«Жамоат транспорти ўзини оқламаяпти, деган гап — сафсата»: йўлкира оширилишида жамоатчилик фикри инобатга олиндими?
Пойтахтда жамоат транспорти нархлари октябрдан 47 фоизга ошади, бироқ жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича масъул ташкилотлар аниқ ахборот бермади. Vaqt.uz қарор лойиҳаси остидаги изоҳларни ўрганиб, жамоатчилик фикрини таҳлил қилди.

1-октябрдан бошлаб пойтахтда жамоат транспортлари, яъни автобус ва метрога картадан (ёки онлайн) тўлов қилиш нархлари 2 минг 500 сўм бўлади. Шу пайтга қадар бу миқдор 1 минг 700 сўм эди, яъни йўлкира нархи 47 фоизга оширилди. Нақд тўлов эса 3 минг сўм бўлиб, ўзгаришсиз қолди.
Бир соатлик тарифлар сақланади
Янги тарифлар жорий этилиши билан электрон тўлов учун бир соатлик тариф тизими ҳам сақлаб қолинади.
ATTO картаси орқали автобусда тўлов қилингандан кейин 60 дақиқа ичида бошқа автобусга ўтилса, иккинчи қатнов учун 1 500 сўм тўланади. Шу 60 дақиқа ичидаги учинчи ва тўртинчи автобус қатновлари учун эса қўшимча тўлов олинмайди.
Метродан эса 60 дақиқалик тариф доирасида бир марта фойдаланиш мумкин. Метрога иккинчи марта кирилганда янги 60 дақиқалик тариф ҳисобланади.
Транспорт карталарининг тарифлари қанча бўлади?
Янги тарифлар билан бирга автобус, шунингдек автобус ва метро учун амал қиладиган транспорт карталарининг кунлик, ҳафталик, ойлик ва узоқ муддатли тарифлари ҳам белгиланади.
Масалан, автобус учун бир кунлик карта 11 минг 500 сўм, 30 кунлик карта 250 минг сўм бўлади.
Тариф тури | Тариф операцияси | Қатновлар | Тўлиқ қийматдан | Тариф режаларининг нархи |
Чексиз (автобус) | 1 кунлик | 6 | 23 фоиз
| 11 минг 500 сўм |
5 кунлик | 22 | 42 минг 500 сўм | ||
1 ҳафталик | 28 | 54 минг сўм | ||
10 кунлик | 44 | 84 минг 500 сўм | ||
15 кунлик | 66 | 127 минг сўм | ||
20 кунлик | 88 | 169 минг 500 сўм | ||
30 кунлик | 130 | 250 минг сўм | ||
1 ойлик | 130 | 250 000 | ||
3 ойлик (90 кун) | 390 | 30 фоиз | 682 500 | |
6 ойлик (180 кун) | 780 | 40 фоиз | 1 170 000 | |
1 йиллик (365 кун) | 1 560 | 50 фоиз | 1 950 000 |
Метро ва автобус учун биргаликда ишлайдиган тарифлар учун нархлар қуйидагича шаклланган:
Тариф тури | Тариф операцияси | Қатновлар | Тўлиқ қийматдан | Тариф режаларининг нархи |
Чексиз | 5 кунлик | 30 | 23 фоиз
| 57 500 |
1 ҳафталик | 38 | 73 000 | ||
10 кунлик | 60 | 115 500 | ||
15 кунлик | 90 | 173 000 | ||
20 кунлик | 120 | 231 000 | ||
30 кунлик | 180 | 345 000 | ||
1 ойлик | 180 | 345 000 | ||
3 ойлик | 540 | 30 фоиз | 945 000 | |
6 ойлик | 1 080 | 40 фоиз | 1 620 000 | |
1 йиллик | 2 160 | 50 фоиз | 2 700 000 |
Ўқувчилар, талабалар, нафақахўрлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун транспорт карталаридан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланади. Жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар учун амалдаги имтиёзлар эса сақлаб қолинади.
Ойлик транспорт харажати қанчага ошади? — ишчи мисолида
Бир қарашда йўлкиранинг 2 500 сўмгача оширилиши, яъни ҳар бир қатнов учун 800 сўм қўшимча тўлов катта миқдордек кўринмаслиги мумкин. Бироқ бу харажатни бир ойга ҳисоблаганда, катта тафовут юзага чиқади.
Масалан, оддий ишчини олайлик. У 22 иш кунида офисга қатнайди ва ҳар куни ишга бориш ҳамда қайтишда автобус ёки метродан фойдаланади, деб ҳисоблаймиз. Бу бир ойда 44 та қатнов дегани.
