Жон бошига 6,5 минг доллар: Ўзбекистон 2030-йилгача 300 млрд долларлик иқтисодиётга айлана оладими?
2030-йилгача иқтисодиётни 300 млрд долларга етказиш мақсади қўйилди. Vaqt.uz халқаро прогнозлар, иқтисодчилар фикри ва Марказий Осиё давлатларининг кўрсаткичларини таҳлил қилиб, бу марранинг қанчалик реал эканини ўрганди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон иқтисодиётини 2030-йилга бориб 300 млрд долларга етказиш мақсади қўйилди. Президент 28-август куни мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тадбирда буни маълум қилди.
«Уч йил олдин 2030-йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 млрд долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Аслида Ўзбекистон иқтисодиёти учун 2030-йилгача белгиланган марралар сўнгги йилларда бир неча бор ўзгарди. Дастлаб «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2030-йилгача ЯИМни 160 млрд долларга етказиш мақсади белгиланган эди. Кейинчалик бу кўрсаткич 240 млрд долларга оширилди.
2026-йил 17-июнда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестициялар форумида эса шу йил якунида ЯИМни 180 млрд доллардан ошириш мумкинлиги айтилди. Президент ўша тадбирда тўрт йил аввалги режа билан бугунги кутилаётган натижани солиштирди.
«Тўрт йил аввал бўлиб ўтган илк форумда 2026-йил якунига бориб, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотини 100 млрд долларга етказишни мақсад қилган эдик. Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда», — деган эди давлат раҳбари.
240 млрд долларлик мақсад кейинчалик ҳам сақланиб қолди. Президент 2026-йил июл ойида ушбу маррага эришиш учун иқтисодиёт ҳар йили камида 8–9 фоиз ўсиши кераклигини айтди. Энди эса 2030-йил учун мақсад яна оширилиб, 300 млрд доллар этиб белгиланмоқда.
ЯИМ — ялпи ички маҳсулот. У мамлакатда маълум вақт давомида ишлаб чиқарилган барча маҳсулот ва хизматларнинг умумий қийматини билдиради. Содда қилиб айтганда, бу мамлакат иқтисодиётининг умумий ҳажмини кўрсатадиган асосий рақам.
Бироқ иқтисодиётнинг умумий ҳажми аҳолининг иқтисодий ҳолатини тўлиқ кўрсатмайди, чунки мамлакат аҳолиси сони ҳам ўзгариб боради. Шу сабабли ЯИМни аҳоли сонига бўлиб, жон бошига ЯИМ кўрсаткичи ҳисобланади. Бу рақам мамлакат иқтисодиётида бир кишига ўртача қанча қиймат тўғри келишини кўрсатади.
Ҳукумат келгуси 10 йилда 450 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва аҳоли жон бошига ЯИМни 10 минг доллардан оширишни ҳам режалаштирмоқда.
Масала фақат Ўзбекистон иқтисодиётини 300 млрд долларга етказишда эмас. Муҳими, бу ўсиш жон бошига қанча тўғри келади ва оддий халқнинг ҳаёти енгиллашадими? Vaqt.uz бу борада халқаро ташкилотларнинг прогнозлари, иқтисодчиларнинг фикрлари ва қўшниларнинг марраларини ўрганди.
Жон бошига ЯИМ қанчадан тушади?
300 млрд долларлик иқтисодиёт рақами катта кўринади, лекин бу кўрсаткични аҳоли сонига нисбатан ҳисобласак, вазият янада тушунарли бўлади.
Жон бошига ЯИМ мамлакат иқтисодиётининг умумий ҳажмини аҳоли сонига бўлиш орқали аниқланади. Масалан, иқтисодиёт 300 млрд доллар бўлса, бу сумма мамлакатдаги барча одамларнинг ўртача даромади 300 млрд доллар бўлади, дегани эмас. Гап мамлакатда яратилган маҳсулот ва хизматларнинг умумий қиймати ҳақида кетмоқда.
Шу сабабли жон бошига ЯИМни оддий қилиб «ҳар бир одамга тўғри келадиган иқтисодий қиймат» деб тушуниш мумкин. Бу кўрсаткич аҳолининг қўлига тушадиган маош ёки соф даромад билан бир хил эмас.
