
Конгода мис конидаги фожиа оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Мамлакатнинг Луалаба провинциясидаги Каландо кон ҳудудида содир бўлган ҳалокатда ўнлаб кончилар ҳалок бўлди. Воқеада ҳарбийларнинг ўқ узиши бўйича тергов талаб қилинмоқда.

16 ноябр куни Конго Демократик Республикасининг жанубий-шарқида жойлашган Каландо мис конида йирик фожиа содир бўлди. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги хабар қилди.
Хабарга кўра, ярим саноат конидаги кўприк қулаши оқибатида аввал бошда 30 га яқин шахснинг ҳалок бўлгани айтилган бўлса, кейинчалик кончилик агентлиги ҳалок бўлганлар сони 49 нафарга етганини маълум қилди. Яраланган 20 киши шифохонага ётқизилган.
Конгодаги ҳунармандчилик ва кичик кончиликни қўллаб-қувватлаш агентлигининг билдиришича, воқеа жойида навбатчилик қилган ҳарбий хизматчиларнинг ўқ узиши одамлар орасида қўрқув келтириб чиқарган. Бу пайтда кончилар бир-бирини босиб кетган ва бу кўплаб жароҳатлар ҳамда ўлимларга олиб келган.
Мазкур ҳолат бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббуси ҳам мустақил тергов ўтказишни талаб қилди. Улар ҳарбийларнинг ҳаракатлари ҳалокат миқёси ошишига таъсир қилган ёки қилмаганини аниқлаш зарурлигини таъкидлади.
Ички ишлар вазири Рой Каумба телевидениеда қилган чиқишида 32 нафар кончи ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.
Юқори хавфли ва етарли жиҳозланмаган шароитда ишлаётган кончилар чуқур қазиш ишлари пайтида йил сайин ўнлаб ҳалокатларга дуч келади. Ушбу фожиа ҳам ана шу тизимли муаммоларнинг навбатдаги талқини сифатида баҳоланмоқда.





