Ишчи кучи танқислиги ва қоидаларнинг кучайтирилиши: Россия нима учун марказий осиёлик меҳнат мигрантларини қўлдан бой беряпти?
Иқтисодчиларнинг айтишича, уруш ҳам меҳнатга лаёқатли эркакларни иқтисодиётдан чиқариб қўймоқда: уларнинг айримлари ҳалок бўляпти, баъзилари ногирон бўлиб қоляпти, яна бир қисми узоқ вақтга меҳнат бозоридан чиқиб кетяпти. Келажакдаги кадрлар муаммоси кўламини Кремл ҳам тан олмоқда. Хорижлик ишчиларга иш берувчи ҳисобидан яшаш ва овқатланиш, шунингдек, ойига камида 1000 доллар маош таклиф қилинган. Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа узоқ хориж давлатларидан ишчилар бора бошлагани ҳозирча улар Марказий Осиёдан борганларнинг ўрнини босганини англатмайди. МДҲ давлатлари фуқаролари ҳануз миграция оқимининг катта қисмини ташкил этади.
© Foto: TASSРоссия меҳнат бозорида ҳануз ишчи кучи танқислиги кузатилмоқда. Сентябр ойи бошида иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ишчи кучига бўлган талаб юқорилигича қолаётганини айтди. Шу билан бирга, мамлакатдаги хорижликлар сони камаймоқда: 10-сентябр куни Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати раҳбари Андрей Кикот Путинга бир ярим йил давомида миграция сиёсати амалга оширилиши ҳақида ҳисобот бериб, бир вақтнинг ўзида Россияда 6 миллиондан 6,5 миллионгача хориж фуқароси борлигини маълум қилди. Бу аввалги кўрсаткичдан тахминан 8 фоизга кам. Уларнинг қарийб 3 миллиони меҳнат мигрантларидир.
Шу шароитда Россия ҳукумати бир вақтнинг ўзида кўпроқ хорижий ишчиларни жалб қилишга ва мамлакатга аллақачон борган мигрантларга босимни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги 1,5 йилда Россиядан қарийб 100 минг хорижлик чиқариб юборилди, яна 197 минг кишига мамлакатга кириш тақиқланди. Ички ишлар вазирлиги оммавий текширувларни давом эттирмоқда, ҳудудлар эса мигрантларнинг ишлашига нисбатан чекловларни кенгайтирмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат миграция сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири сифатида Россия иш берувчилари учун хорижий ишчиларни ташкиллаштирилган тарзда жалб қилишни кўрсатмоқда. Бундай қарама-қарши сиёсатнинг сабаби нимада?
Россия ҳукумати мигрантлар устидан назоратни кучайтириб, оммавий рейдлар ўтказмоқда ва хорижликларга ишлашга рухсат берилган соҳаларни чекламоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатга борган айрим шахсларни қийноқлар ва алдов орқали Россия армияси билан шартнома тузишга мажбурлаш ҳолатлари ҳақида ҳам хабар бермоқда.
Бундай рейдларнинг тасвирларини куч ишлатар тузилмаларнинг ўзи мунтазам равишда эълон қилмоқда. Қуролланган ходимлар биноларга бостириб кириб, у ерда бўлган одамларни ерга ётқизиб, ҳужжатларини текширмоқда ва миграция қонунчилигини бузган деб гумон қилинган шахсларни ушламоқда.
Текширувлар кўлами камаймаяпти. Фақат июн ойида ўтказилган «Нолегал — 2026» федерал операциясининг биринчи босқичи давомида Ички ишлар вазирлиги миграция соҳасида 60,2 мингта ҳуқуқбузарлик аниқланганини маълум қилди. 14,6 минг хорижлик мамлакатдан маъмурий тарзда чиқариб юборилди ёки депортация қилинди, яна 29,3 минг кишига Россияга киришни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилинди. Ички ишлар вазирлиги хорижликлар жамоавий яшайдиган ва ишлайдиган жойларда ҳам текширувлар ўтказилганини алоҳида маълум қилди.
