Logo

Ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни SMS орқали юборишга рухсат берилиши мумкин

Бугун 17:492 дақиқа

Ходимни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ нусхасини SMS, электрон почта ёки электрон тизимлар орқали юборишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни SMS орқали юборишга рухсат берилиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда ходимларга меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхасини SMS-хабар орқали юборишга рухсат берилиши мумкин. Бу таклиф назарда тутилган қонун лойиҳаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Ҳужжатга кўра, ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ нусхасини почта, электрон почта, «Ягона миллий меҳнат тизими»даги шахсий кабинет ёки келишилган бошқа интернет дастурлари орқали ҳам юбориш таклиф этилмоқда.

Хабарда меҳнат шартномаси бекор қилинган сана ва асослари кўрсатилиши керак. Шунингдек, ишга тиклаш билан боғлиқ меҳнат низолари бўйича уч ойлик даъво муддати буйруқ нусхаси топширилган ёки тегишли SMS-хабар юборилган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, иш берувчи огоҳлантириш муддатини пул компенсатсияси билан алмаштирган ҳолларда касаба уюшмаси ва маҳаллий меҳнат органларига тегишли маълумотларни компенсатсия тўлаш ҳақидаги буйруқ расмийлаштирилишидан олдин тақдим этиши таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазаларни 9 декабргача билдириш мумкин.

«Иш ўрганувчи стажёр» институти

Лойиҳада Меҳнат кодексига «иш ўрганувчи стажёр» институтини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Унга мувофиқ, биринчи марта ёки бошқа соҳада иш қидираётган фуқаролар уч ойгача бўлган муддатда касбий стажировкадан ўтиши мумкин. Бунда иш берувчи стажировка учун ҳақ тўлаш ёки тўламаслик масаласини мустақил ҳал қилади.

Стажировка давомида фуқаролар реал иш муҳитида амалий кўникма орттириши, иш берувчилар эса уларнинг малакаси ва ташкилотга мослигини баҳолаши мумкин бўлади. У касбий шартнома асосида ташкил этилиб, якунида стажёрга сертификат берилиши назарда тутилган. Илгари шу иш берувчида ишлаб чиқариш таълими ёки қайта тайёрлашдан ўтган ва тегишли касб бўйича ишга қабул қилинган шахслар учун стажировка талаб этилмайди.

Шу билан бирга, олий таълимда масофавий шаклда ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида қатнашиш учун йилига камида 15 календар кун ўқув таътили берилиши таклиф қилинмоқда. Иш берувчи уларнинг сессияда қатнашиш учун бориб-келиш йўлкира харажатларининг камида 50 фоизини ҳам қоплаши керак бўлади.

Бундан ташқари, масофавий таълимда ўқиётган ходимлар учун мослашувчан иш вақти режимини қўллашга рухсат бериш ва «тегишли даражадаги таълим» тушунчасига аниқлик киритиш таклиф этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда иш жойидаги тазйиқ ва зўравонликка қарши миллий дастур бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид