add

Италиядаги шаҳарга кўчиб келувчиларга 30 минг доллар таклиф қилинмоқда

16.12.2025 | 20:451872 дақиқа

Аҳоли қисқаришига қарши Радикондоли шаҳарчаси уй сотиб олувчи ва ижарачиларга молиявий рағбат эълон қилди.

Италиядаги шаҳарга кўчиб келувчиларга 30 минг доллар таклиф қилинмоқда

Италиянинг Тоскана минтақасида жойлашган Радикондоли шаҳарчаси аҳоли сони қисқариб бораётгани сабабли янги кўчиб келувчиларни жалб этиш учун кенг қамровли молиявий қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширмоқда. Маҳаллий ҳокимият ташаббуси шаҳарда узоқ муддатли яшашни рағбатлантириш ва иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган.

italiya


Дастур илк бор 2023 йилда ишга туширилган бўлиб, унга кўра бўш уй сотиб олганларга 20 минг еврогача субсидия ажратилган. Қўшимча равишда иситиш ва транспорт харажатларини қоплаш учун яна 6 минг евро миқдорида ёрдам берилган. Бу чоралар шаҳарда доимий яшашни истаганлар учун харажатларни сезиларли камайтирган.

Эндиликда дастур доираси кенгайтирилиб, ижарачилар ҳам қўллаб-қувватланмоқда. 2026 йил бошигача Радикондолига кўчиб келган янги ижарачиларнинг илк икки йиллик ижара тўловининг ярми маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Бу эса уй сотиб олиш имконияти бўлмаганлар учун ҳам шаҳарга кўчиб келишга қизиқтиради.

Радикондоли Флоренциядан тахминан бир соатлик масофада жойлашган бўлиб, ҳозирда шаҳарда 966 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жами 450 та уйнинг қарийб 100 таси бўш. Уйлар нархи 50 минг евродан 100 минг еврогача баҳоланмоқда, айримлари таъмир талаб қилади.

Шаҳар мери Франческо Гуаргуаглинининг таъкидлашича, 2025 йилда уй хариди ва ижарасини қўллаб-қувватлаш учун 400 минг евродан ортиқ маблағ ажратилган. Шу билан бирга, талабалар, жамоат транспортидан фойдаланувчилар ва яшил энергияни танлаганлар учун ҳам алоҳида молиявий ёрдам механизмлари жорий этилган.

Бироқ дастурда қатнашиш учун мажбурий шартлар мавжуд. Уй сотиб олганлар камида 10 йил, ижарачилар эса камида 4 йил давомида Радикондолида яшаши шарт. Расмий маълумотларга кўра, дастур жорий этилгандан бери шаҳар аҳолиси 900 нафардан 960 нафаргача ошган.

Теглар

Мавзуга оид