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон учун бу кўрсаткич бўйича ҳам ўсишни кутмоқда. ХВЖнинг апрел ойидаги прогнозига кўра, 2026-йилда Ўзбекистонда жон бошига ЯИМ 4 минг 660 доллар бўлиши мумкин.
Агар прогноз амалга ошса, Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича Эрон, Вануату, Жибути ва Филиппинни ортда қолдириб, дунёда 131-ўринга чиқиши мумкин.
Бу ерда Эрон билан боғлиқ алоҳида ҳолат ҳам бор. Ўзбекистоннинг Эронни ортда қолдириши нафақат мамлакатдаги ўсиш, балки Эрон иқтисодиётига уруш етказган зарар билан ҳам боғлиқ. Аввалги прогнозларда Ўзбекистон Эронни фақат 2030-йилда қувиб ўтиши кутилган эди.
Бироқ 2031-йилга бориб фарқ янада катталашиши мумкин. ХВЖнинг ўрта муддатли прогнозларига кўра, Ўзбекистонда жон бошига ЯИМ 7 минг 57 долларга етиши мумкин. Шу пайтда мамлакатнинг умумий иқтисодий ҳажми ҳам 300 млрд доллардан ошиб, 301 млрд долларга етиши кутилмоқда.

Манба: IMF
Иқтисодчи Отабек Бакиров айнан шу прогнозларга эътибор қаратган. Унинг ёзишича, агар ХВЖ ҳисоб-китоблари амалга ошса, Ўзбекистон 2031-йилгача жон бошига ЯИМ бўйича яна 10 та давлатни ортда қолдириши ва 121-ўринга чиқиши мумкин.
Бу рўйхатда тез иқтисодий ўсиши билан ажралиб турган Вьетнам ҳам бор. Бакировнинг ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон Вьетнамни жон бошига ЯИМ бўйича 2029-йилда ортда қолдириши мумкин. Шунингдек, Ливия, Ироқ, Иордания ва Тунис ҳам кейинги йилларда Ўзбекистондан ортда қолиши мумкин бўлган давлатлар қаторида.
Демак, ХВЖ прогнозлари бўйича атиги беш йил ичида жон бошига ЯИМ 4 660 доллардан 7 057 долларгача ошиши мумкин. Бу қарийб 1,5 баравар ўсиш дегани.
Аммо бу рақамни «2031-йилда ҳар бир ўзбекистонликнинг даромади
7 минг доллар бўлади» деб тушуниш нотўғри. Жон бошига ЯИМ — иқтисодиётда яратилган умумий қийматнинг аҳоли сонига нисбати. Одамларнинг ҳақиқий даромади эса иш ҳақи, тадбиркорлик даромади, инфляция, солиқлар ва бошқа омилларга ҳам боғлиқ.
Шунинг учун 300 млрд долларлик иқтисодиёт ва 7 минг доллардан ошадиган жон бошига ЯИМ муҳим иқтисодий марралар бўлса-да, энг муҳим масала бу ўсишнинг одамларнинг реал даромади ва турмуш даражасида қанчалик сезилиши бўлади.
300 млрд долларлик марра имконлими? — иқтисодчилар фикри
Ўзбекистон олдига қўйилган 300 млрд долларлик ЯИМ марраси катта, аммо иқтисодчилар уни имконсиз деб ҳисобламаяпти. Бироқ бунга эришиш бир нечта муҳим омилларга боғлиқ.
«Сўм қадрсизланиши ва пандемия каби инқироз юз бермаса…»
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги йиллардаги юқори ўсиш суръатлари сақланса, 2030-йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 300 млрд доллардан ошиши мумкин. Бунда иқтисодий ўсиш билан бирга валюта курсининг қандай шаклланиши ҳам муҳим.
«Агар келаси йилларда сўмнинг қадрсизланиши юқори шаклланмаса (ҳар ҳолда сўнгги икки йилда мустаҳкамланмоқда) ҳамда пандемия каби йирик инқироз юз бермаса, 300 млрд долларлик кўрсаткичга иқтисодиётимизнинг етиш эҳтимоли юқори», — деб ёзган иқтисодчи «Mirkonomika» Telegram каналида.
