар учун янги тижорий электрон хизматлар йўлга қўйилди
Янги регламентга мувофиқ, иш берувчилар ЯММТ орқали меҳнатга доир электрон маълумотларни тижорий асосда тез ва қулай тарзда расмийлаштириши мумкин бўлади.

Ҳукумат қарори билан «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали иш берувчиларга тижорий электрон хизматлар кўрсатиш тартиби тасдиқланди. Янги регламентга кўра, иш берувчилар ушбу хизматлардан ихтиёрий равишда фойдаланиши мумкин, шу билан бирга меҳнат фаолиятига оид маълумотларни ЯММТга бепул киритиш имконияти ҳам сақланиб қолади.
ЯММТ ИДАК дирекцияси тижорий хизматлар доирасида бир қатор электрон имкониятларни тақдим этади. Жумладан, иш берувчилар ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, бекор қилиш, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотларни тизимга киритиб боради.
Шунингдек, ходимларнинг аввалги иш жойлари ҳақида меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар ЯММТга киритилиб, электрон меҳнат дафтарчаси шакллантирилади. Ташкилотлар ўз ички тузилмаларини ҳам тизимда электрон тарзда яратиш имкониятига эга бўлади.
Тижорий хизматлардан фойдаланиш учун иш берувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтади ва махсус сўровномани тўлдиради. Ваколатли орган сўровномани уч иш куни мобайнида кўриб чиқади. Барча ҳужжатлар талабларга мувофиқ бўлганда, ЯММТда тегишли электрон маълумотлар шакллантирилиб, QR-кодли маълумотнома расмийлаштирилади.
Янги тартиб меҳнат муносабатларини рақамлаштиришни жадаллаштириб, иш берувчилар учун ҳужжат айланмасини қисқартириш ва бошқарувни автоматлаштириш имконини беради.





