«Кўмак» доирасида ажратиладиган фоизсиз ссуда миқдори оширилади —Президент

«Кўмак» дастури орқали чекка ҳудудларда ўқув марказлари очиш учун 300 млн сўмгача фоизсиз ссуда ва солиқ имтиёзлари жорий этилди.

«Кўмак» доирасида ажратиладиган фоизсиз ссуда миқдори оширилади —Президент

«Кўмак» дастури доирасида 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилиши натижасида сўнгги олти ойда олис ва чекка ҳудудларда 120 дан ортиқ хорижий тил ўқув маркази фаолият бошлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти давомида маълум қилинди.

Қайси соҳалар учун ажратилади?

Дастур доирасида ўз фаолиятини самарали йўлга қўйган ёшлар учун янада кенг имкониятлар очилмоқда. Энди улар фаолиятини кенгайтириш мақсадида 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда олиш имконига эга бўлади. Бу маблағлар асосида таълим марказлари қошида ахборот технологиялари ва замонавий касблар марказлари, кутубхона ҳамда спорт тўгаракларини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Солиқ юки

Шу билан бирга, солиқ юки ҳам енгиллаштирилмоқда. Олис ҳудудлардаги ўқув марказлари учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди. Ушбу марказларда фаолият юритувчи ўқитувчилар даромад солиғини 7,5 фоиз миқдорида тўлайди. Ҳозирги вақтда эса ижтимоий ва даромад солиғи 12 фоиздан ундирилмоқда.

Ёшлар ишлари агентлигига хусусий ўқув марказлари билан ҳамкорликда ҳар йили 20 минг нафар ёшни келажак касбларига ўқитиш дастурини ишга тушириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, ҳар бир туманга 500 миллион сўмгача ссуда ажратиш орқали техникум ва ўқув марказларида замонавий касб-ҳунар лабораторияларини ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур чора-тадбирлар чекка ҳудудларда таълим сифатини ошириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва янги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид