Жанубий Корея собиқ биринчи хоними қамоққа ҳукм қилинди
Суд қарорига кўра, Ким Kён Ҳи диний тузилмадан пора сифатида олинган совғалар учун озодликдан маҳрум этилди.

Жанубий Корея суди мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Йолнинг рафиқаси Ким Кён Ҳини порахўрликда айбдор деб топиб, 1 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Суд қарорга кўра, у диний ташкилот билан алоқалар орқали таъсир ўтказиш эвазига қимматбаҳо совғалар олган.
Биринчи хонимга қўйилган айблов
Тергов ва суд материалларида қайд этилишича, Ким Кён Ҳи черков вакилларидан икки дона «Chanel» сумкаси ҳамда олмос маржонни ҳомийлик ва таъсир кўрсатиш мақсадида қабул қилган. Суд бу ҳаракатларни пора олиш сифатида баҳолаган ва шу бўйича уни айбдор деб топган.
Тасдиғини топмаган айбловлар
Шу билан бирга, у акциялар билан боғлиқ фирибгарлик ҳамда «Сиёсий маблағлар тўғрисида»ги қонунни бузиш айбловлари юзасидан оқланган. Хусусан, Ким Кён Ҳи «BMW»нинг Жанубий Кореядаги расмий дилери бўлган Deutsch Motors компанияси акциялари нархини сунъий ошириш схемасида иштирок этгани гумон қилинган эди.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур схема орқали у тахминан 800 миллион вон, яъни 578 минг АҚШ долларига тенг даромад олган бўлиши мумкин. Аммо суд бу эпизод бўйича айбловларни етарли далиллар билан исботланмаган деб топди.
Айбловлар унинг турмуш ўртоғи президент бўлишидан аввалги даврга тўғри келиши айтилган бўлса-да, бу ҳолатлар Юн Сок Йолнинг бутун президентлик даври давомида жамоатчиликда катта шубҳаларга сабаб бўлган. Шунингдек, Ким Кён Ҳи 2022 йилдаги қўшимча парламент сайловлари билан боғлиқ молиявий қонунбузарликлар бўйича ҳам текширилган.
Ким Кён Ҳи 2025 йил август ойида ҳибсга олинган. У ва Юн Сок Йол Жанубий Корея тарихида бир вақтнинг ўзида қамоқда бўлган илк президентлик жуфтлиги сифатида қайд этилган.
Собиқ президентга ўқилган ҳукм
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 16 январ куни Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Йол беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Суд материалларига кўра, Юн Сок Йол 2024 йил декабр ойида мамлакатда қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали ваколатларини суиистеъмол қилган.
Айнан шу иш доирасида собиқ бош вазир Ҳан Док Сун 23 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.