Аввалги тариф | Октябрдан | Фарқ | |
1 қатнов | 1 минг 700 сўм | 2 минг 500 сўм | +800 сўм |
Кунига 2 қатнов | 3 минг 400 сўм | 5 минг | +1 минг 600 сўм |
22 кун давомида | 74 минг 800 сўм | 110 минг сўм | +35 минг 200 сўм |
Шу ҳисоб-китобга кўра, фақат ишга бориб-келиш учун сарфланадиган ойлик транспорт харажати 35 минг 200 сўмга ошади. Бунда бир соатлик тариф доирасидаги қайта қатновлар ва бошқа чегирмалар ҳисобга олинмаган.
Жамоатчилик фикри инобатга олиндими?
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг пойтахтдаги жамоат транспортида йўлкира ҳақи тарифларини белгилашга оид қарор лойиҳаси 4-сентябрдан 19-сентябргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. 15 кун давомида лойиҳа бўйича мингдан ортиқ кўриш қайд этилиб, 100 га яқин таклиф ва изоҳлар билдирилган.
Муҳокама саҳифасидаги изоҳларда йўлкира нархининг оширилишига қарши фикрлар талайгина. Шу боис жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ва эътирозларнинг қанчаси ўрганилгани, улардан қайсилари қарор лойиҳасини якунлашда инобатга олингани ҳамда муҳокама натижалари қандай умумлаштирилгани ҳақида саволлар туғилади.
Vaqt.uz мухбири, аввало, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимовага мурожаат қилиб, муҳокамада қанча фуқаро қатнашгани, билдирилган эътирозлар ўрганилган-ўрганилмагани ва якуний хулоса қандай шакллантирилгани ҳақида сўради. Қосимова масала Транспорт вазирлиги ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ваколатига тегишли эканини билдирди:
«Бу Транспорт вазирлигининг лойиҳаси. Қолаверса, «Тошшаҳартрансхизмат»ники. Улар билан гаплашаверасиз. Биз ҳисоботни қилмаймиз», — деди ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот котибининг контактини улашди.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот котиби Муслима Обидова эса, аксинча, жамоатчилик муҳокамаси бўйича якуний ҳисобот ташкилотда мавжуд эмаслиги ва бу масала ҳокимликка тегишли эканини билдирди.
«Бу бўйича бизда маълумот бўлмайди. Қарор лойиҳаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли, улардан маълумот олишингиз керак. Менинг ташкилотим жавоб бермайди бунга», — дея ёзди у Vaqt.uz мухбирига.
Ҳокимликка қайта мурожаат қилинганда эса Қосимова бу сафар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши билан боғланиш кераклигини айтди. Кенгаш матбуот котиби Жасурбек Лапасов эса қўнғироқларимизга жавоб бермади.
Шундай қилиб, жамоатчилик муҳокамасининг якуний натижалари, билдирилган таклифларнинг қанчаси кўриб чиқилгани ва улар қарор лойиҳасига қандай таъсир қилгани ҳақидаги саволларимизга мурожаат қилинган ташкилотларнинг ҳеч бири аниқ жавоб бермади.
Ахир пойтахтда яшовчиларнинг ҳаётига катта таъсир қиладиган бундай муҳим қарор 15 кунда апил-тапил қабул қилинди. Камига жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва эътирозларнинг якуний қарорда қандай акс этгани сўралганда, масъул ташкилотлар жавобни бир-бирига тўнкамоқда.
Қонунчиликда эса жамоатчилик муҳокамасида билдирилган фикр ва таклифларни кўриб чиқиш тартиби белгиланган. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра, ишлаб чиқувчи жамоатчилик муҳокамаси давомида келиб тушган фикр-мулоҳаза ва таклифларни кўриб чиқиши ҳамда қабул қилинган таклифларга мувофиқ лойиҳани такомиллаштириши керак. Агар таклифлар рад этилса, уларни рад этиш сабаблари асослантирилиши лозим.
Шу сабабли бу ерда савол жамоатчилик томонидан билдирилган барча таклифлар қабул қилинган-қилинмаганида эмас, балки улар кўриб чиқилганми, қайси таклифлар қабул қилинган ёки рад этилган ва рад этилган тақдирда бунга қандай асослар келтирилганида.
Якуний ҳисобот расмий ташкилот томонидан тақдим этилмагач, Vaqt.uz мавжуд маълумотлар — жамоатчилик муҳокамасида қолдирилган 102 та изоҳни ўрганди. Айримлар йўлкира оширилишига тўғридан-тўғри қарши чиққан, бошқалар муқобил тариф таклиф қилган. Яна айримлар эса хизмат сифати, имтиёзлар ва тарифларнинг иқтисодий асосларини очиқлашни сўраган.