Холбоевнинг фикрича, энг оптимистик ҳолатда, яъни 2024–2026-йиллардаги қарийб 20 фоизлик ўсиш келгуси йилларда ҳам давом этса, 2030-йилда ЯИМ 389 млрд долларга етиши мумкин. Пандемиядан кейинги даврдаги 16 фоизлик ўсиш сақланса, бу кўрсаткич 309 млрд долларни ташкил этади.
Аммо 2017–2025-йиллардаги ўртача 9,8 фоизлик ўсиш такрорланса, иқтисодиёт 2030-йилда 234 млрд доллар атрофида қолиши мумкин. Демак, 300 млрд долларлик маррага чиқиш учун юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш билан бирга, сўмнинг кескин қадрсизланишига йўл қўймаслик ҳам муҳим.
Агар иқтисодиёт 300 млрд долларга етса, Ўзбекистон 2025-йилда ЯИМ ҳажми бўйича ўзидан юқорида турган Қатар, Украина, Марокаш, Словакия ва Қувайтни ортда қолдириши мумкин.
«Доллар инфляцияси ва яширин иқтисодиётни расмийлаштириш юз берса…»
Иқтисодчи Баҳромбек Умарбеков ҳам Ўзбекистоннинг 2030-йилга бориб 300 млрд долларлик ЯИМга чиқиш имкониятини юқори баҳолайди. У «Фикр вақти» дастурида бунинг учун иккита муҳим шарт бажарилиши кераклигини айтди.
«Агар иккита ҳодиса юз берса, ишонаман. Иккита ҳодиса юз бериши керак», — деди Умарбеков.
Унинг айтишича, биринчи омил — доллар инфляцияси. Иқтисодчи АҚШнинг катта қарзи ва уни тўлаш жараёнида доллар қийматининг пасайиши фонида инфляция юзага келишини таъкидлайди. Унинг фикрича, доллар инфляцияси келгуси йилларда 3–4 фоиз атрофида шаклланиши керак.
Иккинчи омил эса бевосита Ўзбекистонга боғлиқ — яширин ва норасмий иқтисодиётни расмийлаштириш. Бунинг учун тадбиркорликка бериладиган стимулларни тўғри белгилаш ва солиқ маъмурчилигидаги муаммоларни бартараф этиш муҳим.
«Агар бу тўғрида ишлар тўғри амалга оширилса, стимуллар тўғри қўйилса, солиқдаги, солиқнинг маъмуриятчилигидаги муаммолар бартараф тўғри қилинса, шунда 2030-йилга келиб 300 миллиардга чиқишимиз эҳтимоли йўқ эмас», — деди иқтисодчи.
«2030-йилдан кейинги ўсиш учун институтларни яхшилаш зарур»
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса масалага узоқроқ муддат нуқтаи назаридан қараб фикр билдирмоқда. Унинг фикрича, Ўзбекистон 300 млрд долларлик иқтисодиётга айланиши мумкин, бироқ бундан кейинги босқич муҳимроқ. Чунки иқтисодиётнинг маълум даражагача тез ўсиши мамлакатни автоматик равишда юқори даромадли давлатга айлантирмайди.
Бакиров Ўзбекистон ортда қолдираётган айрим давлатлар узоқ йиллардан бери «ўрта даромадлар тузоғи»да қолиб кетганига эътибор қаратади. Шу сабабли 2030-йилдан кейинги ўсиш учун иқтисодий институтларни яхшилаш зарур, деб ҳисоблайди.
«Прогнозлар амалга ошса, Ўзбекистон 2031-йилгача жон бошига ЯИМ кўрсаткичи борасида яна 10 та давлатни ортда қолдириши керак. Улар орасида мўжизавий иқтисодий ўсиш кўрсатаётган Вьетнам, шунингдек, Ливия, Ироқ, Иордания ва Тунис каби араб давлатлари ҳам бор.
Эътиборлиси, Ўзбекистон қувиб ўтган ва яқин йилларда қувиб ўтадиган давлатлар анча йиллардан бери ўрта даромадлар тузоғига тушиб қолган иқтисодиётлар ҳисобланади. Бу 2030-йилдан кейинги ўсиш учун институтларни яхшилаш зарурлигига яна бир ишора», — деб ёзади Бакиров.