Миграция масалалари бўйича эксперт Валентина Чупикнинг айтишича, Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг Марказий Осиё давлатларидан борганларга босим кескин кучайган. Унинг сўзларига кўра, рейдлар пайтида мигрантлар нафақат ушланган, балки Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбурлашга ҳам уринган.
«Оммавий рейдлар, ҳақиқий қийноқлар бўлган. Электрошокердан фойдаланишган, уни жинсий аъзоларга қўйишган, одамларни калтаклашган, қўл кишанлари билан шу ҳолатда панжараларга осиб қўйишган, “ласточка” усулида боғлашган. Сиз, эҳтимол, бу нима эканини биласиз. Буларнинг барчаси одамларни Россия армияси билан шартнома имзолашга мажбурлаш мақсадида қилинган», — дейди эксперт.
Чупикнинг сўзларига кўра, мажбурлаш озодликдан маҳрум қилиш жойларида ҳам амалга оширилган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, дастлаб маҳбусларни зўравонлик орқали урушга юборишга кўндиришга уринганлар, кейин эса айримларни колониялардан шунчаки олиб кета бошлаганлар.
«Мигрантларни қамоқхоналардан ўғирлаш ҳолатлари бўлган. Аввалига уларни шартнома имзолашга мажбурлаш учун қийнашган, жумладан, жинсий зўравонликдан ҳам фойдаланишган. Кейин эса у ерга шунчаки кела бошлашган. Юк машиналари, автобуслар, Россия Мудофаа вазирлигининг махсус транспорт воситаларига ўхшаш машиналарда келишган. Одамларни шунчаки машиналарга солишган, сафга тизишган, ҳарбийлар эса уларнинг айримларини танлаб олган. Ҳеч нарсани тушунтиришмаган, улар ҳеч қандай ҳужжат имзолашмаган. Уларни ўғирлаб, колониялардан олиб кетишган», — дейди Чупик.
Миграция ҳужжатлари орасидаги шартнома
Чупикнинг айтишича, одамларни армияга жалб қилиш фақат рейдлар ёки колонияларда эмас, балки хорижликлар ҳужжат расмийлаштириш учун мурожаат қиладиган давлат муассасаларида ҳам амалга оширилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси мигрантни зарур маълумотнома олиш баҳонасида миграция марказидан ҳарбий комиссариатга юборишлари, у ерда эса эшикни қулфлаб, шартнома имзолашга мажбурлашлари мумкинлигини айтди. Бошқа ҳолатларда эса, унинг таъкидлашича, миграция мақомини расмийлаштириш вақтида имзоланаётган ҳужжатлар тўплами ичига шартнома қўшиб қўйилган.
«Миграция марказларида алдов орқали жалб қилиш ҳолатлари бўлган. У ерда ҳар қандай миграция хизмати олишга, ҳар қандай миграция ҳужжатини расмийлаштиришга уринганида — бу давлат муассасаси — ходимлар уларни маълумотнома олиш учун ҳарбий комиссариатга юборишган. Одамлар ҳарбий комиссариатга боришган, у ерда уларни қамаб қўйишган ва кейин ўғирлашган ёки калтаклашган, шартнома имзолашга мажбурлашган. Яна бир усул — ҳар қандай миграция мақомини расмийлаштиришда бошқа ҳужжатлар тўплами ичига шартномаларни қўшиб қўйишган», — дейди Чупик.
2026-йил январ ойида худди шундай схема ҳақида «Associated Press» агентлиги хабар берган. Журналистлар Россияга фуқаролик ишларига, масалан, фаррош ва электрик бўлиб ишлаш учун таклиф қилинган Бангладеш фуқаролари билан суҳбатлашган. Мамлакатга борганидан кейин уларга рус тилидаги ҳужжатларни имзолаш учун беришган. Кейинчалик бу ҳужжатлар Россия армияси билан тузилган шартномалар экани маълум бўлган. AP билан суҳбатлашган бир неча киши қисқа ҳарбий тайёргарликдан сўнг жанг ҳудудига юборилганини айтган. Буйруқларни бажаришдан бош тортиш эса зўравонлик, қамоқ ёки ўлим билан таҳдид қилиш билан бирга кечган.