Муносабат | Изоҳлар сони | Улуши |
Йўлкира оширилишига аниқ қарши | 64 та | 62,7 фоиз |
Шартли қарши / муқобил тариф таклиф қилган | 31 та | 30,4 фоиз |
Қўллаб-қувватлаган | 1 та | 1 фоиз |
Аниқ позиция билдирмаган ёки бўш | 6 та | 5,9 фоиз |
Жами | 102 та | 100 фоиз |
Изоҳ: ушбу тасниф расмий сўровнома натижаси эмас. Рақамлар Vaqt.uz томонидан муҳокама саҳифасидаги изоҳлар мазмунини таснифлаш асосида ҳисобланган. 102 та изоҳни 102 нафар алоҳида фуқаро деб ҳисоблаш мумкин эмас, чунки саҳифада такрорий изоҳлар ва бир фикрнинг давомлари ҳам мавжуд.
Одамларнинг фикри қандай?
Жамоатчилик муҳокамасида қолдирилган изоҳлар орасида йўлкира оширилишининг иқтисодий асослари, аҳолининг даромадлари, хизмат сифати ва транспорт харажатларининг очиқлиги юзасидан турли фикрлар билдирилган.
Мустақил изланувчи:
«Бунақа қиммат қилиш 47 фоизга аҳоли даромадлари ва инфляция даражасига мутаносиб эмас, ортиқча тўланадиган пул қаерга ишлатилиши ҳақида ҳисобот берилиши керак, агар оширилса».
Аноним фойдаланувчи:
«Нима учун ойлик 10 фоизга ошган бир пайтда айнан ижтимоий хизматлар ундан кўпга ошиши керак? Ўзи шундоқ ҳам жуда кўп хизмат ва озиқ-овқат турлари йил давомида 10 фоизлик ошишдан анча юқорилаб кетяпти. Мен шахсан бу таклифга қаршиман, қачонки барча харажатлар шаффоф қилинсагина бунақа қарорлар таклиф қилинса мақсадга мувофиқ бўларди».
Яна бир фойдаланувчи:
«Қаршиман. Шаҳар транспортидан ҳимояга муҳтож, кам даромадли ёки умуман даромадсиз фуқароларимиз фойдаланишади. Транспорт харажатларини 47 фоиз ошириш уларнинг зарарига ишлайди. Ойликлар 10 фоизга ошганини ҳам ҳисобга олиб ўтиш зарур».
Тадбиркор:
«Қандай қилиб 47 фоизга йўлкира нархлари оширилиши мумкин? 3 йилдан буён оширмаган бўлсанглар ҳам, ҳар йилги 7 фоиз инфляцияни қўшганда ҳам 21 фоиз бўлиши мумкин, 47 фоиз ошириш қайси ақллидан чиққан қарор бу? Қайси давлатда шунча ошириларкан йўлкира нархлари? Мингдан минг норозиман! Аввал бошқа давлатлар тажрибаларини ўрганинглар, мактаб бошланғич синфлари ўқувчилари (1–4-синф) учун текин, қолган ўқувчилар учун эса чегирма белгилаш керак! Транспортдаги аҳоли оқими кўплигидан 169-автобусга, мисол учун, чиқолмаймиз эртaлаб! Аҳолини ҳам ўйлаб нархни кўтаринглар, қарғишига қолиб кетманглар шунча одамни!»
Яна бир иштирокчи:
«Жамоат транспортининг асосий мақсади жамоатга хизмат қилиш. Тўлов деярли 2 баробарга кўпаймоқда. Бунинг асосларини кўриб чиқиш лозим. Жамоат транспортининг харажатлари фақат йўловчилар томонидан тўланадиган суммалар орқали қопланмайди. Йўловчилар фақат чипта учун тўлов эмас, балки фуқаро сифатида солиқ ва йиғимларни ҳам тўлашади. Харажатларни фақат чипта нархига боғлаш жуда нотўғри деб ҳисоблайман. Аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиши кўп жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Асосий йўлларда тирбандликлар камаяди. Аксинча, аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишга чақириш лозим. Ҳозирги ҳолатда бу тартиб етарлича асосга эга эмас, деб ўйлайман».