Жаҳон иқтисодиёти 2030-йилга бориб 150 трлн доллардан ошади
Ўзбекистоннинг 300 млрд долларлик маррасини жаҳон иқтисодиёти кутилаётган ўсиш фонида баҳолаш ҳам муҳим. ХВЖ прогнозларига кўра, 2030-йилга бориб жаҳон иқтисодиёти 150 трлн доллардан ошиши мумкин. Ўсишнинг асосий қисми Осиё мамлакатлари ва бошқа ривожланаётган бозорларга тўғри келади.
2030-йилда жаҳон иқтисодиётининг энг йирик учлиги АҚШ, Хитой ва Германия бўлиб қолиши кутилмоқда. ХВЖ прогнозига кўра, уларда номинал ЯИМ мос равишда 37,7 трлн доллар, 26 трлн доллар ва 6,2 трлн долларни ташкил этади.
Хусусан, 2030-йилда Германияда ЯИМ 6,178 трлн доллар, Ҳиндистонники эса 6,173 трлн доллар бўлиши прогноз қилинмоқда. Икки давлат ўртасидаги фарқ атиги 5 млрд доллар. Агар Ҳиндистоннинг юқори ўсиш суръатлари сақланса, у яқин йилларда Германияни ортда қолдириши мумкин.
Осиё ҳам жаҳон иқтисодий ўсишининг асосий марказларидан бири бўлиб қолади. Прогнозларга кўра, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларининг жами иқтисодий ҳажми 2030-йилга бориб 55,7 трлн долларни ташкил этиши мумкин. Хитой ва Ҳиндистондан кейин минтақанинг энг йирик иқтисодиётлари Япония (5 трлн доллар), Жанубий Корея (2,3 трлн доллар) ва Индонезия (2,1 трлн доллар) бўлиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда жон бошига ЯИМ қандай бўлади?
Ўзбекистоннинг 300 млрд долларлик иқтисодиётга чиқиш мақсадини Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар фонида кўриш ҳам муҳим. Чунки иқтисодиёт ҳажми билан жон бошига ЯИМ бир хил кўрсаткич эмас.
ХВЖ прогнозларига кўра, 2030-йилга бориб жон бошига ЯИМ Қозоғистонда 21,87 минг доллар, Туркманистонда 15,25 минг доллар, Ўзбекистонда 6,53 минг доллар бўлиши мумкин. Қирғизистонда бу кўрсаткич 3,85 минг доллар, Тожикистонда эса 2,29 минг доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Умумий ЯИМ ҳажми бўйича ҳам Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги фарқ сезиларли. ХВЖнинг аввалги прогнозларига кўра, Қозоғистон иқтисодиёти 2026-йилдаги 360 млрд доллардан 2030-йилда 468 млрд долларгача ўсиши мумкин. Қирғизистонда ЯИМ 24 млрд доллардан 31 млрд долларгача, Тожикистонда эса 20 млрд доллардан 26 млрд долларгача ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистон бўйича аввалги прогнозда ЯИМ 2026-йилда 180 млрд доллардан ошиб, 2030-йилга бориб 273 млрд доллардан юқори бўлиши кутилган эди. Энди эса 2030-йил учун 300 млрд долларлик янги мақсад қўйилди.
Хўш, 2030-йилга бориб бу рақамлар амалга ошса, оддий одам буни қаерда сезади? Фақат статистикада эмас, кундалик ҳаётида сезиши керак. Иқтисодиёт ўсиб, одамларнинг даромади ошса, иш топиш осонлашса, фарзандини боғчага жойлаштириш ёки яхши мактаб топиш учун йиллар кутишга тўғри келмаса, ана шунда 300 млрд долларлик ЯИМнинг маъноси билинади.
Акс ҳолда, ЯИМнинг миллиардлаб долларга ўсиши қоғоздаги йирик рақам бўлиб қолиши мумкин, чунки иқтисодиёт ҳажми катталашгани билан одамларнинг қўлига тушадиган пул автоматик равишда шунчага кўпаймайди. Шу боис 2030-йилга бориб Ўзбекистон учун энг муҳим натижа фақат 300 млрд доллар эмас, бу марра оддий ватандошларнинг ҳаётини қанчалик ўзгартиргани бўлади.
Теглар