Текширув Россияга қарши урушда иштирок этиш хавфи энди фақат собиқ совет республикаларидан келган мигрантларгагина тааллуқли эмаслигини кўрсатмоқда. AP Ҳиндистон, Непал, Бангладеш, Ироқ ва Африка давлатларидан хорижликларни армияга жалб қилиш ҳолатлари ҳақида хабар берган. Уларнинг айримлари, жалб қилинган шахслар ва уларнинг қариндошлари айтганига кўра, Россияга фуқаролик ишида ишлаш умидида борган.
Хорижликлар сони камаймоқда
Миграция сиёсатининг кучайтирилиши фонида Россияга бораётган хорижликлар оқими қисқармоқда. Хавфсизлик кенгаши маълумотларига кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида мамлакатга 2,5 миллион хорижлик кирган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кам. 1-апрел ҳолатига Россияда 6,1 миллион хориж фуқароси бўлган, бир йил аввал эса бу кўрсаткич 6,8 миллион нафарни ташкил этган.
Россия учун асосий ишчи кучи етказиб берувчи давлатлардан биридан борадиган меҳнат миграцияси ҳам қисқармоқда. Аммо минтақа аҳолисининг миллионлаб вакиллари ҳануз Россияда яшаб, ишламоқда. Аксинча, Россия ҳукумати таянаётган модел ўзгармоқда.
Владимир Путин томонидан тасдиқланган 2026–2030-йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепциясида хорижий ишчиларни «мақсадли ташкиллаштирилган тарзда жалб қилишга ўтишни тезлаштириш» бевосита назарда тутилган. Бу тизимга кўра, инсон аниқ бир иш берувчи, аниқ иш жойи ва белгиланган муддатга боради. Давлат, шунингдек, ишчиларни улар яшайдиган мамлакатларнинг ўзида танлаш ва тайёрлаш инфратузилмасини ривожлантирмоқчи.
Шундай қилиб, ҳукумат бир вақтнинг ўзида назоратсиз миграцияни қисқартиришга ва Россия иш берувчиларига керак бўлган хорижликларнинг кириб келишини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Хорижлик ишчиларга иш берувчи ҳисобидан яшаш ва овқатланиш, шунингдек, ойига камида 1000 доллар маош таклиф қилинган. Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа узоқ хориж давлатларидан ишчилар бора бошлагани ҳозирча улар Марказий Осиёдан борганларнинг ўрнини босганини англатмайди. МДҲ давлатлари фуқаролари ҳануз миграция оқимининг катта қисмини ташкил этади. Аммо ишга қабул қилиш географиясининг кенгайиши Россия иш берувчилари янги ишчи кучи манбаларига қанчалик қизиқиш билдираётганини кўрсатади.
Миллионлаб ишчилар ўрнини тўлдириш зарурати
Бу ҳолатнинг сабаби фақат мигрантларнинг кетиб қолиши эмас. Россиянинг ўзи ҳам меҳнатга лаёқатли аҳоли қисқараётган даврга кирмоқда. Иқтисодчи Владислав Жуковский кадрлар танқислигини аҳолининг табиий камайиши ва уруш билан боғлайди.
«Ҳокимият вакиллари айтганидек, демографик ўсиш салбий. Яъни ҳар йили 500 минг киши камаймоқда — вафот этганлар сони туғилганлардан кўп. 2030-йилгача Россия тахминан 3 миллион кишини йўқотади. 2035-йилга бориб бу камомад тахминан 5 миллион кишини ташкил этади. Шунинг учун ҳозирнинг ўзида Меҳнат вазирлиги, Ижтимоий сиёсат вазирлиги ва бош вазир ўринбосари Голикова очиқ айтмоқда: ишлайдиган одам йўқ, ишчи қўллар етишмаяпти, кадрлар танқислиги 4–4,5 миллион кишини ташкил этмоқда», — дейди иқтисодчи.