Яна бир фойдаланувчи:
«Нархларнинг оширилишига қаршиман. Жамоат транспорти текин бўлсин, деган фикрдан йироқман. Лекин арзон бўлиши керак. Шунда одамлар кўпроқ жамоат транспортида юрадиган бўлади. Қимматлашган сайин бошқа воситаларга ўтиш бошланади. Бу тирбандликларни келтириб чиқаради. Жамоат транспорти ўзини оқламаяпти, деган гапни сафсата, деб ҳисоблайман. Нақд пулда тўлов бекор бўлганидан кейинги мутасаддиларнинг баёнотларида транспорт корхоналарида пул ошиб-тошиб кетди, шунча маблағ олдинги тизимдагидан кўп тушди, деган жумлаларни учратган эдик. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан ўзини ўзи қопламаяпти, деган баҳона билан йўл ҳақини ошириш кулгили. Мен имкон қадар пиёда юраман. Лекин шунга қарамасдан, вақт тиғиз пайтларда кунига 2 марта жамоат транспортидан фойдаланишимга тўғри келади. Ҳозирги нарх ҳам менинг оилавий бюджетимга таъсир қилади. Кимлардир ошса ошаверсин дейиши мумкин. Ундайлар жамоат транспортидан фойдаланмайди ёки жамоат транспорти учун ҳар куни ортиқча сарфланадиган юзлаб, минглаб сўмларнинг фарқини сезмайдиган даражада яхши даромад топади».
Юқорида жамоатчилик томонидан билдирилган фикрларнинг бир нечтасини келтирдик, холос. Муҳокама саҳифасида яна кўплаб изоҳлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида йўлкира оширилишига очиқ норозилик билдирилган.
Йўловчини ташиш қанчага тушади?
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Абдуллаевнинг Vaqt.uz мухбирига айтишича, амалдаги 1 700 сўмлик электрон йўлкира автобусда бир йўловчини ташиш харажатининг фақат бир қисмини қоплайди.
«Пойтахтда 2023-йилда белгиланган электрон йўлкира тарифини 1 700 сўмдан 2 500 сўмга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу таклифни ишлаб чиқишда Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги масъуллари томонидан хориж, хусусан, МДҲ мамлакатлари тажрибаси чуқур ўрганилди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда пойтахт автобусларида бир йўловчини ташиш таннархи 5 500 сўмдан ошиб кетган. Амалда бу харажатларнинг 70–75 фоизи маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланяпти. Шу боис, харажатлар ва даромадлар мутаносиблигини таъминлаш мақсадида электрон тўлов тарифини 2 500 сўм этиб белгилаш таклиф этилди», — дейди у.
Жамоатчиликнинг фикри қаерда қолди?
Пойтахтда жамоат транспорти йўлкираси сўнгги марта бундан уч йил олдин — 2023-йил ноябрда 1 минг 400 сўмдан 1 минг 700 сўмгача оширилган эди. Шундан буён тариф ўзгармади. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда «шунча муддатдан кейин йўлкира оширилиши табиий» деган фикрлар ҳам янграмоқда.
Аммо уч йил давомида йўлкира ўзгармагани билан пойтахт жамоат транспорти билан боғлиқ эътирозлар ҳам йўқолган эмас. Автобус ва метродаги интервал, транспортдаги шароит ва хизмат сифати бўйича эътирозлар эса тингани йўқ.
Қолаверса, янги тариф тасдиқланганидан кейин жамоат транспортига ажратилаётган қарийб 2 трлн сўмлик субсидиялар миқдори қандай ўзгариши ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмади. Яъни одамлар бир томондан солиқлари орқали жамоат транспортини субсидиялашда иштирок этади, бошқа томондан эса қимматлашган йўлкирани тўлайди. Хўш, эвазига нима ўзгаради?
Масала фақат йўлкиранинг 1 700 сўмдан 2 500 сўмга оширилишида эмас. Жамоатчилик муҳокамасида билдирилган фикрлар нима бўлгани, улардан қайсилари инобатга олингани ҳам муҳим. Аслида муҳокамада қанча одам қатнашгани, нечта таклиф билдирилгани ва уларнинг қанчаси қабул қилингани ҳақида аниқ маълумот берилса, жамоатчиликнинг позициясини тушуниш осонроқ бўларди. Бундай маълумотлар очиқ берилмагани учун Vaqt.uz мавжуд изоҳларни ўрганишга мажбур бўлди.
Қонунчиликда ҳам жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклифлар кўриб чиқилиши, рад этилган тақдирда эса бунинг сабаблари асосланиши белгиланган. Шундай экан, оддий савол очиқ қолмоқда: муҳокамада билдирилган эътирозларнинг қайсилари инобатга олинди, қайсилари рад этилди ва нима сабабдан?
Эндигина ойликлари ошганидан хурсанд бўлган одамлар қимматлашаётган тарифларга апил-тапил ўтиши ва бунинг устига аниқ ҳисоботлар ҳам берилмаслиги, бу энг аввало халқнинг тизимга нисбатан ишончини емиради.
Теглар


