Иш жойидаги стресс сабабли йилига 840 минг одам ўлади — ХМТ

Бугун 15:354 дақиқа

Стресс ва руҳий босим нафақат соғлиқ, балки ЯИМнинг 1,37 фоизигача йўқотишга олиб келмоқда.

Иш жойидаги стресс сабабли йилига 840 минг одам ўлади — ХМТ © geek-info

Психосоциал хавф омиллари, жумладан узоқ иш соатлари, иш жойининг ноаниқлиги ҳамда иш жойидаги таъқиб ва таҳқирлаш одамлар саломатлигига, ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан зарар етказади, деб қайд этилади Халқаро меҳнат ташкилотининг янги ҳисоботида.

Ҳисоботга кўра, ҳар йили 840 000 дан ортиқ инсон иш жойидаги психосоциал хавфлар билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бу омилларга узоқ иш вақти, иш кафолатининг йўқлиги ва иш жойидаги зўравонлик ёки таъқиб киритилган. Иш билан боғлиқ психосоциал хавфлар асосан юрак-қон томир касалликлари ва руҳий саломатлик бузилишлари, жумладан суицид ҳолатлари билан боғлиқ экани таъкидланади.

«Психосоциал хавфлар замонавий меҳнат дунёсида меҳнат хавфсизлиги ва саломатлиги учун энг жиддий муаммолардан бирига айланмоқда», – дейди ХМТнинг меҳнат хавфсизлиги ва саломатлиги сиёсати бўйича гуруҳ раҳбари Манал Аззи.

Унинг таъкидлашича, иш муҳитини яхшилаш фақат ходимларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигини ҳимоя қилиш учун эмас, балки меҳнат унумдорлиги, ташкилот самарадорлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун ҳам муҳим.

Ҳисоботда айтилишича, иш инсоннинг шахсияти, ижтимоий алоқалари ва иқтисодий хавфсизлигини шакллантиради. Шу сабабли ишни ташкил этиш тарзи, масалан, у аниқ ва етарлича ресурслар билан таъминланганми ёки аксинча, ортиқча босим, ноаниқ вазифалар ва адолатсизлик ҳисси туғдиряптими каби саволлар бевосита зарарли таъсир кўрсатади.

Саломатликка оғир таъсир

Ҳисоботга кўра, иш жойидаги хавфли омиллар ҳар йили тахминан 45 миллион миқдорда соғлом ҳаёт йиллари (DALY) йўқолишига сабаб бўлади. Шунингдек, юрак-қон томир касалликлари ва руҳий бузилишларнинг умумий таъсири ҳар йили дунё ялпи ички маҳсулотининг 1,37 фоизи йўқолишига олиб келади.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, биргина Европа ҳудудида 112 333 та ўлим, қарийб 6 миллион DALY йўқотиш ҳамда ЯИМнинг 1,43 фоиз камайиши қайд этилган.

Ўлимларнинг асосий қисми юрак-қон томир касалликларига тўғри келади. Бироқ соғлом ҳаёт йиллари йўқотилиши жиҳатидан руҳий касалликлар (психик бузилишлар) таъсири кўпроқ экани айтилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, депрессия ва тревога ҳар йили тахминан 12 миллиард иш куни йўқотилишига сабаб бўлади. Энг кўп учрайдиган ҳолатлар – депрессия, хавотир (тревога) бузилишлари, «burnout» (ишдан чарчаш синдроми), уйқу бузилишлари ва доимий чарчоқ.

Ҳисоботда таъкидланишича, иш жойидаги стресс одамларни саломатликка зарарли одатларга олиб келиши мумкин, хусусан, чекиш, алкогол истеъмоли, кўп овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг камайиши. Бу эса ўз навбатида семизлик, гипертония ва бошқа сурункали касалликларга сабаб бўлади.

Тадқиқотчилар хулосасига кўра, салбий психосоциал омиллар ва зарарли одатлар ўзаро таъсир қилиб, вақт ўтиши билан бир-бирининг таъсирини кучайтиради ва соғлиққа етказиладиган зарарни янада оғирлаштиради.

Иш жойида зарарнинг асосий сабаблари

Ҳисоботга кўра, узоқ иш соатлари, иш жойидаги зўравонлик ва таъқиб, иш босими, харажат ва мукофот ўртасидаги номутаносиблик, иш кафолатининг йўқлиги ҳамда буллинг (масхаралаш, руҳий босим) ва бошқа зўравонлик шакллари ишчилар саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган асосий омиллар ҳисобланади.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича ишчиларнинг 35 фоизи ҳафтасига 48 соатдан кўп ишлайди. ЖССТ тадқиқотларига кўра, ҳафтасига 55 соат ёки ундан кўп ишлаш (35–40 соат ишлайдиганлар билан солиштирганда) инсулт хавфини 35 фоизга оширади ва юракнинг ишемик касаллигидан ўлим хавфини 17 фоизга оширади.

Ҳисоботда яна бир жиддий муаммо сифатида иш жойидаги зўравонлик қайд этилган. Дунё бўйича ишчиларнинг 23 фоизи ҳаёти давомида камида бир марта зўравонлик ёки таъқибга учраган, уларнинг 18 фоиз қисми психологик зўравонлик (руҳий босим)га тўғри келади.

Асосий хавф омиллари узоқ иш вақти, адолатсиз меҳнат шароити ва руҳий босим билан боғлиқ бўлиб, улар юрак-қон томир касалликлари ҳамда руҳий саломатлик муаммоларининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Нима қилиш мумкин?

Ҳисоботга кўра, рақамлашув, сунъий интеллект, масофавий иш ва янги меҳнат моделлари иш муҳитини тез ўзгартирмоқда. Шу сабабли ташкилотлар психосоциал хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларни камайтириш бўйича чоралар кўриши керак. Асосий йўналишлар сифатида ишни тўғри режалаштириш ва ташкил этиш, иш юкини оқилона тақсимлаш, рол ва вазифаларни аниқ белгилаш, етарли ходимлар сонини таъминлаш ҳамда иш соатларини меъёрлаш келтирилган. Яъни асосий эътибор иш қандай ташкил қилингани ва бошқарилаётганига қаратилиши лозим.

ХМТ тавсиясига кўра, қуйидаги ёрдам чоралари кўрилиши керак:

  • қўллаб-қувватлаш хизматларига тезкор кириш имкони

  • вақтинча иш шароитини енгиллаштириш ёки мослаштириш

  • касбий соғлиқни сақлаш мутахассислари иштирокида ёрдам

  • ишга қайтиш жараёнини адолатли ва босимсиз ташкил этиш.

Ҳисобот таъкидлайдики, фақат муаммога реакция қилиш эмас, балки иш муҳитини бошиданоқ соғлом қилиб лойиҳалаш энг самарали ечим ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид