Журналистлар уюшмасига янги раҳбар тайинланди

06.03.2026 | 11:422 дақиқа

Шуҳрат Ориф уюшма раиси вазифасини бажарувчи бўлди. Олдинги раҳбар эса унинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Журналистлар уюшмасига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бошқарувининг бугун, 6-мартдаги йиғилишида қабул қилинган қарор билан Шуҳратжон Орип ўғли Орипов (Шуҳрат Ориф) уюшма раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Шуҳрат Орипов меҳнат фаолиятини 1999-йилда журналист сифатида бошлаган. У бир қанча газеталарда фаолият юритган. Кейинчалик давлат ва жамоат ташкилотларида (Республика Маънавият ва маърифат марказида), шунингдек, сиёсий партия (УзЛиДеп) тизимида ахборот сиёсати ва матбуот хизмати йўналишларида фаолият олиб борган. У тайинловга қадар Бизнесни ривожлантириш банки матбуот хизмати бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Олдинги раис қаерга ишга ўтди?

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Холмурод Салимов Уюшма раиси биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди. У 2021-2023-йилларда уюшма раиси бўлиб ишлаган Олим Ўсаров Президент Администрациясига ишга ўтгандан буён раис вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган эди.

У бундан олдин ҳам – 2020-йилнинг октябр ойидан 2021-йилнинг июн ойигача – уюшмада раҳбар вазифасини бажарган.

Уюшмани шу пайтгача кимлар бошқарган?

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси 1957-йил август ойида иш бошлаган. Уюшмага дастлаб 1957-1962-йилларда таниқли адиб Иброҳим Раҳим, 1962-1987-йилларда Зиёд Есенбаев, 1987-1988-йилларда Собир Қурбонов, 1988-1991-йилларда Аҳмаджон Мухторов, 1991-1996-йилларда Лутфулла Кабиров раислик қилган.

1996-йил Уюшма негизида Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ташкил этилган. Унга 1997-2004-йиллари Хуршид Дўстмуҳаммад (Аҳмаджон Мелибоев ва Аҳмад Аъзам жамоатчилик асосида) ҳамраис сифатида фаолият юритган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси 2004-йил 26-март куни Тошкентда ўтказилган таъсис конференциясида қайта тузилган. Уюшмага 2004-2014-йиллари таниқли журналистлар Шерзод Ғуломов, сўнгра Иброҳим Ҳалимбеков раҳбарлик қилган. 2016-йилнинг март ойидан декабргача Ўктам Мирзаёров уюшма раиси вазифасини вақтинча бажариб келган бўлса, 2016-йилдан 2020-йилнинг октябр ойигача Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Саъдулла Ҳакимов Уюшма раҳбари сифатида самарали меҳнат қилган.

Теглар

Мавзуга оид