
«Кредитга тақиқ» хизматидан асосан эркаклар фойдаланишмоқда
Фуқароларига ўз номидан рухсатсиз кредит расмийлаштирилишининг олдини олишга қаратилган «кредитга тақиқ» хизматидан 4 ой ичида 150 мингга яқин киши фойдаланган.

Ўзбекистонда «Кредитга тақиқ» хизмати жорий этилганидан сўнг 4 ой ичида ундан фойдаланган ўзбекистонликлар сони 150 минг нафарга яқинлашди. Бу ҳақда ахборот тизими операторлари маълум қилди.
Кредит ахборот тахлилий маркази (КАТМ) — кредит броси маълумотларга кўра, хизматни фаоллаштирганларнинг 68 фоизи эркаклардир. Ёш кесими бўйича энг фаол фойдаланувчилар 26–35 ёшдаги инсонлар ҳисобланади. Улар ўз номидан рухсатсиз кредит битимлари тузилиб кетмаслиги учун ушбу имкониятдан кенг фойдаланмоқда.
«Кредитга тақиқ» хизмати фуқароларга уларнинг иштирокисиз кредит расмийлаштирилишининг олдини олиш имконини беради. Бу орқали шахсий маълумотлар ва молиявий хавфсизлик даражаси сезиларли ошади.
Хизматни ёқиш ёки ўчиришнинг тўрт усули мавжуд:
— «КАТМ» мобил иловаси орқали;
— portal.infokredit.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали;
— my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
— давлат хизматлари марказлари орқали.
Маъмурий маълумотларга кўра, «кредитга тақиқ» хизмати мутлақо бепул ҳисобланади. Молиявий муассасалар бу тизим орқали фуқаролар номидан кредит расмийлаштиришдан олдин автоматик текширувни амалга оширади.
Экспертлар таъкидлашича, бу хизмат молиявий фирибгарликлар ва шахсий маълумотлар суиистеъмолининг олдини олишда муҳим қадам бўлиб, мамлакатда рақамли молиявий хавфсизликни кучайтиришга хизмат қилади.