Жуковскийнинг сўзларига кўра, уруш ҳам меҳнатга лаёқатли эркакларни иқтисодиётдан чиқариб қўймоқда: уларнинг айримлари ҳалок бўлмоқда, баъзилари ногирон бўлиб қолмоқда, яна бир қисми узоқ вақтга меҳнат бозоридан чиқиб кетмоқда. Келажакдаги кадрлар муаммоси кўламини Россия ҳукумати ҳам тан олмоқда. Бош вазир ўринбосари Татяна Голикова 2030-йилгача иқтисодиётга қўшимча 800 минг ишчини жалб қилиш зарурлиги, яна 10,1 миллион кишининг ўрнини эса, аввало, ҳозирги ишчиларнинг пенсияга чиқиши сабабли бошқа кадрлар билан тўлдириш кераклигини баҳолаган. Умуман олганда, 10,9 миллион кишини жалб қилиш ва уларнинг ўрнини тўлдириш зарурати ҳақида гап кетмоқда. Бу рақам Россияда ҳозир айнан шунча ишчи етишмаётганини англатмайди, балки меҳнат бозорини янгилаш кўламини кўрсатади.
Валентина Чупикнинг баҳосига кўра, Россия иқтисодиёти ҳозирнинг ўзида амалда ишлаш учун бораётган мигрантлар сонидан анча кўпроқ хорижий ишчига муҳтож.
«Ҳозир дунёда вазият шундайки, мигрантларнинг бориш учун жойи кўп, тушуняпсизми? Ҳар йили Россияга ишлаш учун келадиган мигрантлар сони изчил камайиб бормоқда. Албатта, Ҳиндистон фуқароларини олиб келдик, Бангладеш фуқароларини олиб келдик, Хитой фуқароларини олиб келдик, деган ғалаба руҳидаги хабарлар пайдо бўлади — улар анча кулгили. Россия иқтисодиётига ҳозир ҳар йили иш ўринларига тахминан 6,5 миллион мигрант керак. Иқтисодиёт ўсиши учун эса 12 миллион керак бўлади. Фақат иқтисодиётни ҳозирги ҳолатида сақлаб қолиш учун 6,5 миллион киши зарур. Биласизми, ҳозир Россияга қанча меҳнат мигранти келяпти? 2,5 миллион. Бундай вазиятда нафақат иқтисодиётнинг ўсиши, балки уни ҳозирги ҳолатида сақлаб қолиш ҳақида ҳам гапириш мумкин эмас», — дейди Чупик.
Бу Чупикнинг баҳоси, расмий статистика эса миграция оқимларини бошқа методология асосида ҳисоблайди. Шунинг учун ушбу кўрсаткичларни тўғридан-тўғри солиштириб бўлмайди. Жуковский меҳнат мигрантларига бўлган юқори талабни Россия иқтисодиётининг тузилиши билан ҳам боғлайди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб соҳалар ҳануз катта миқдорда малакаланмаган қўл меҳнатини талаб қилади.
«Собянин ҳам, Россия қурилиш мажмуасига масъул Марат Хуснуллин ҳам доим кўчаларни тозалайдиган одам йўқ, ахлатни олиб чиқадиган одам йўқ, қурилишда ишлайдиган одам йўқ, тротуар плиткаларини алмаштирадиган одам йўқ, деб айтишади. Шунинг учун, ҳа, ҳақиқатан ҳам мавжуд иқтисодиёт доирасида ишчи қўллар танқислиги жуда катта», — дейди Жуковский.
Ишчилар керак, аммо тақиқлар кўпаймоқда
Россия янги ишчиларни излаш билан бир вақтда мамлакатга аллақачон борган хорижликларнинг имкониятларини ҳам чекламоқда. Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, 2026-йил июн ойига келиб Россиянинг 52 та ҳудудида айрим соҳаларда мигрантларни ишга жалб қилишга нисбатан чекловлар амал қилган. Масалан, Санкт-Петербургда йил охиригача патент асосида ишлаётган хорижликларни такси ва курерлик хизматларига ишга қабул қилиш тақиқланган. Краснодар ўлкасида эса анча кенгроқ чекловлар амал қилмоқда. Савдо-саноат палатаси вакили бундай шароитда бизнес хизматлар нархи ошиши ва кадрлар танқислиги кучайишига дуч келаётганини айтган.
