Жиззахда ҳам тўйларни ортиқча харажатларсиз ўтказиш кераклиги айтилди
Тўй ва оилавий маросимларни миллий қадриятларга мос, ихчам ва мазмунли ташкил этиш, оилаларни ортиқча харажатлар ва қарздорликдан асраш зарурлиги таъкидланди.

Жиззах вилоятида тўй-маросимларни ихчам ва ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси хабар берди.
Учрашувда ёшларни гиёҳвандлик каби зарарли иллатлардан асраш ҳамда маҳаллаларда соғлом ва хавфсиз муҳитни шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тўй ва оилавий маросимларни миллий қадриятларга мос, ихчам ва мазмунли ташкил этиш, оилаларни ортиқча харажатлар ва қарздорликдан асраш зарурлиги таъкидланди. Тўйнинг қадри унинг дабдабаси ёки сарфланган маблағ билан эмас, балки эзгу ният, самимият ва яқинлар ҳамжиҳатлиги билан белгиланиши урғуланди.
«Ортиқча ҳашаматга интилиш, ўзгалардан қолишмаслик кайфияти ва ижтимоий босим эса айрим оилаларни молиявий қийинчиликларга дучор қилиши мумкин. Бу борада “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ва жамоатчилик вакилларининг аҳоли билан манзилли ишлаши, оилалар ўртасида тежамкорлик маданиятини кенг тарғиб қилиши муҳим аҳамиятга эга», — таъкидлайди уюшма.

Жиззах шаҳридаги «Жиззахлик» ва «Маданият» маҳаллаларида аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш ҳамда хавфсиз муҳитни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, «Жиззахлик» маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш йўналишидаги ишларга эътибор қаратилди.
«Маданият» маҳалласида эса гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни зарарли одатлардан асраш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактик ишлар билан танишилди. Мутахассислар гиёҳвандликка қарши курашишда фақат унинг оқибатларини бартараф этиш эмас, балки келиб чиқиш сабабларининг олдини олиш ҳам муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, таълим ва касб-ҳунарга жалб қилиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда ота-оналар масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Тўй-маросимларда исрофгарчиликнинг олдини олиш, ёшларни гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлашда давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда тўйларни ортиқча харажатларсиз ўтказиш лозимлиги айтилганди.





