
Лувр музейидаги талончилик ортида Россиянинг қўли борлиги бўйича шубҳалар кучайди
Ўғрилар 15 минг еврога топшириқ олганини айтди, француз махсус хизматлари эса ҳодисада ташқи кучлар аралашуви эҳтимолини ўрганишни бошлади.

Франциядаги дунёга машҳур Лувр музейида содир этилган талончилик жинояти бўйича суриштирув чуқурлашар экан, қўлга олинган гумондорларнинг баёнотлари можарони янада кескинлаштирди. Француз ОАВига кўра, тўрт нафардaн иборат гуруҳнинг охирги аъзоси ҳам ушланган. Гумондорлардан бири полицияга берган дастлабки кўрсатмасига кўра, у талончилик топшириғини «славян акцентли икки шахс»дан 15 минг еврога олганини айтган. Бу эса Франция махсус хизмати томонидан аввалдан тилга олинаётган эҳтимолий Россия изи ҳақидаги шубҳаларни янада кучайтирди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари Парижнинг Сен-Дени туманида яшаган ва олдинги жиноий фаолияти катта бўлмаган шахслар бўлган. Шунинг учун мутахассислар бу қадар мураккаб ва профессионал режалаштирилган талончилик бундай паст профилли гумондорлар томонидан мустақил амалга оширилиши қийинлигини таъкидлашмоқда. Талончиликда жами 9 та қимматбаҳо тарихий ашё ўғирланган, улардан 8 таси ҳали ҳам топилмаган.
Гумондорларнинг таъкидлашича, уларга кўрсатма берган шахслар ҳам худди шу славянча акцентда гапирган. Француз махсус хизматининг дастлабки ҳисоботида ҳодисанинг Францияни «ичкаридан беқарорлаштириш»ни мақсад қилган ташқи мудохалага боғлиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Айрим маълумотлар Россия томонидан амалга оширилган бўлиши эҳтимолини ҳам тилга олган.
19 октябрда Лувр музейидаги Қироллик зеб-зийнатлари жойлашган Аполлон галереяси қисмига 7 дақиқалик ҳужум амалга оширилган. Ўғрилар қимматбаҳо 9 экспонатни олиб қочган, Император аёл Евгенияга тегишли тож эса ташқи ҳовлининг бир қисмида шикастланган ҳолда топилган. Қимматбаҳо 8 ашё ҳамон қидирилмоқда.
Ҳисоботларгакўра, музейда хавфсизлик тизимини янгилаш бўйича талаб қилинган техник жиҳозлар ўрнатилишида «доимий» ва «катта» кечикишлар кузатилган. Музей директори Лоренс Де Кар 22 октябрда Сенатнинг Маданият қўмитасига чиқиш қилиб, талончилик бўйича ўз масъулиятини тан олган ва маданият вазири Рашида Датига истеъфосини таклиф қилган, аммо истеъфо рад этилган.
Ҳодисадан сўнг айрим ноёб музей ашёлари хавфсизлик мақсадида Франция банкига кўчирилган. 29 октябр ва 2 ноябрда талончиликка алоқадор 3 гумондор қўлга олинган, тўртинчиси эса яқинда ушлангани маълум қилинди.