Федерал даражада ҳам чекловлар бор. 2026-йилда ҳукумат қурилиш соҳасида хорижий ишчиларнинг энг юқори рухсат этилган улушини 50 фоизгача камайтирди. Сабзавотчилик, ўрмон хўжалиги, ўрмон кесиш ва ёғочни қайта ишлаш соҳаларида эса 40 фоизлик чегара белгиланган. Айрим ҳудудлар учун янада қаттиқ нормалар, айрим соҳаларда хорижий ишчи кучидан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашгача бўлган чекловлар белгиланган.
Нафақат меҳнатни тартибга солиш, балки хорижликларнинг ўзини назорат қилиш ҳам кучайтирилмоқда. 2025-йил сентябридан Москва ва Москва вилоятида қўшимча миграция ҳисоби бўйича тажриба ўтказилмоқда. У 2029-йилнинг сентябригача давом этади. Қонун хорижликларнинг амалдаги жойлашувини аниқлаш учун мобил қурилмалар ва геолокация маълумотларидан фойдаланиш имконини беради.
Чупикнинг фикрича, қоидаларнинг мураккаблашиши меҳнат бозорини яширин иқтисодиётдан чиқаришдан кўра коррупция учун янги имкониятлар яратмоқда.
«Улар буларнинг барчасини пора йиғиш воситасига қандай айлантириш ҳақида ўйлашяпти. Албатта, энди улар бандликни ноқонуний ҳолатга айлантиришди. Энди исталган вақтда бориб пора йиғиш мумкин», — дейди Чупик.
У Москва вилоятида мигрантларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ишлашига нисбатан чекловларни мисол қилиб келтиради. Унинг сўзларига кўра, бундай тақиқлар оқибати хорижликларга таъсир қилади.
«Сизга энди ажойиб ўзбек шифокори хизмат кўрсатмайди ёки ажойиб тожик ўқитувчи дарс бермайди. Гап шундаки, мактабингизда бирорта ҳам фаррош бўлмайди, шифохонангизда бирорта ҳам санитарка қолмайди. Буларнинг барчаси кичик тиббий ходимлар зиммасига тушади. Уларга фаррошнинг вазифалари ҳам юклангач, шунчаки ишдан кетади. Ҳамширалар ҳам қолмайди. Шунинг учун бу ўзгаришлар мутлақо бемаъни бўлиб, Россия иқтисодиётига жуда катта зарар етказмоқда ва уни янада яширин иқтисодиётга ўтказмоқда», — деб ҳисоблайди Чупик.
Потенциал мигрантларнинг эса муқобил имкониятлари кўпаймоқда. Жуковскийнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдан борганлар Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонини ҳам тобора кўпроқ кўриб чиқмоқда. Натижада Россия миграция сиёсати бир вақтнинг ўзида икки қарама-қарши вазифани ҳал қилмоқда. Иқтисодиётга янги ишчилар керак, шунинг учун ҳукумат квоталарни оширмоқда ва энди Ҳиндистон ҳамда бошқа узоқ давлатлардан одамларни олиб келмоқда. Бироқ шу билан бирга давлат назоратни кучайтирмоқда, оммавий рейдлар ўтказмоқда, хорижликларни мамлакатдан чиқариб юбормоқда ва улар ишлаши мумкин бўлган соҳаларни чекламоқда.
2026–2030-йилларга мўлжалланган янги давлат миграция сиёсати концепцияси амалда ушбу қарама-қаршиликдан чиқиш йўлини таклиф қилмоқда: хорижий ишчи кучидан воз кечмаслик, балки уни максимал даражада бошқариладиган тизимга ўтказиш. Бунда мигрант олдиндан муайян иш берувчи учун танланади, аниқ иш жойига ва Россияда бўлиш муддатига боғланади. Бундай усул Марказий Осиёдан анъанавий миграциянинг қисқариши ва Россия иқтисодиётининг миллионлаб ишчиларга бўлган эҳтиёжини қоплай оладими — ҳозирча номаълум. Аммо ҳозирнинг ўзида Россия мигрантларнинг бир қисми учун шароитларни кучайтириб, ишчиларни эса ўз чегараларидан тобора узоқроқдан изламоқда.





