
Криптовалюталар Трамп оиласи бойлигини 6,8 млрд долларга етказди
«Bloomberg» нашри ҳисоб-китобларига кўра, криптобизнес бир йилда АҚШ президенти оиласига 1,4 млрд доллар даромад келтирган.

Сўнгги бир йил ичида АҚШ президенти Доналд Трамп оиласи криптовалюталар орқали тахминан 1,4 млрд доллар даромад олди. Натижада, оиланинг умумий бойлиги 6,8 млрд долларга етган, деб хабар бермоқда «Bloomberg» нашри.
Нашр маълумотларига кўра, криптолойиҳалар Трамплар бизнесида қурол ишлаб чиқариш, нодир металлар, сунъий интеллект ва прогноз платформалари каби йўналишлар қаторида асосий даромад манбаига айланган.
Журналистларнинг таъкидлашича, айнан криптовалюталар бойлик ўсишининг энг кучли драйвери бўлган. Оила токенлар, шунингдек, оммавий ва хусусий компаниялардаги улушлар орқали даромад олиб келмоқда.
Трамп оиласининг лойиҳалари
Даромад келтираётган асосий учта криптопроект қуйидагилар: «World Liberty Financial» — Трамп ва унинг ўғиллари томонидан ташкил этилган криптоплатформа бўлиб, токенлар сотувидан 390 млн доллар атрофида маблағ тушган. Август ойида эса «Alt5 Sigma» билан тузилган битим орқали қўшимча 500 млн доллардан ортиқ даромад олинган.
Иккинчи лойиҳа — инаугурация куни ишга туширилган мемкоин OFFICIAL TRUMP. Оилага тегишли улуш ва боғлиқ тушумлар қиймати 280 млн доллар деб баҳоланган. Учинчи йўналиш — «American Bitcoin» майнинг бизнеси бўлиб, у «Hut» 8 билан ҳамкорликда ташкил этилган. Эрик Трампга тегишли улуш акциялар энг юқори нуқтадан 82 фоизга пасайганига қарамасдан, 114 млн долларга баҳоланади,.
Оила даромадлари
Шу билан бирга, криптодан келган ўсиш «Trump Media & Technology Group» акциялари қийматининг сўнгги 12 ойда 66 фоизга пасайиши билан қисман нейтраллашган. Компания молия, крипто ва ҳатто термоядро энергетикасига чиқиш орқали бизнесни диверсификация қилишга уринмоқда.
«Bloomberg» ҳисоботида айтилишича, оила қиймати 3,8 млрд доллар атрофида баҳоланадиган ўз токенларига ҳам эга, аммо улар ҳозирча блоклангани сабабли ҳисоб-китобга киритилмаган. Шунингдек, USD1 стейблкоинидан келаётган бизнес қиймати 300 млн доллардан ортиқ бўлиши мумкин.
Криптовалюталардан ташқари, даромад манбалари орасида кўчмас мулк ва «1789 Capital» венчур фонди бор. Фонд 2026 йил бошига келиб 2 млрд доллар сармоя жалб этган ва 800 млн доллардан ортиқ маблағни стартапларга йўналтирган.





